Эзгулик ва адолатни улуғлаган аллома
  • 07 Октябрь 2017

Эзгулик ва адолатни улуғлаган аллома

Юртимиз истиқлол шарофатига муяссар бўлганидан сўнг тарихда яшаб ўтган кўплаб улуғ аждодларимиз ҳаёт йўллари ҳамда уларнинг бебаҳо илмий меросини ҳар томонлама чуқур тадқиқ этишга давлатимиз томонидан кенг имкониятлар яратилмоқда.

Азим диёримизнинг ҳар бир ҳудудидан, жумладан, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хоразм, Қашқадарё, Жиззах, Фарғона каби манзилларидан юзлаб алломалар етишиб чиққан. Айниқса, “Насафий” нисбаси билан қалам тебратган аждодларимизнинг илмий мерослари диққатга сазовордир. Улар орасида, шубҳасиз, Абу Муин Насафийнинг ўрни беқиёс. Сабаби, бу улуғ зотнинг Ўрта асрларда олиб борган фаолияти нафақат ўша давр, балки келажак авлод камолоти учун ҳам жуда катта аҳамият касб этган.

Шуни алоҳида ифтихор билан таъкидлаш керакки, Абу Муин Насафий илмий меросини ўрганиш бўйича жорий йилда самарали ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан алломанинг мақбараси таъмирдан чиқарилиб, катта зиёратгоҳга айлантириш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 

18 апрелдаги тегишли қарорига мувофиқ, Абу Муин Насафийнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилаяпти.

Насафий бобомиз ўз асарларида турли бузғунчи, адашган оқимларга кескин раддиялар бериб, уларнинг диёримизда ривожланишига қаршилик қилган. Ўша давр уламолари Абу Муин Насафийнинг ўз асарларида иллатларни фош этиб, ҳақиқатни баён қилгани учун унга араб тилида “Сайф ул-ҳақ”, яъни “Ҳақиқат қиличи” деган шарафли ном берганлар.

Тарихий манбаларда кўрсатилишича, Абу Муин Насафий 1027 йили таваллуд топган ҳамда 1114 йили зулҳижжа ойининг йигирма бешинчи куни (21 май) вафот этган. Улуғ аждодимиз Қарши туманининг Қовчин қишлоғида мангу қўним топган.

Абу Муин Насафий дастлабки таълимни туғилиб ўсган шаҳри Насафда эгаллаб, сўнгра илм-фаннинг йирик марказларидан ҳисобланган Самарқандга кўчиб ўтган, кейинчалик фаолиятини Бухорода давом эттирган. Насафий “Табсират ал-адилла” номли шоҳасарини 1106 йили Бухорода ёзиб тугатганидан, у Бухорода анча вақт муқим қолган, деган хулосага келиш мумкин. Аммо олим ҳаётининг сўнгги йилларини Насаф шаҳрида ўтказган.

Абу Муин Насафий ўз даврининг машҳур мутакаллим олими бўлган ва Самарқанддаги ҳанафий калом мактабининг йирик вакили Абу Мансур Мотуридийдан сўнг шу мактабнинг пешқадам вакили саналган. Насафийлар сулоласидан уч авлод кейин етишиб чиққан ушбу аллома мотуридия таълимотининг энг машҳур ҳамда етук давомчиси сифатида тилга олинади. Абу Муин Насафий илмий-маънавий меросини яқиндан ўрганган тадқиқотчилар унинг ижодига юксак баҳо берганлар. Жумладан, туркиялик каломшунос олим, профессор Ҳусайн Отай: “Мотуридия таълимотининг энг машҳур мутакаллим олими Абу Муин Насафийдан кейин унинг йўлида ва тизимида у каби шахс ҳали етишиб чиқмаган”, деб алломанинг илмий меросига юксак баҳо беради. Мотуридийнинг “Тавҳид” асарини нашрга тайёрлаган тадқиқотчи Фатҳуллоҳ Хулайф эса “Мотуридия калом мактабининг ривожида ҳеч ким Абу Муин Насафийдек катта хизмат кўрсатмаган”, дея унинг илмий меросини алоҳида қадрлаган.

Насафий ўзининг самарали ижоди давомида калом илмига оид ўндан ортиқ асарлар ёзиб қолдирган. “Табсират ал-адилла”, “Китоб ат-тамҳид ли қавоид ат-тавҳид”, “Баҳр ал-калом”, “Маноҳиж ал-аимма фил-фуруъ”, “Изоҳ ал-Манҳаж ли кавн ал-ақл ҳужжатан”, “Қасид ал-қавоид фи илм ал-ақоид”, “ал-Ифсод ли хадъ ал-илҳод” ҳамда “ал-Умда фи усул ал-фиқҳ” асарлари ана шулар жумласидандир. Бизнинг давримизгача улардан фақат учтаси, яъни “Табсират ал-адилла”, “Китоб ат-тамҳид ли қавоид ат-тавҳид” ва “Баҳр ал-калом” номли асарлари етиб келган ҳамда нашр этилган. Мазкур асарлар орасида “Табсират ал-адилла” алломанинг энг катта ижод маҳсулидир.

Энди Абу Муин Насафийнинг мотуридия таълимоти ривожига қўшган ҳиссаси хусусида далилларга таянган ҳолда сўз юритсак. Чунки улуғ аждодимизнинг айнан шу хизмати унинг улуғвор мавқеини белгилаб берган. Ҳаммаси Абу Муин умрининг сўнгги йилларида ёзиб тугатган “Табсират ал-адилла” асари билан боғлиқдир. Чунки Насафий ўзининг устози Абу Мансур Мотуридийнинг таълимотига бўлган муносабатнинг ижтимоий-сиёсий ва мафкуравий омиллар таъсирида сусайиб бораётгани сабабли унинг “Китоб ат-тавҳид” асарига шарҳ сифатида “Табсират ал-адилла фи усул ад-дин ала тариқати Абу Мансур ал-Мотуридий” (“Мотуридия таълимотининг дин асосларида ҳақлигига аниқ далиллар”) номли асарини ёзган.

Олимнинг “Табсират ал-адилла” асарини кўздан кечирсак, дастлабки саҳифалардаги мавзуларда Насафий, асосан, муътазилий ва бошқа адашган фирқаларга қарши раддиялар билдиради.

Абу Муин Насафий шонли тарихимизда иккита улкан хизмати билан доим бизнинг қалбимизда яшайди. Биринчидан, унинг мотуридия таълимотининг диёримизда сақланиб қолишидаги энг катта хизмати бўлса, иккинчи жиҳатдан, ўша даврда диёримизда турли бузғунчи оқимларнинг ривожига катта қаршилик кўрсатганлиги туфайлидир.

Юқоридаги мисоллардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Абу Муин Насафий мотуридия таълимоти вакилларининг энг ёрқин вакили бўлган. Шунинг учун ҳам улуғ аждодимизнинг “Табсират 

ал-адилла” асари билан танишиб чиққан ўарб шарқшунослари уни “Мотуридия таълимотининг интерпритатори (ёритиб, асослаб берувчи)” деб ўзларининг илиқ фикрларини билдирганлар.

Абу Муин Насафийнинг илмий мероси бугунги кунда ҳам беқиёс аҳамиятга эга бўлиб, халқимиз, айниқса, ёшларимизни чин инсоний фазилатлар соҳиби этиб тарбиялаш, улар қалбида Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим манба бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Саидмухтор ОҚИЛОВ,

Тошкент ислом университети доценти, тарих фанлари номзоди.

 

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn