• 23 Сентябрь 2017

Истеъдодли ёшлар — юрт келажаги

Тошкент шаҳар “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказида ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни”га пойтахтимиздаги бир қатор умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари таклиф қилинди.

Таъкидлаш керакки, навқирон авлоднинг маънавий оламини бойитиш, маданий савиясини юксалтириш, санъат ва гўзалликка интилишини кучайтириш, миллий анъаналарни асраб-авайлашга қаратилган кўплаб тадбирларда марказ тўгараклари аъзолари фаол қатнашиб келмоқда.

Эътиборли жиҳати, ушбу масканда нафақат мамлакатимиз, балки халқаро танловлар ғолиблари ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Жумладан, ўтган йили “Либослар дизайни” ва “Тасвирий санъат” тўгараклари вакиллари Японияда ўтказилган “Келажак дунёси” халқаро кўргазмасида муваффақиятли қатнашишди. Хитой пойтахти Пекинда ташкил этилган “Бутун дунё болалари аҳил, дўст” халқаро расмлар кўргазмасида эса марказ аъзоларининг тинчлик, дўстлик, бахтли болаликни тараннум қилувчи ижодий ишлари юксак баҳоланди.

“Очиқ эшиклар куни”га келган ўқувчилар ҳам келгусида ана шундай ютуқларни қўлга киритишни дилларига тугиб қўйганликларини билдиришди. 

Мавжуда ХОЛМАТОВА.

Мазкур рукиндаги бошқа мақолалар: « Эзгулик зиёси «Гул олмаган гўзаллар» »