XS.UZ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи Ўзбекистон Президентининг АҚШга ташрифи Халқаро валюта жамғармасининг фармойиш берувчи директори Кристин Лагард баёноти Покистон Ислом Республикаси Қуролли Кучлари делегацияси ташрифи Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мемориал мажмуа кутубхонаси фонди яна 500 дан зиёд китоблар билан бойиди «Ўзбекистон — Евроосиёдаги янги иқтисодий тараққиёт замини» Ўзбекистон минтақада прагматик сиёсат олиб бормоқда Илму фан ва зиё маскани Болалар зарарли ахборот хавф-хатарларидан ҳимоя қилинади Аҳоли саломатлиги йўлида Юртимизда етиштирилган қовунлар европаликлар дастурхонида Миллат маънавиятига дахлдор масала Меҳнатимиз самараси шогирдлар камолида кўринади Ўзбекистон Президенти Америка Қўшма Штатларига келди Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг телефон орқали мулоқоти тўғрисида Ижтимоий адолатни қарор топтириш Она тилига эътибор ва масъулият Соғлом рақобат муҳити кучаяди Ўзбек халқи Мьянмалик қочқинларга ёрдам қўлини узатди Бой тажриба ва ибрат мактаби Сурхондарё соҳилида янги сўлим маскан Давлат идораларида мурожаатларга муносабат ўзгармоқда Дастлабки кунда ўн учта медаль Осиё чемпионати якунланди АКТ Саммити, роботлар намойиши ва интерактив лойиҳалар Тадбиркорларнинг ишончли ҳимоячиси Солиқ имтиёзлари аҳоли турмуш фаровонлиги кафолатидир Тиббий патронаж хизмати янгича ёндашув, изчил фаолият ва фидойи меҳнатни талаб этади Яқин қардошлик ва ўзаро манфаатдорликка асосланган ҳамкорликнинг янги босқичи
  • 15 Август 2017

Юртдан-юртга, дилдан-дилга ўтгувчи мўъжиза, бу — санъат

Инсоният тафаккурининг буюк кашфиётларидан бири бўлган мусиқа санъати қадимий тарихга эга. Минг йилдан ортиқроқ вақт давомида Буюк Ипак йўли орқали ҳунармандчилик буюмлари, турли-туман савдо маҳсулотлари билан бирга, мусиқа маданияти ҳам Шарқий Туркистон, Хитой, Корея ва ҳатто Япониягача етиб борган. 

Хитойлик олим Сун Сяннинг ёзишича, суғдийларнинг қўшиқлари, рақслари ва мусиқа асбоблари доимий равишда Чин ўлкаси шаҳар ҳамда қишлоқлари кўчалари бўйлаб таралиб турган. Қолаверса, император ва юқори мансабдорлар саройларида Транс-Оксиана (Ўрта Осиё) ҳамда Шарқий Туркистондан келган мусиқачиларга юксак санъатлари боис юқори даражада ҳурмат кўрсатилган. Япониялик олим Кисибе Тан империяси саройида фаолият кўрсатган Ўрта Осиё ва Шарқий туркистонлик ўттиз бир нафар мусиқачининг номини аниқлаган. 

Х аср охирида ўлкамиздан Хитойга борган қўшиқчининг беқиёс овозидан илҳомланган Чин диёри шоири Бо Цзюй-и “Чочлик қўшиқчи қиз” деган шеър ҳам битганлиги тарихдан маълум. Тан империяси даврида 727 йили Кешдан, 729 йили Маймурғдан, 713 ва 727 йилларда Самарқанддан ёш йигит ва қизлар Хитойга бориб, қирмизи кўйлак, қизил чарм ковушда рақс ижро этганлар. Уларнинг чиқишлари махсус саҳналаштирилган. Рақслар, асосан, икки турга бўлинган. Биринчиси, гавда ва қўл бармоқларига алоҳида эътибор бериладиган ҳаракатлар орқали нафис ижро этилса, иккинчи тури шўх-шодон, шиддатли ҳамда акробатик усулларда бажарилган. Уларнинг рақслари тўғрисида хитойлик шоирлар Бо Цзюй-и ва Юанг Чжен “Шамолдек чарх ураётган ўарблик қизлар” деган шеър битган. Хитойлик маликалар Ян ва Рокшан бу қизлардан суғдийча рақсларнинг бир неча ижро усулларини ўрганишган. 

Хитой йилномаларида келтирилган бундай маълумотларнинг тўғрилигини ўлкада олиб борилган археологик тадқиқотлар ҳам тасдиқлайди. Шимолий Хитойдаги қазишмалар чоғида бадавлат суғдий аслзоданинг қабри топилган бўлиб, бу ердан чиққан мармар тоштахтада Хитойга бориб ўз санъатини намойиш этаётган суғдлар мусиқа ансамбли тасвирланган. Ансамблда ўнга яқин машшоқлар иштирок этган. Улардан бир неча нафари уд, икки нафари най, икки нафари бир қўли билан ушлаб, иккинчи қўли билан уриб чалинадиган ноғорасимон асбоб ушлаб олган. Бир созанда эса арфа чалаяпти. Созандаларнинг ўртасида — раққос. 

Буюк Шарқ алломалари Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Паҳлавон Маҳмуд, Умар Хайём, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Паҳлавон Муҳаммад, Нажмиддин Кавкабий, Дарвиш Али Чангий ва бошқа улуғ бобокалонларимиз ўз рисолаларида ижрочилик санъати, мусиқа илми ҳамда тарихи, чолғу созларининг тузилиши, ижровий услублари, санъаткорлик қонун-қоидаларига оид қимматли маълумотларни баён этиб кетганлар. Машҳур дидактик асар “Қобуснома”да ҳам ҳофизлик ва санъаткорликнинг қоидаларига бағишланган алоҳида боб бор. Шарқ халқларининг мусиқий мероси бўлмиш Мақом, Мўғом, Дастгоҳ, Навба, Рага, Кюи каби ижрочиликнинг мураккаб туркумлари авлоддан-авлодга оғзаки равишда ўтиб келган. 

Тарихий манбалар, устоз-санъаткорлар фикри ҳамда илмий тадқиқотларга қараганда, Ўрта Осиё, Хуросон ва Озарбайжон халқлари мусиқасида қуйидаги ўн икки (Дувоздах) мақом: “Ушшоқ”, “Наво”, “Бузалик”, “Рост”, “Ҳусайний”, “Хижоз”, “Роҳавий”, “Зангула”, “Ироқ”, “Исфаҳон”, “Зирофканд”, “Бузург”нинг, мусиқа асбобларидан: уриб чалинадиган (доира, ноғора, қўшноғора, довул), торли чолғулар (арфа, чанг, уд, рубоб, дўмбира, камончали соз — қубуз, ғижжак), пуфлаб чалинадиган чолғу (най, сурнай, карнай, сибизға)лар бир-бирига ўхшашлиги ҳам Буюк Ипак йўлининг нақадар аҳамиятли эканлигидан далолатдир. 

Ибн Сино замонида, айниқса, уд жуда қадрли мусиқа асбоби бўлган ва буни рассомлар, шоирлар ўз асарларида эътироф этишган. Юртимизда мазкур соз араблардан олдин ҳам маълум эди. Араблар истилоси даврида дунёнинг жуда кўп мамлакатларида машҳур бўлди. Шундан сўнг Испанияга, у орқали Европа мамлакатларига ёйилди. Кейинчалик европаликлар унга ўзгаришлар киритиб, “люитня” деб атай бошладилар. 

Амир Темур ва темурийлар даврини муболағасиз, нафақат ўзбек халқи, балки бутун Шарқ мусиқа санъати учун жадал ривожланиш, камолот чўққисига эришиш, чинакам уйғониш палласи бўлган, дейиш мумкин. Зеро, бу халқлар ягона давлатни ташкил этиб, ўзаро самарали маданий алоқалар юритибгина қолмай, айни вақтда Осиё ва Европанинг энг йирик мамлакатлари билан ҳам маънавий боғланиш имкониятларига эга бўлганлар. Айниқса, Абдулқодир Мароғийнинг Шом давлатидан олиб келиниб, сарой мусиқачилари раҳбари этиб тайинланганлиги ҳам унинг мусиқа санъатига ихлосманд бўлганлигидан далолат беради. Тарихчи Дарвиш Алининг маълумотига қараганда, Хожа Абдулқодир Мароғий исфахонлик бўлиб, ўша даврнинг буюк мусиқашунос олими, бастакори ва назариётчиси эди. У Самарқандга келгач, сарой мусиқачиларига раҳбарлик қилди. Бу ерда ўз мактабини яратди, кўплаб шогирдлар тайёрлади. Унинг қаламига мансуб “Зубдат-ул адвор”, “Мақосид-ул илҳон” номли китоблар ёзилганлиги тўғрисида ҳам маълумотлар мавжуд. 

Темурийлар даврида хонанда ва созандалар, санъат аҳли Ўрта Осиё, хусусан, Самарқандда тўпландилар. Улар расмий, дипломатик, ҳарбий ҳамда бошқа тантаналарнинг доимий қатнашчиларига айланиб, халқ томошалари, оммавий байрамлар уларсиз ўтмас эди. Бу эса, ўз навбатида, мусиқанинг бошқа санъатлар қаторидан муҳим ўрин эгаллашини таъминлади. Манбаларда келтирилишича, ўзбек халқи мусиқа санъати қаторида, ҳарбий-расмий мусиқа турлари, мумтоз мақом санъати, минтақанинг бошқа туркий ҳамда озарбайжон, форсийзабон халқларнинг мусиқавий фольклори ривож топди. 

Ушбу даврда маънавий кўтаринкилик мусиқа санъатининг деярли барча жабҳаси учун кенг имконият яратди. Созандалик ва хонандалик, мусиқа таълими, бастакорлик ижоди, мусиқа илми камол топди. Асрлар қаърида шаклланган анъанавий, “Устоз — шогирд” таълим тизими кенг қулоч ёзди. Бу уйғониш нафақат пойтахт Самарқандда, балки унинг авлодлари даврида Бухоро, Хива, Китоб, Балх, Кобул, Ҳирот, Астробод, Агра, Султония каби йирик шаҳарларда ҳам қизғин кечди. Шаҳарларда “Хонандалар мавзеси”, “Созандалар маҳалласи”, “Бастакорлар кўчаси” жорий этилди. Мазкур касб соҳибларининг алоҳида обрў ва нуфузга сазовор бўлганлари атрофида махсус ижод, ижро ва илмий мавқега эга ижодий мактаблар шаклланди. 

Самарқанд шаҳрида — Регистон майдонида оламшумул мусиқа байрами “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалини ҳар икки йилда бир марта ўтказиш халқаро ҳамкорлик масалаларида яхши анъанага айланди, десак, муболаға бўлмайди. Жорий йилда ўн биринчи маротаба уюштирилаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали кунлари концертлар, илмий-ижодий учрашувлар, анжуманлар ва танловлар турли давлатлардан келган мусиқашунос олимлар учун бой ҳамда самарали мулоқотга айланиши кутилмоқда. Фестиваль дунё халқларининг санъатларини, турли миллат вакилларини мусиқий оҳанглар воситалари билан бирлаштиради. Чунки мазкур тадбирда жаҳоннинг кўплаб мамлакатларидан санъат намояндалари, машҳур хонанда ва созандалар қатнашади. Бу каби анжуманларда санъаткорларнинг ўзаро тажриба алмашувлари учун кенг имкониятлар туғилади. Зеро, бу жараён ҳам Буюк Ипак йўли орқали элдан-элга, юртдан-юртга, халқдан-халққа кўчиб, тинчлик элчиси сифатида хизмат қилган санъатимиз ривожланишининг узвий давомидир.

Бахтиёр БОЛТАЕВ,

Самарқанд давлат университети ўқитувчиси.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган