XS.UZ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи Ўзбекистон Президентининг АҚШга ташрифи Халқаро валюта жамғармасининг фармойиш берувчи директори Кристин Лагард баёноти Покистон Ислом Республикаси Қуролли Кучлари делегацияси ташрифи Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мемориал мажмуа кутубхонаси фонди яна 500 дан зиёд китоблар билан бойиди «Ўзбекистон — Евроосиёдаги янги иқтисодий тараққиёт замини» Ўзбекистон минтақада прагматик сиёсат олиб бормоқда Илму фан ва зиё маскани Болалар зарарли ахборот хавф-хатарларидан ҳимоя қилинади Аҳоли саломатлиги йўлида Юртимизда етиштирилган қовунлар европаликлар дастурхонида Миллат маънавиятига дахлдор масала Меҳнатимиз самараси шогирдлар камолида кўринади Ўзбекистон Президенти Америка Қўшма Штатларига келди Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг телефон орқали мулоқоти тўғрисида Ижтимоий адолатни қарор топтириш Она тилига эътибор ва масъулият Соғлом рақобат муҳити кучаяди Ўзбек халқи Мьянмалик қочқинларга ёрдам қўлини узатди Бой тажриба ва ибрат мактаби Сурхондарё соҳилида янги сўлим маскан Давлат идораларида мурожаатларга муносабат ўзгармоқда Дастлабки кунда ўн учта медаль Осиё чемпионати якунланди АКТ Саммити, роботлар намойиши ва интерактив лойиҳалар Тадбиркорларнинг ишончли ҳимоячиси Солиқ имтиёзлари аҳоли турмуш фаровонлиги кафолатидир Тиббий патронаж хизмати янгича ёндашув, изчил фаолият ва фидойи меҳнатни талаб этади Яқин қардошлик ва ўзаро манфаатдорликка асосланган ҳамкорликнинг янги босқичи
  • 22 Август 2017

Китобхон истаги, услубий янгиланиш, тарғибот мутолаа маданиятини оширишда муҳим омил бўлмоқда

“Йилнинг ўтган даври мобайнида китобхонлар сони 28 фоиз ўсди”.  Бу — Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона марказига тааллуқли маълумот.

Шундан ҳам билса бўладики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижроси юзасидан жойларда бажарилаётган ишлар юқори самара бермоқда.
Бинобарин, мазкур муассасада фармойишда белгиланган вазифалар, жумладан, аҳолининг ахборотга бўлган талабларини тезкор қондириш, китобга бўлган қизиқиши ва мутолаа маданиятини ошириш борасида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Бунда, биринчи навбатда, кутубхона шароитини яхшилаш ва китобхонлар талабини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Масалан, марказ томонидан саволномалар тарқатиш асносида фойдаланувчиларнинг хоҳиш-истаклари аниқланмоқда. Ўз навбатида, ўқув залларидаги ўриндиқлар сони ҳам кўпайтирилди. Ҳаво мўътадиллигини сақлашга хизмат қилувчи воситалар ўрнатилди ҳамда ёруғликнинг етарли даражада  бўлиши таъминланди.
Айни чоғда, зиё маскани жамоаси томонидан кутубхона ишини услубий жиҳатдан янгича ташкил этиш, замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам эътиборга молик. Хусусан, марказда тайёрланган “Китоб ўқиш маданияти”, “Ахборот-кутубхона муассасаларида маркетинг ишини ривожлантириш”, “Ахборот-кутубхона муассасаларида бутлашнинг замонавий тенденциялари” каби қўлланмалар вилоятдаги ахборот-ресурс марказлари, кутубхоналар фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда. 
Яна бир муҳим жиҳат шуки, жорий йилдан бошлаб марказнинг веб-сайтида “Халқ билан мулоқот” саҳифаси ташкил қилинди. Шу билан бирга, 4 та интерфаол хизмат тури ҳам жойлаштирилган бўлиб, улар “Электрон китобга буюртма бериш”, “Кутубхоначидан сўранг”, “Онлайн кутубхона”, “Виртуал кутубхона” деб номланади.  KaDaTa  дастурий таъминоти эса фойдаланувчига зарур бўлган адабиётни электрон каталог воситасида тезда топиш имконини беради. Эътиборлиси, мабодо, изланаётган манба кутубхона фондида бўлмаса, корпоратив тармоқ орқали уни бошқа турдош муассасалар, масалан, Ўзбекистон Миллий кутубхонасидан электрон шаклда олиш мумкин.
Марказдаги энг замонавий нусха кўчириш ускуналари бир вақтда икки саҳифанинг электрон шаклини яратиши баробарида, таъмирталаб адабиётларни яроқли ҳолатга келтиради ҳамда муқовалаш амалларини бажаради. Ана шу қулайлик туфайли ҳозиргача 6200 дан зиёд китобларнинг электрон варианти яратилди ва кўплаб ёзма манбаларнинг “умри” узайтирилди. Айни пайтда марказнинг адабиёт фонди 200236 та китоб ва турли ахборот-қўлланма манбаларини ўз ичига олган.
— Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини оширишда тез-тез ўтказиб келинаётган тадбирларимиз ҳам юқори самара бермоқда, — дейди ахборот-кутубхона маркази директори Алижон Бойматов. — Хусусан, “Китобхонлик инсониятни қутқаради” мавзуидаги акция, марказнинг ёш ходимлари ва фаол фойдаланувчилари ўртасида уюштирилаётган “Китобхон-шоу” интеллектуал ўйинларида навқирон авлод вакиллари фаол иштирок этаяпти. Ходимларнинг малакасини ошириб боришга ҳам жиддий эътибор қаратганмиз. Бунинг учун мутахассисларимизни ўқитиш ва қайта ўқитиш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқилган. Қолаверса, ахборот-ресурс марказлари ходимлари учун  электрон каталогни вужудга келтириш бўйича 5 кунлик ўқув курси ташкил этилган. Шунингдек, ахборот-кутубхона фаолиятининг барча йўналишини қамраб олган “Ёш мутахассис мактаби” ҳам фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда вилоятдаги АРМ ходимлари малака ошириш имкониятига эга.
Қувонарлиси, марказнинг китобхонлик ва мутолаа маданиятини ошириш борасидаги юқори натижалари жамоа аъзолари эришаётган ютуқларда ўз аксини топмоқда. 2016 йилда Самарқандда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Республика ахборот-кутубхона маркази томонидан ташкил қилинган “Энг яхши ахборот-кутубхона маркази мутахассиси” кўрик-танловида мазкур зиё маскани ходими Шаҳноза Пармонованинг биринчи даражали диплом билан тақдирланганлиги бунга яққол мисол бўла олади. Жорий йилда у Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан таъсис этилган “Ўз касбининг устаси” белгисига лойиқ топилди.
— Ҳаётим мана шу кутубхонага боғланиб қолган, — дейди Мирзаобод туманидаги Янги ҳаёт маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Бувижон Худойқулова. — Нега десангиз, бу ердан олиб ўқиётган китобларим дардимга дармон бўлмоқда. Мутолаа пайтида дилим ёришади, гуёки, асар қаҳрамонлари билан бирга яшайман, уларнинг қувончини ўзимникидек ҳис қиламан. Оддий тикувчиман, лекин мен билан илк бор суҳбатлашган одам, “Сиз олий маълумотли бўлсангиз керак-а” деб қолади. Шунда, албатта, бу кўп китоб ўқиганимнинг самараси, деган ички қувончдан руҳим янада тетиклашади. Қисқача айтганда, китоб менинг суянчим ва энг яқин дўстимга айланган.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+