Ёш ижодкорлар форуми
  • 11 Октябрь 2017

Ёш ижодкорлар форуми

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Ёшлар” оромгоҳида ёш ижодкорларнинг республика форуми бўлиб ўтди.

Уч кун давом этган тадбирда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган 150 нафардан ортиқ йигит-қизга таниқли шоир ва адиблар, таржимонлар турли мавзуларда машғулотлар ўтдилар. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ёш ижодкорлар кенгаши томонидан уюштирилган форумда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М. Аҳмедов ва бошқалар мамлакатимизда миллий адабиётимизни ривожлантириш, қалам аҳлининг самарали ижод қилиши учун қулай шарт-шароит яратиш, ёш истеъдод эгаларини аниқлаш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади. 

— Мазкур анжуман жуда катта мақсадларни кўзлаб ташкил этилди, — дейди Ёш ижодкорлар кенгаши раиси Меҳриноз Аббосова. — Юртимизнинг турли ҳудудларида ижод қилаётган ёш истеъдод эгаларини излаб топиш, уларни ҳар томонлама рағбатлантириш, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш шулар жумласидан. Форум давомида бу мақсадларга эришилди, деб айтишимиз мумкин. Негаки, унда очиқ мулоқотлар уюштирилди. Бой тажрибага эга бўлган адабиёт намояндалари иштирокида турли маҳорат дарслари, семинар-тренинглар, наср, назм, таржима йўналишлари бўйича ўқув-машғулотлари ўтказилди. 

Тадбир мобайнида доимий равишда истеъдодли ёшларнинг ижод намуналарини чоп этишга кўмаклашиш, илмий-амалий конференциялар уюштириш, наср, назм ва таржима йўналишида методик қўлланмалар ишлаб чиқиш, интернет тармоғида ёш ижодкорлар муҳитини шакллантириш, турли фестиваллар ташкил этиш масалалари юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Ёш ижодкорлар “Форумда ёзилган энг гўзал мактуб” деб номланган танловда фаол қатнашдилар. 

Ёш ижодкорларнинг қизиқарли баҳс ва мунозаралари, мушоиралари форумга янада файз киритди.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn