Самарқанд — дунё тарихининг ривожига таъсир кўрсатган буюк шаҳар
  • 04 Октябрь 2017

Самарқанд — дунё тарихининг ривожига таъсир кўрсатган буюк шаҳар

Италияда “Focus Storia Collection” журналининг навбатдаги сони дунё юзини кўрди. Мамлакатнинг етакчи “Arnoldo Mondadori Editore” нашриёти томонидан чоп этиладиган ушбу журналнинг мазкур сони “Жаҳон тарихига ўз таъсирини кўрсатган ўтмишнинг 20 буюк шаҳри: меъморлик, тарих, санъат ва улуғ арбоблар” мавзуига бағишланган.

Унда муайян жаҳон цивилизацияларининг пайдо бўлиши жараёнидаги энг буюк шаҳарлар эволюциялари ҳақида ҳикоя қилинган. Қайд этилганидек, бир неча минг йил давомида дунёда қатор “шаҳар-рамзлар” шаклланган бўлиб, улар замонлар оша турли жуғрофий ҳудудларда бутун бир тарихий даврнинг тимсоли бўлган.

“Биринчи йирик шаҳар-марказлар давлат ташкил бўлишининг дастлабки шаклларини, одамларнинг жамоа бўлиб яшаши билан боғлиқ узвий тизимнинг юзага келишини ўзида намоён қилган туманлардан иборат эди. Лотин тилидан олинган “цивилизация” сўзи “фуқарога оид”, “фуқаро” сўзидан келиб чиққани бежиз эмас”, дея таъкидлайди италиялик тарихчи Франко Кардини журналга ёзган муқаддимасида.

Олимлар Иерихон, Бобил, Қуддус, Афина, Рим ва Лондон сингари улуғ шаҳарлар қаторида Самарқандни ҳам санаб ўтишган. “Буюк Ипак йўли бўйлаб” сарлавҳали материал дунёнинг энг кўҳна университети — Болонья университети олимлари кўмагида журналист Мария Леоне томонидан тайёрланган.

Унда Самарқанд “1370 йилдан эътиборан кейинги икки юз йил мобайнида жаҳон савдоси ҳамда бошқаруви чорраҳасига айланган дунё маркази бўлган”, дея таърифланади. Муаллиф ўқувчиларни қадимий шаҳарнинг жуғрофий, меъморий, тарихий-маданий ўзига хосликлари билан батафсил таништирган. “Моҳир тўқувчилар, кулол, заргар, муҳандис, хаттот, рассом, ўймакор наққош, меъмор, шоир, олим, астрономлар ва бошқа мутахассисларнинг санъат маҳсуллари шаҳарнинг улуғворлигини беҳад юксалтирди”, деб ёзади у.

“Самарқанд — кўп миллатли мегаполис, маданиятлар, динлар ҳамда халқлар чорраҳаси. Бу ерда ўша давр жаҳон бозорининг маркази жойлашган эди. Бундан ташқари, шаҳарда Ипак йўлининг маърифати ҳам жамланган бўлиб, у орқали ғоялар ва илмлар ҳам саёҳат қилган. 1417 йили Амир Темурнинг вориси Мирзо Улуғбек ҳозирги Регистон мажмуасидаги уч мадрасанинг биринчисини қурдирган. 1428 йилда бунёд этилган Улуғбек расадхонаси кўмагида эса буюк олим юлдузлар жойлашувини ўта юксак аниқлик билан ўлчаган”.

Мария Леоне ўз мақоласида буюк саркарда ҳамда давлат арбоби Амир Темур сиймосига алоҳида эътибор қаратган. У Шарқ маданияти ўчоқларидан бирига айланган янги марказнинг пайдо бўлишида Амир Темурнинг рад қилиб бўлмайдиган ўрнини тўла эътироф этар экан, 1404 йили Самарқандга келган испаниялик дипломат Руи Гонсалес де Клавихонинг машҳур хотираларидан мисоллар келтиради.

Самарқандга бағишланган мақола “Зафарнома” асаридан олинган ранг-баранг суратлар ва миниатюралар билан бирга чоп этилган. Муштарийлар ўтмишнинг мазкур буюк шаҳарларига, жумладан, Самарқандга таклиф қилинар экан, “Сизнинг кейинги сафарингиз қизиқарли шаҳарни, ноёб анъаналар ҳамда маданий меросни, ҳақиқий тарихни кашф этиш бўлади”, дея ёзилади нашрда.

«Жаҳон» АА.

Рим

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn