Асосий Қонунимиз тарихига бағишланган кўргазма
  • 18 Ноябрь 2017

Асосий Қонунимиз тарихига бағишланган кўргазма

Ўзбекистон тарихи давлат музейида Конституциямизнинг яратилиши тарихига бағишланган архив ҳужжатлари кўргазмаси давом этмоқда. 

У Олий Мажлис палаталари томонидан Конституциявий суд, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳамкорлигида ташкил қилинган.

Кўргазмада мамлакатимизнинг Асосий Қонуни тарихига оид ҳужжатларнинг асл нусхалари билан танишиш мумкин. Бу орқали Конституциямизнинг ҳаётимиздаги тутган ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, аҳоли, айниқса, ёшларимиз қалбида қонунларга ҳурмат, Ватанга меҳр ҳамда садоқат туйғуларини кучайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш каби эзгу мақсадлар кўзда тутилган.

Парламент аъзолари ҳамда Конституциявий суд вакиллари юртимиз демократик тараққиётининг пойдевори бўлган Асосий Қонунимизнинг аҳамияти, шиддат билан ривожланиб бораёт-

ган ҳаётимизга ҳамоҳанг равишда унга киритилаётган ўзгартишларнинг моҳияти ҳақида атрофлича сўз юритдилар. Конституциямиз қабул қилиниши тарихига бағишланган ҳужжатли фильм эса иштирокчиларда алоҳида таассурот қолдирди.

Музей залларидаги экспозициялар орасидан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси лойиҳасини тайёрлаш жараёнига оид тарихий ҳужжатлар, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг мазкур ҳужжат лойиҳасига қўлёзма ҳолда киритган тузатишлари, вазирликлар, давлат қўмиталари, суд ҳамда прокуратура органлари, ёзувчилар, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, имом-хатиблар томонидан лойиҳа бўйича йўллаган таклиф ва мулоҳазалари, халқимизнинг лойиҳа муҳокамаси жараёнидаги иштирокига оид қимматли материаллар ўрин олган.

Шунингдек, кўргазмада Конституция лойиҳасини маъқуллаш ҳақидаги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар халқ депутатлари мактублари, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган кунни умумхалқ байрами деб эълон қилиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини амалга киритиш тартиби тўғрисида”ги қонунлар нусхалари, Асосий Қонунимизнинг ўзбек, рус ва инглиз ҳамда бошқа тиллардаги илк босма нусхалари намойишга қўйилган.

Мазкур кўргазма 15 декабргача давом этади.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn