Жаҳон маданияти ва Бобур мероси
  • 31 Октябрь 2017

Жаҳон маданияти ва Бобур мероси

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 2-3 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида “Боғи Бобур” истироҳат боғи, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди фаолияти билан танишиб, бу ерни янада обод қилиш, Бобур ижодий меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш ишлари кўламини янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлаб, бу борада халқаро анжуман ўтказиш таклифини билдирган эди.

Шу асосда ташкил қилинган “Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларининг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрни” мавзуидаги халқаро анжуманда давлат ҳамда жамоат арбоблари, тарихчи олимлар, бобуршунослар, шоир-ёзувчилар, жамоатчилик вакиллари қатнашди. Унда Бобур ва бобурийлар ҳаёти, ижодий меросини ўрганиш, тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

— Ўтган давр мобайнида яратилган бой илмий-маданий мерос намуналарини Ватанимизга қайтариш ҳамда илмий истеъмолга киритиш ишлари амалга оширилди, — дейди Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов. — Хусусан, 40 дан зиёд мамлакатларга илмий сафарлар уюштирилди. Натижада янги манбалар топилиб, “Бобур ва жаҳон маданияти” музейига топширилди. Айниқса, жорий йилда бобуршунос олимлар томонидан “Бобур энциклопедияси”, “Захириддин Мухаммад Бабур. Бабуриды. Библиография” номли йирик китоблар чоп қилингани, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур хазиналари” рукнида “Мубайян ва насрий баёни”, “Рисолаи Волидиййа” назмий таржимаси ва шарҳи” асарлари яратилгани, “Бобур ва дунё” журнали нашр этила бошланганини алоҳида эътироф қилиш ўринлидир.

Анжуманда Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Япония, Бангладеш, Афғонистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон каби кўплаб давлатлардан ҳам бобуршунос олимлар иштирок этди.

— Ўзбекистонда жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар ҳаёти ҳамда ижодини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш борасидаги ишлар давлат сиёсати даражасига кўтарилгани диққатга сазовор, — дейди Бангладеш Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мосуд Маннон. — Хусусан, илм-фан ривожига салмоқли ҳисса қўшган шоир, олим ҳамда давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурга Ўзбекистон заминида кўрсатилаётган эҳтиром халқингиз ўз аждодларини нечоғли эъзозлашининг ёрқин намунасидир.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида яратган илмий асарлари ва Бобур ҳамда бобурийлар меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишдаги улкан хизматлари учун россиялик олима Анна Дибо, бобуршунослар Мирмаҳмуд Мирсайдуллаев, Шокирхон Рустамхўжаев, туркиялик бобуршунос олим Южел Билол Бобур халқаро мукофоти билан тақдирланди.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn