Улуғ туркман шоирига эҳтиром
  • 18 Октябрь 2017

Улуғ туркман шоирига эҳтиром

Махтумқулининг “Сайланма” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Халқимиз томонидан буюк сўз мутафаккири Алишер Навоий қанчалик эъзозланса, атоқли туркман шоири Махтумқули асарлари ҳам шу қадар эътибор ва эҳтиром билан ўқилади. Бу ҳақда кеча Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида туркман халқининг атоқли фарзанди Махтумқулининг “Сайланма” китоби тақдимотида сўз юритилди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари, дипломатик корпус, туркман миллий маданият маркази вакиллари, ёзувчи ҳамда шоирлар, адабиётшунослар қатнашган мазкур тадбирда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л. Тангриев, Туркманистоннинг мамлакатимиздаги Муваққат ишлари вакили О. Хуммиев ҳамда бошқалар тили, урф-одатлари ўхшаш бўлган ўзбек ва туркман халқлари азалдан бир-бирининг маданияти, адабиётидан баҳраманд бўлиб келгани, бугун ҳам ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳалардаги ҳамкорлик фаол ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Улуғ шоир Махтумқули ижоди халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 6-7 март кунлари Туркманистонга давлат ташрифи чоғида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга Махтумқулининг ўзбек тилида чоп этилган “Элингга бахш айла” китобини совға қилгани ҳам фикримиз тасдиғидир.
Махтумқулининг Хивадаги Шерғозихон мадрасасида таҳсил олгани, Алишер Навоийдек буюк сўз санъаткорини ўзига устоз деб билгани халқларимиз ўртасидаги абадий дўстликнинг ажойиб намунасидир.

Дарҳақиқат, асрлар давомида Навоий ҳамда Махтумқули асарлари икки халқда дарслик вазифасини ўтаб келган. Хаттотлар, ихлосмандлар бу икки донишманд шоир асарларини кўчириб, девон ва тўпламлар сифатида халқ ичида тарқатишган. Турли даврларда навоийхонлик, махтумқулихонлик мушоиралари ўтказилган. ХХ-XXI асрларда эса икки шоир ижодининг ўзаро ташвиқотлари, асарларининг нашрлари ва ўрганилиши ўзининг юксак тараққиёт даражасига кўтарилди.

Махтумқулининг “Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилган “Сайланма” китоби Президентимизнинг шу йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди. Ундаги халқчил асарлар миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш, меҳр-оқибат, одоб-ахлоқ туйғуларини улуғлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат руҳида камол топтиришга хизмат қилади.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn