«Бухоро шаҳри куни» фестивали энди анъанага айланади
  • 24 Октябрь 2017

«Бухоро шаҳри куни» фестивали энди анъанага айланади

Кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухорода шу пайтга қадар “Ипак ва зираворлар”, “Бухоро ҳунармандлари” фестиваллари, “Қовун сайли” каби  тадбирларни ўтказиш анъанага айланганди. Эндиликда улар қаторига яна бир  анжуман — “Бухоро шаҳри куни” фестивали қўшиладиган бўлди. 22 октябрь куни қадимий шаҳарда шу сана илк бор кенг нишонланди.

Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги “2017 — 2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбир чинакам байрам тусини олди.

Фестиваль “Кўҳна ва боқий Бухоро” монументига гул қўйиш маросими билан бошланди. “Мен Бухорони севаман” деб номланган марафон қатнашчилари ўз фаоллиги билан соғлом турмуш тарзини тарғиб қилдилар. Бухоро мусиқали драма театрида мамлакатимизнинг таниқли олимлари ва тадқиқотчилари иштирокида  қадимий кентнинг тарихи, унинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасига бағишланган илмий-амалий анжуман уюштирилди. Шундан сўнг, асосий тадбирлар шаҳарнинг қадимий қисмида давом эттирилди. Лабиҳовуз мажмуаси, карвонсарой ва мадрасаларда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, фольклор-этнографик дасталарнинг концерт дастурлари намойиш қилинди. Халқ амалий санъати усталарининг маҳорат сабоқлари, рассомлар кўргазмаси, кураш мусобақалари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Биз Пойи Калон мажмуида ўтказилган кураш баҳсларини мириқиб кўраётган хорижий сайёҳлардан бирини суҳбатга тортдик.

— Голландиядан келдик, — дея ўзини Фрэнк Полицки деб таништирди меҳмон. — Сафаримиз “Бухоро шаҳри куни”га тўғри келганини қаранг. Бу жуда гўзал шаҳар экан. Айниқса, одамлари меҳмондўст, самимий. Кураш менда унутилмас таассурот уйғотди. Ушбу саёҳатдан жуда катта завқ олаяпмиз.

— Бу ерга келишдан олдин Тошкент ва Хива шаҳарларида бўлдик, — дейди яна бир суҳбатдошимиз, франциялик сайёҳ Пьер Мизон. — Ўзбекистоннинг ҳар бир гўшаси ўзига хос. “Бухоро шаҳри куни” тадбирларида қатнашиб, юртингиз тарихи, маданияти, миллий урф-одатлари ҳақида жуда кўп нарсани билиб олдик. Бу ерга яна келиш ниятидамиз.

Фестиваль доирасида тайёрланган миллий таомлар, “Очиқ осмон остидаги музей” деб номланган кўргазма, “Бухоро — Шарқ гавҳари” фото ва видеороликлар, “Энг яхши архитектор”, “Энг яхши туристик ташкилот”, “Энг яхши меҳмонхона” кўрик-танловлари ҳам ташриф буюрганлар эътиборини тортди. Ҳар бир йўналиш ғолиблари эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Бухоро сайёҳлик салоҳиятини бутун дунёга таништириш, туризм саноати ва инфратузилмасини янада такомиллаштириш, хорижлик меҳмонларга қулайликлар яратиш каби мақсадларни ўз олдига қўйган ушбу фестиваль таниқли эстрада хонандалари ижросидаги концерт дастури билан якунланди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn