Қалб гавҳари
  • 31 Октябрь 2017

Қалб гавҳари

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг янги китоби “Онамнинг кулчалари” деб номланган бўлиб, унга кейинги йилларда ёзилган шеърлари киритилган. Жумладан, меҳр-муҳаббат, инсонийлик ва садоқат тараннум этилган сатрлар ўз нафосати билан ўқувчини ҳайратга солади.

Кексаларимиз дуога қўл очганларида, энг аввало, осойишталикни, хотиржамликни Яратгандан сўрайдилар. Зотан, тинчлик — улуғ неъмат. Уни қадрлаш эса ҳар бир инсоннинг бурчига айланмоғи лозим. Ватанпарварлик нафақат ўз юртингни бало-қазолардан асраш, балки унинг тараққиёти учун курашиш ҳам демакдир. Шу маънода, мазкур тўпламдан жой олган она-Ватан ҳақидаги шеърлар мутолааси кишига ғурур ва фахр бағишлайди, завқ улашади.

Бинобарин, онага муҳаббат, унинг тараннуми узвий Ватан таърифига бориб тақалади. Шу боис “Онамнинг кулчалари” ҳам асл маънода, ҳам мажозий маънода фарзандга аталган беадад яхшиликлар учун қалб гавҳаридан тизилган миннатдорлик изҳорларини ўзида мужассам этади.

“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилган китобда, шунингдек, “Хамса ҳайратлари” деб аталган туркум шеърлар ҳам борки, бу сўз мулкининг султони Алишер Навоий асарларига бўлган чексиз эҳтиром ифодасидир.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn