«Ўзбек киноси дурдоналари»
  • 25 Октябрь 2017

«Ўзбек киноси дурдоналари»

“Ўтган кунлар”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Сен етим эмассан”, “Шум бола” каби кўплаб бадиий фильмлар халқимиз қалбидан чуқур жой олган. Чунки ушбу кинолар ҳаётийлиги билан ажралиб туради, томошабинни асло бефарқ қолдирмайди.

“Ўзбеккино” Миллий агентлигининг Алишер Навоий номидаги кино саройида “Ўзбек киноси дурдоналари” зали ишга туширилгани мухлислар учун ҳақиқий туҳфа бўлди. Мазкур залнинг очилиши муносабати билан ташкил қилинган тадбирда таъкидланганидек, ёш авлод маънавиятини юксалтириш, уларни ҳар жиҳатдан баркамол инсонлар этиб вояга етказиш барчанинг, айниқса, санъат аҳлининг зиммасига улкан масъулият юклайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашуви чоғида ҳам ҳар томонлама етук бадиий фильмлар яратиш бугунги кунда долзарб аҳамият касб этаётганини, шу билан бирга, бундан қирқ-эллик йил аввал устоз киноижодкорлар томонидан ишланган фильмлар ҳамон экранлардан тушмай келаётганини таъкидлаган эди.

“Ўзбек киноси дурдоналари” залини ташкил қилишдан кўзланган асосий мақсад ҳам ёшлар орасида халқимиз қалбидан жой олган дурдона кинокартиналарни кенг тарғиб этиш, ихлосмандларнинг афсонавий ўзбек киносининг энг бебаҳо намуналаридан яна баҳраманд бўлиши учун имкон яратиш, ёш киночиларнинг маҳоратини оширишдан иборатдир. Кинозал репертуари учун фильмлар алоҳида саралаб олиниб, улар ҳар ойда янгилаб, бойитиб борилади. Айни пайтда бу ерда киночилар, сценарийнавислар, актёрлар иштирокида мухлислар учун ижодий учрашувлар, мулоқотлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.

Янги кинозалнинг очилишида Ўзбекистон халқ артисти, таниқли режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг турли халқаро кинофестиваллар ва танловларда совринларга муносиб топилган “Абу Райҳон Беруний” номли тарихий экран асари намойиш этилди.

М. ЎРОҚОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn