Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижодига эҳтиром
  • 05 Ноябрь 2017

Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижодига эҳтиром

 Жиззах шаҳрида дилбар шоир, иқтидорли драматург Ҳамид Олимжон ва унинг севимли ёри, шоира Зулфия хотирасига бағишлаб барпо қилинган ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ҳамда жамоат арбоблари, маданият ва санъат вакиллари, ёзувчи-шоирлар, Ҳамид Олимжон ҳамда Зулфия авлодлари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, адабиёт ихлосмандлари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М. Аҳмедов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С. Ҳакимов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида миллий адабиётимизни янада равнақ топтириш, халқимизнинг ардоқли ёзувчи ҳамда шоирлари ижодини кенг ўрганиш борасида олиб борилаётган эзгу ишлар маънавий-маърифий соҳалардаги ислоҳотларнинг муҳим қисми эканини таъкидладилар.

Ушбу амалий саъй-ҳаракатлар халқимизнинг улкан бунёдкорлик, яратувчанлик салоҳиятини бадиий асарларда яратишда муҳим омил бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 27 апрелида Жиззах вилоятига ташрифи чоғида адабиётимизнинг улкан намояндалари Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг адабий меросини кенг тарғиб қилиш, шеърларига жо бўлган эзгу тушунчалар моҳиятини ёш авлодга етказиш лозимлигини алоҳида қайд этди. Шу мақсадда шаҳарнинг бу ижодкорлар ҳаёти ҳамда фаолияти билан боғлиқ ҳудудида Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбони, хиёбон ичида Ҳамид Олимжон ҳамда Зулфия мактаби, мазкур масканларга туташ тарихий бинода уларнинг ижодига бағишланган музейни ташкил этиш таклифини илгари сурган эди. Бу борада ўтган вақт мобайнида кенг кўламли ишлар рўёбга чиқарилди.

— Бугун мамлакатимизда ўзининг ижодий, илмий фаолияти билан маданиятимиз ва санъатимиз ривожига катта ҳисса қўшган буюк сиймолар хотирасини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти, — дейди адабиётшунос олим, ёзувчи ва таржимон Иброҳим Ғофуров. — Бу ҳудуд бекорга танланмаган, шу ерда Ҳамид Олимжоннинг ёшлиги ўтган, Зулфияхоним келинлик даври мана шу ариқлардан сув ташиган. Ана шу боғ ҳудудида халқимизнинг икки оташнафас шоирининг кўплаб асарлари пайдо бўлган. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, улуғ ижодкорларнинг бу гўзал ёдгорлиги ўзининг чуқур ҳаётий фалсафаси ва теран бадиий мазмуни билан юртдошларимиз, айниқса, ёш авлодимиз учун севги ҳамда вафо, эзгулик ва эл-юртга фидойилик тимсолига айланади.

Ёдгорлик мажмуаси истеъдодли ҳайкалтарошлар Тўлаган Тожихўжаев ва Тўлаган Ёрқулов томонидан яратилган. Шу куни ёдгорлик пойи турфа гуллар билан тўлди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 июндаги “Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан 4 қаватли замонавий бино қуриб битказилди. Таълим масканида кенг ҳамда ёруғ синфхоналардан ташқари, 100 ўринли ётоқхона ва ошхона, фаоллар зали ҳамда бошқа хоналар бор. Жорий йил 1 октябрдан фаолиятини бошлаган мактаб-интернатнинг 5, 6, 7, 8-синфларига барча шаҳару туманлардан 120 нафар истеъдодли ўғил-қиз қабул қилинди.

Ёш шоирлар тақдирлари туташ устозлар ижодидан шеърлар ўқишди. Ўзбекистон санъат усталари ҳамда истеъдодли ёшлар оташқалб шоирлар шеърларига басталанган қўшиқларни куйлашди.

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э. Солиев иштирок этди.

Толибжон ЭРГАШЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ҳам ибрат, ҳам ҳавас Амалий санъат фестивали »