• 04 Октябрь 2017

Маданий анъаналар ва миллий таомлар намойиши

Ҳар бир халқнинг ўзига хос урф-одатлари, бетакрор анъана ҳамда қадриятлари мавжуд. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Хонбалиқ” хўжалигида ўтказилган маданий анъаналар ва миллий таомлар II халқаро фестиваль-танловида бунга яна бир карра гувоҳ бўлдик.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, вазирликнинг дипломатик ваколатхоналарга хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси томонидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, моҳир пазандалар, экспертлар қатнашди.

Тадбирнинг очилишида сўзга чиққанлар юртимизда халқлар ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини, жумладан, дипломатлар иштирокида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган турли спорт мусобақалари, маданий-маърифий тадбирлар, фестиваллар ана шу мақсадга хизмат қилаётганини таъкидлашди.

Анжуманга ташриф буюрган меҳмонлар турли халқларнинг миллий таомларидан татиб кўриш, тайёрланиш усуллари ҳақида маълумот олиш баробарида, маданиятлари, урф-одатлари, қадриятлари, миллий либослари билан яқиндан танишиш имкониятига ҳам эга бўлишди. Элчихоналар учун ажратилган стендлар олдига яқинлашган ҳар бир киши, назаримизда, ўзини гўё бир зумга ана шу давлат ошхонасига тушиб қолгандек ҳис этди. Чунки кўрсатилаётган лутф, ён-атрофга илинган ранг-баранг суратлар, таомномалар, умуман, муҳит шундай тасаввур уйғотди. 

Фестиваль-танлов якунига кўра, “Энг яхши миллий таом” номинациясида биринчи ўрин Қирғизистон элчихонаси вакилларига насиб этди. “Энг яхши безатилган стенд” номинациясида Фаластин давлати элчихонаси жамоаси ғолиб, деб топилди. 

Турли тилларда янграган куй-қўшиқлар, ижро этилган рақслар тадбирга янада файз бағишлади.

А. ФОЗИЛОВ.