Амалий санъат фестивали
  • 08 Ноябрь 2017

Амалий санъат фестивали

Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар зали, Камолиддин Беҳзод номидаги  Шарқ миниатюра санъати музейи, Ёшлар ижод саройида I Тошкент халқаро амалий санъат фестивали тадбирлари бўлиб ўтмоқда. 

Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан илк бор уюштирилган мазкур фестиваль нафақат мамлакатимиз, балки МДҲ давлатлари, шунингдек, Германия, Хитой, Буюк Британия, Эрон, Италия, Жанубий Корея каби ўндан зиёд мамлакатлардаги ҳунармандлар, тасвирий ва амалий санъат усталари, миниатюрачи рассомлар, санъатшуносларни бир жойга жамлади. Ушбу тадбир улар ўртасидаги ижодий алоқаларни янада мустаҳкамлайди, қолаверса, амалий санъат соҳасида жаҳонда кечаётган жараёнлар билан танишишларига имкон беради. 

— Юртингизга биринчи бор келишим, — дейди хитойлик санъатшунос Ма Сяо Лин. — Очиғи, намойиш этилаётган ҳар бир асар менда катта таассурот қолдирди. Мен ҳам фестивалга кумуш, темирдан ясаган буюмларимни олиб келганман. 

Таъкидлаш керакки, ҳафталик давомида пойтахтимиздаги санъат ва маданият кошоналари, жумладан, Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар зали, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси, Тошкент Фотосуратлар уйи, Халқаро маданият карвонсаройи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи, Ёшлар ижод саройи амалий санъат ихлосмандларига мезбонлик қилади. Зеро, унинг ҳар бир куни қизиқарли дастурларга бой. Мисол учун, амалий санъат усталари, миниатюрачи рассомлар ҳамда хорижлик мутахассисларнинг “Маҳорат сабоқлари”, “Art and part news Uzbekistan” журнали тақдимоти, либослар намойиши ўтказилиши ҳам белгиланган. Шунингдек, пойтахтимиздаги музейлар, тарихий обидалар ва замонавий иншоотларга -саёҳатлар уюштирилади.

Мавжуда ХОЛМАТОВА.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn