Муҳташам мажмуанинг асл жозибаси
XS.UZ
Тадбиркорлар манфаатларини таъминлаш — эътиборда Ҳуқуқий ислоҳотлар юрт равнақи ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда Уч марта ҳосил берувчи ўсимлик андижонлик фермерларга мўмай даромад келтирмоқда Барқарор ва кафолатли таъминот Бугунидан рози, келажакка ишончи мустаҳкам халқ Таълим, тарбия, тарғибот Мавсумга тайёргарлик: муаммолар бартараф этилмоқда «Электрон поликлиника» Миллий санъатимиз жилоси хорижликларни мафтун этмоқда Сувга чидамли Футболни ривожлантиришда замонавий ёндашув зарур Вулқон хавфи ДНК текшируви ойдинлик киритди Буюк Британия кучли бешликдан чиқиб кетди Тўққиз йиллик можаро жамоатчилик иштирокида ҳал этилди Ўзбекистон — Жанубий Корея: Стратегик шериклик муносабатларида янги босқич Тошкентда "High Tech City" маъмурий-маиший мажмуа қурилади Ўзбекистон – Қирғизистон ўртасидаги битим кучга кирди. У нима ҳақда эди? ОТМларда сиртқи ҳамда кечки бўлимлар очилди Муддатли ҳарбий хизматчилар ва резервчиларнинг хатлари махсус маркаланган почта конвертларида жўнатилади  Адлия вазирининг ўринбосари БМТнинг ИҲОКБ ва Тараққиёт дастури экспертлари билан учрашди Пан Ги Мун: Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатдаги янги ташаббусларини қўллаб-қувватлайман Мирзиёев Корея Миллий Ассамблеяси Фахрий меҳмонлар китобига нималарни ёзди? Шавкат Мирзиёев БМТ собиқ Бош котиби Пан Ги Мун билан учрашди Ўзбекистон Президенти Корея Республикаси Миллий Ассамблеясида бўлди Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё давлатларининг сув бўйича ҳамкорлигига 25 йил: эришилган тажриба, истиқболдаги вазифалар” мавзуида Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари: Ўз мамлакатининг ривожига бу қадар катта аҳамият берадиган давлат раҳбарини жуда Корея Республикаси савдо, энергетика ва саноат вазири: Навоийдаги логистика марказини минтақадаги етакчи марказга айланади Корея Республикаси парламенти аъзоси: Ўзбекистон Президентининг нутқи хорижий табдиркорлар ва сармоядорлар учун ҳақиқий “маҳорат дарси”га айланди Шавкат Мирзиёев: Ўзбекистон Корея бизнеси учун ўз эшикларини кенг очди
  • 18 Октябрь 2017

Муҳташам мажмуанинг асл жозибаси

Президентимиз Хоразм вилоятига ташрифи давомида «Нуриллабой» сарой мажмуасида амалга оширилган кенг кўламдаги таъмирлаш ва бунёдкорлик ишлари билан танишди. Бундай иншоотлар ҳудуднинг туристик салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон тарихий ва меъморий обидаларга бойлиги билан дунёга машҳур. Юртимизда қадимий шаҳарлар, муҳташам саройлар, мадрасалар бутун гўзаллиги билан сақланиб қолган. Айниқса, Хива шаҳрига ташриф буюрсангиз, ўзингизни афсоналар манзилига тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Неча юз йиллик бинолар ҳайратингизни янада оширади. Гўёки ушбу жойларга вақт ўз ҳукмини ўтказа олмагандек. Келгуси авлодлар ҳам ўлкамизда маданият нақадар юксалгани, нечоғли бебаҳо меросга эга эканлигимизни англаши учун бу бир имконият, аслида.

Халқимиз мазкур бойликларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келмоқда. Тарихий обидаларни таъмирлаш ҳамда қайта тиклаш доимо эътиборда. Бу ишларга жалб этилаётган машҳур усталарнинг аксарияти айнан шу ноёб иншоотларни бунёд қилганлар сулоласидан. Хивадаги “Нуриллабой” мажмуасини реставрациялашда ҳам ана шундай йўл тутилди. Ёдгорликнинг тарихий ва бадиий қимматини сақлаб қолиш мақсадида бу ерда илмий ҳамда илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳавий ва қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди.

“Нуриллабой” мажмуаси Хиванинг ташқи шаҳри — Дишан-қалъада жойлашган бўлиб, у XIX асрнинг ўрталаридан бошлаб, қарийб ярим аср давомида тўрт ҳукмдор томонидан қурдирилган. Ҳашаматли бу сарой бугунги авлод учун ўша даврнинг бир инъикосидир.

...Хива хонларининг ёзги қароргоҳидамиз. Бу ердаги меъморчилик анъаналари ҳамда интерьер безакларини кўздан кечирарканмиз, қадимий хоразмча услуб билан европача анъаналарнинг уйғунлашганига гувоҳ бўламиз. Гап шундаки, ўша даврда ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ривожланиши жараёнида европалик тижоратчилар билан ҳам манфаатли алоқалар ўрнатилган эди. Улар Хоразмнинг бежирим буюмларини харид қилиш мақсадида узоқ масофаларни босиб келишар, натижада эса маданий қадриятлар ривожланиб, ўзаро тажриба алмашинарди.

“Нуриллабой” мажмуаси билан боғлиқ кўпгина тарихий фактлар мавжуд. Масалан, жой номининг ўзи унинг эгаси бой савдогар эканлигини билдиради. У боғни Хива хони Муҳаммад Раҳимхон I га сотар экан, “Нуриллабой боғи” деган номни сақлаб қолиш шартини қўйган, хон ҳам, ўз навбатида, ваъдасининг устидан чиққан экан. Хон бу ерда ўғиллари учун ёзги қароргоҳлар қурдирган. Кейинчалик отасининг ишини давом эттирган ўғилларидан бири Саййид Муҳаммад тўра янги сарой мажмуасини қуришга киришади. Саройни баланд қалъа девори билан ўрайди, устида ярим думалоқ шаклдаги кўплаб миноралар — “гулдасталар” жойлаштиради.

— Мажмуада бир неча ҳовли, боғлар, меҳмонхона ҳамда ётоқхоналар бор. Ички ҳовлида хон аҳоли шикоятларини кўриб чиқадиган “арзхона” ҳам бўлган, — дейди Хоразм тарихи бўйича мутахассис Комил Худойберганов. — Сарой атрофида мадраса ва бошқа бинолар жойлашган. Кейинроқ тантанали қабул маросимларини ўтказишга мўлжалланган, еттита залдан иборат янги қаср ҳам бунёд қилинган. Уни тарихда Феруз тахаллуси билан ҳам машҳур Муҳаммад Раҳимхон II ўғли Исфандиёрхон II учун қурдирган. Қаср қурилишига маҳаллий усталар билан бир қаторда, турли мамлакатлардан ҳам моҳир меъморлар таклиф этилган. 1910 йили тахтни эгаллаган Исфандиёрхон II мажмуанинг қурилишини “Нуриллабой” қасрини барпо қилиш билан якунлаган. Ана шу сўнгги бино залларида чиройли кошинлардан ясалган ўарб услубидаги каминлар (ўчоқсимон уй печкалари), Венеция кўзгулари, илмоқчалари биллурдан қилинган бронза чироқ, шунингдек, тилла суви юритилган қандиллар ўрнатилган. Ҳукмдорнинг қабулхонасидаги ноанъанавий устунлар, нақшли қуйма панжаралар билан безатилган мармар камин, айниқса, эътиборга молик.

Айтиш керакки, эшик ҳамда деразалар ва паркет пол немис усталари томонидан тайёрланган, улар Хива яқинидаги, ҳозирги Янгиариқ туманига қарашли ҳудудда, Оқмачит маҳалласида яшаганлар. Ҳар қайси хонанинг ички безаги ўзига хослиги билан ажралиб туради. Қасрнинг яна бир зали шифтида Европа усулида гуллар ва фаришталар тасвири чизилган бўлиб, у рус рассомлари томонидан бажарилган.

Бир вақтнинг ўзида меҳмонхона ҳамда қабулхона вазифасини ўтаган залда эса элчилар ва юқори мартабали меҳмонлар учун зиёфатлар уюштирилган. Бу улкан хонанинг баландлиги олти метрдан зиёд. Давлат аҳамиятига молик ҳужжатларни имзолаш учун эса алоҳида хонаси бўлган. У саккиз бурчакли бўлиб, ҳар бир бурчагига кўзгу жойлаштирилган. Шифти эса ёғочдан ишланган ғаройиб геометрик шакллардан иборат бўлган. У юпқа тилларанг бўёқ билан қопланган.

Бу ердаги яна бир хонанинг шифтида маҳаллий ганчкор усталар томонидан диний рамзларни эслатувчи нақшлар ишланган. Шунингдек, “Зарҳал” зали ҳам алоҳида диққатга сазоворки, унинг шифти марказидаги қимматбаҳо тошлар билан безатилган товус патларининг тасвири ҳар қандай сайёҳни ўзига ром этади.

Хивадаги янги қаср меҳмонхонаси учун атайлаб электр чироқли қандиллар келтирилиб, уларни ёқиш учун, ҳатто, кичик электр станцияси ҳам ўрнатилган. Умуман, қабуллар саройи қурилишига хон хазинасидан 70 минг тилла танга сарфланган бўлиб, ўша давр учун бу жуда катта миқдордаги маблағ ҳисобланган.

Қасрдан турли даврларда турли мақсадларда фойдаланилган. Собиқ иттифоқда бу ер маъмурий бино бўлган бўлса, баъзан драма театри, баъзан маърифат музейи шу ерга кўчирилган. Йиллар ўтиши билан эса ташландиқ аҳволга тушиб қолган ва ўзининг асл гўзаллигини йўқотган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил январь ойида Хоразм вилоятига ташрифи чоғида “Нуриллабой” мажмуасини реконструкция қилиш лойиҳаси билан танишиб, унинг аввалги қиёфаси ҳамда ҳашаматини қайта тиклаш бўйича топшириқ берган эди.

Давлатимиз раҳбари вилоятнинг сайёҳлик соҳасидаги имкониятларини тўлиқ ишга солиш, янги туристик йўналишларни ташкил этиш ва уларни жаҳон бозорида оммалаштириш зарурлигини таъкидлади. Хиванинг тарихий-меъморий ҳамда туристик салоҳиятини ривожлантириш, кенг жамоатчиликни бой тарихий мерос, маданият ва санъатнинг нодир намуналари билан таништириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси доирасида жорий йил 19 майда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хоразм вилоятидаги “Нуриллабой” тарихий мажмуасини реконструкция ва реставрация қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Шундан сўнг бу ерда кенг кўламли қурилиш-монтаж, реконструкция ишлари бошлаб юборилди.

— Реставрация бугунги кунда нафақат муайян ёдгорликларни қайта тиклаш, балки миллий маънавий қадриятлар тизимини сақлашни англатади, — дейди “Нуриллабой” сарой мажмуасини реставрация қилиш бўйича қурилиш участкаси бошлиғи Бозорбой Ботиров. — Кўпгина осориатиқаларнинг қайта тикланиши кўҳна Шарқнинг аввалги муҳитини қайтаришга имкон берди. Бир неча минора, Ўрта асрлар карвонсаройлари, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Матниёз Девонбеги мадрасаси ҳамда бошқа ўнлаб ёдгорликларни ўзининг мустаҳкам девори ичига олган Ичан-қалъа билан бир қаторда, “Нуриллабой” мажмуаси ҳам сайёҳлар, шарқшунос-тадқиқотчилар, замонавий меъморларни ўзига жалб этувчи марказга айланади, албатта. Бунинг учун бор имкониятларни ишга солмоқдамиз. Нақш ва безакларнинг тарихи, услуби, ўзига хос хусусиятлари чуқур ўрганилди. Маҳорат сирлари авлоддан-авлодга ўтиб келганлигини ҳисобга олган ҳолда, ушбу ноёб иншоот қурилишида қатнашган усталар сулоласининг вакилларини излаб топишга ҳаракат қилинди. Улардан бири уста Бахтиёр қабуллар залидаги нақшларни қайта тиклашни зиммасига олди. Тўғри, кўпгина нақшлар вақт ўтиши билан ўчиб кетган. Мисол учун, вазирнинг хонаси ҳамда яна бешта айвонда қуруқ деворлар қолган, холос. Безак элементларини қайта жонлантириш учун айнан ўша даврда қурилган бошқа тарихий обидаларни ҳам бориб кўрдик. Жумладан, ҳовлидаги айвонлардан бири учун ҳукмдорларнинг шаҳардан ташқаридаги “Қибла тозабоғ” номли қароргоҳида мавжуд нақшлар нусхасидан фойдаландик. Яна бир ҳовлида илгари учта ҳовуз бўлиб, фақат биттаси сақланиб қолган экан.

Шу жойда ҳам уларни тиклаш бўйича катта ишлар бажарилди. Қадимий қандил бўлса “Оникс Тошкент” корхонаси мутахассислари қўлида “иккинчи умри”ни яшай бошлади ва қасрнинг тантаналар залини яна ёритмоқда. Ҳунармандлар хоннинг ётоқхонасини қайтадан ўз ҳолига келтиришдек қийин вазифанинг ҳам уддасидан чиқдилар. Бу хонадаги каравотни Хива ҳукмдорларидан бирига немислар ўзларининг шаҳарда қолишига рухсат бергани учун совға қилишган экан. У ҳам эски фотосурат ёрдамида қайта тикланди. Умуман, реставрация ишларида 250 дан зиёд турли жанр намояндалари қатнашди. Бу “Arx-dizayn san’ati” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “Ijod-ijod” хусусий корхонаси мутахассислари, шунингдек, бутун республикадан чақирилган устазодалардир.

Бугунги кунга келиб, “Нуриллабой” сарой мажмуасининг асосий ҳудуди тўлиқ таъмирланди. Бу ерга ташриф буюрувчилар учун қабуллар уйи, амфитеатр, қадимий Хоразм манзарасини акс эттирувчи оқ-қора тасвирдаги ноёб фотосуратлар галереяси очилди. Халқ усталарининг амалий санъат намуналаридан иборат доимий кўргазма ташкил қилинди. Давомли сулола вакиллари бўлмиш Хива ҳунармандларининг устахоналари иш бошлади. Алоҳида жойлар эса ўлканинг замонавий рассом ва ижодкорлари учун ажратилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг бадиий галереяси филиали очилиб, унда меҳмонлар нодир картиналар коллекцияси билан танишишлари мумкин. “Ёшарган” сарой мажмуасида замонавий ресторан ҳамда чойхона фаолият юритмоқда. Демак, Хоразмнинг донғи кетган миллий таомларидан лаззатланиш имконияти яратилди.

Шундай қилиб, Хивада мозий кечмишлари жилоланди. Тарихий мажмуа аввалги қиёфасига эга бўлди ва бутун маҳобати ила қуёш нурларига йўғрилган кўйи атрофни янада кўркамлаштирди. Сайёҳлар яқин кунларда бу ерда Ўзбекистон бой тарихи ҳамда маданиятининг янги қирраларини кашф этишлари муқаррар.

Дилбар БАҲОДИРОВА.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР

Social Promotion Popup