Миллий кино санъати равнақида муҳим қадам
  • 09 Август 2017

Миллий кино санъати равнақида муҳим қадам

Миллий кино санъати инсон онги ва тафаккурига, жамият ҳаётига, қолаверса, халқимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг ички дунёси, маънавиятига кучли таъсир кўрсатувчи муҳим воситалардан бири ҳисобланади.

Ёш авлодни ватанпарварлик, ота-онага ҳурмат, миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш, маънавиятимизни юксалтириш ҳамда одамларнинг дунёқарашини кенгайтиришда кино санъати муҳим ўрин тутади.
Президентимиз яқинда Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам миллий кино санъатида эришилган ютуқлар билан бир қаторда, соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатаётган кўплаб омиллар борлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ушбу учрашувда миллий кино санъати ривожини белгилаб берадиган ҳужжат тайёрланаётганлиги айтиб ўтилган эди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 август куни имзоланган “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори узоқ тарихга эга ва ўзига хос тараққиёт йўлини босиб ўтган ўзбек кино санъати ривожи учун улкан имкониятлар эшигини очиб беради, десак, муболаға бўлмайди.
Ушбу муҳим ҳужжатда, энг аввало, кинематография соҳасининг халқимиз ҳаётида, айниқса, ёшлар тарбиясидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, ғоявий-бадиий савиясини ошириш, уни ҳозирги замон талаблари асосида янада такомиллаштириш каби бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, миллий кинематография санъатини замон талаблари асосида ривожлантириш, ёш кино ижодкорларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳузурида Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Шу билан бирга, агентлик ҳузурида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда таркибида кичик киностудиялари ва замонавий форматдаги кинозаллари бўлган минтақавий маданий-кўнгилочар комплекслар бунёд этилади.
Бундан ташқари, қарорда кадрлар тайёрлаш, ёш истеъдодли ва истиқболли кино ижодкорлари малакасини ошириш, уларнинг етакчи хорижий таълим муассасаларида таҳсил олишига қаратилган вазифалар белгиланганлиги ҳам соҳа ривожида муҳим қадам бўлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур қарор мазмун-моҳияти билан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг дастурий мақсадлари ҳамда сайловолди дастурида белгиланган вазифаларга уйғун ва ҳамоҳангдир.
Жумладан, партиямиз сайловолди дастурида халқимиз маданияти ва санъати ютуқларини халқаро майдонда кенг миқёсда тарғиб этиш, буюк аждодларимизнинг фаолиятига бағишланган кино асарларини яратиш ва уларни дунё жамоатчилиги диққат-эътиборига етказиш, шунингдек, ёшларга маънавий ибрат бўладиган, ёш авлодни миллий ғоя, жасорат ва матонат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган фаол замондошларимизнинг бадиий образларини яратиш каби долзарб вазифалар белгиланган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, мазкур қарор партиямизнинг шу йўналишда вазифаларни амалга оширишида дастуриламал бўлиб, партиямиз фаоллари ва фракциямиз аъзолари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.
Ишончимиз комилки, ушбу қарор келгусида ёшлар маънавиятини, тафаккури ва бадиий дидини янада юксалтириш, уларни эзгу ишлар сари даъват этишда ҳар томонлама ибрат бўлишга арзигулик миллий ва замонавий қаҳрамонлар сиймоси акс эттирилган экран асарларини яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Козим ТОЖИЕВ,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn