• 03 Октябрь 2017

Динлараро тотувлик байрами

“Туркистон” саройида Тошкент епархиясининг 145 йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва тотувлик барча жабҳада кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошириш, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 конфессия вакиллари тинч-тотув яшамоқда. Уларнинг ўз маданияти, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаши учун барча шароит яратилган. Бу ижтимоий келиб чиқиши, дини, миллатидан қатъи назар, барча юртдошимизни шу Ватан фарзанди сифатида ягона макон ва якдил мақсадлар атрофида жипслашиб, юрт равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилишга ундамоқда. 

“Туркистон” саройида 1 октябрь куни Тошкент епархиясининг 145 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда ана шу жиҳатлар яна бир бор таъкидланди.

Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, дипломатик корпус вакиллари, хорижлик меҳмонлар ва христиан динига эътиқод қилувчи юртдошларимиз иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент епархиясининг 145 йиллиги муносабати билан табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Р. Комилов ўқиб эшиттирди.

Москва ва Бутун Рус Патриархи Кирилл, Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари митрополит Викентий мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ёшларни юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистонда динлараро фаол мулоқот майдони яратилгани жамиятдаги -барқарорликнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилди.

Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳасини қамраб, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизни ҳар томонлама жадал ривожлантириш йўлини белгилаб берди.

Мазкур муҳим ҳужжатда илгари сурилган вазифалар ижроси доирасида қўшни мамлакатлар, турли миллат-элат, дин вакиллари ўртасидаги анъанавий яқин ва дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

— Мамлакатимизда турли миллат ва элат вакиллари ўз диний эътиқодларини эмин-эркин адо этишлари учун мустаҳкам қонуний асос ҳам, шароит ҳам яратилган, — деди Зоя Канопко. — Мусулмон, христиан ва бошқа дин вакиллари ўртасида қарор топган дўстлик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик ана шундай байрам ва турли тантаналарда янада мустаҳкамланади. Бундай эътибор ва эзгу ишларга ўзини камарбаста билган давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирамиз.

Тадбирда Ўзбекистон ва Россия санъат усталари, ёш ижрочилар иштирокида концерт намойиш этилди. 

* * *

Москва ва Бутун Рус Патриархи Кирилл бошчилигидаги Рус православ черковининг Москва Патриархати делегацияси мамлакатимизга ташрифи доирасида Cамарқанд ва Бухоро шаҳарларида ҳам бўлиб, муқаддас қадамжо ва тарихий обидалар билан танишди.

Самарқандда меҳмонлар Ҳазрати Хизр мажмуасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Буюк Юртбошимиз қабрига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирди. Мажмуада амалга оширилган улкан бунёдкорлик-ободонлаштириш ишлари, маҳобатли мақбара, миллий услубдаги айвон ва бошқа иншоотлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Делегация аъзолари, шунингдек, Амир Темур ва Хўжа Дониёр мақбаралари, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Регистон мажмуаси ва бошқа тарихий обидаларни ҳам томоша қилди. Шаҳардаги Алексей соборида Москва ва Бутун Рус Патриархи Кирилл иштирокида маросим ўтказилди. 

Меҳмонлар Бухоро шаҳрида Архистратиг Михаил ибодатхонасига ташриф буюрди. Шунингдек, дунёга машҳур меъморий ва тарихий обидалар сирасига кирувчи Чашмаи Аюб мақбараси, Пойи Калон мажмуаси ва Арк қалъаси билан танишди.

— Бухоро ҳақида кўп ўқиганман, — деди Москва ва Бутун Рус Патриархи Кирилл. — Инсоният цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган бу шаҳардан жаҳонга машҳур уламолар етишиб чиққан. Ўзбекистонда барча конфессия, жумладан, христиан динига эътиқод қилувчиларга ҳам ўз амалларини адо этишлари учун тенг шароит яратилгани таҳсинга сазовор. Бу юртингизда диний бағрикенглик ва тотувлик барқарорлигидан далолат. 

Улуғбек ШОНАЗАРОВ,

Ғолиб ҲАСАНОВ,

Эркин ЁДГОРОВ,

ЎзА мухбирлари.