Душанбеда Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси иш бошлади
  • 18 Апрель 2017

Душанбеда Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси иш бошлади

17 апрель куни Тожикистон пойтахтида Ўзбекистон саноат маҳсулотларининг биринчи кўргазма-ярмаркаси иш бошлади. Икки мамлакат савдо-саноат палаталари ҳамда “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар компанияси ушбу тадбирнинг ташкилотчилари ҳисобланади.

“Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирининг “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар компанияси бошқаруви раиси Иброҳим КЕНЖАБОЕВ билан суҳбати ана шу мавзуга бағишланди. 

— Бугунги кунда Тожикистон билан ўзаро манфаатли шериклик ва яхши қўшничилик муносабатларини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда, — деди у. — Ўзбекистон миллий кўргазма-ярмаркаси мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 2016 йил охирида бўлиб ўтган сўнгги йиғилиши чоғида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш доирасида юртимиз ташаббуси билан ўтказилмоқда.     

Замонавий шароитларда кенг кўламли иқтисодий ва сармоявий масалаларни муҳокама этиш имконини берадиган бизнес майдонини ташкил қилмасдан ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш мушкул масала. Шу боис ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ҳамда Тожикистон ва МДҲ мамлакатлари бозорларида Ўзбекистоннинг рақобатдош маҳсулотларини тарғиб қилиш мақсадида томонлар ана шундай даражадаги тадбирларни ўтказиш юзасидан муштарак келишувга эришган эди. 

Мазкур кўргазма икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги самарали муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга кўмаклашади. Тадбирда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 1500 турдаги маҳсулотларни намойиш этадиган 160 дан зиёд компаниянинг иштирок этиши кўзда тутилган. 

Душанбедаги “Пойтахт — 90” савдо уйи ҳудудидаги 2000 квадрат метрлик саҳнда тўқимачилик, озиқ-овқат, тери-чарм, электротехника, кабель-узаткич, дори-дармон, шунингдек, ўқув-лаборатория ускуналари, қурилиш материаллари, сантехника, чинни буюмлар ва турли идишлар, пардоз-андоз ҳамда вино-ароқ маҳсулотлари пештахталардан жой олди.  

Шу билан бирга, 1000 квадрат метр саҳнли очиқ намойишлар майдонида қишлоқ хўжалиги ҳамда транспорт техникалари, жумладан, енгил ва юк автомобиллари, йўловчи автобуслар, турли тракторлар ҳамда бошқа жиҳоз-ускуналарни намойиш этиш ҳам назарда тутилган.  

Кўргазма-ярмарка доирасида ташкил қилинадиган бизнес-форумлар ва семинарларда икки мамлакат ишбилармон доираларининг 500 нафарга яқин вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. 

Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу тадбир икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмининг ошишига, мамлакатларимиз бизнес доиралари вакиллари ўртасида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларнинг ўрнатилиши ҳамда ривожланишига, савдо-сотиқнинг кўпайиши, қисқача айтганда, кўп қиррали Ўзбекистон — Тожикистон ҳамкорлиги кўламларининг янада кенгайишига кўмаклашади.  

Ўзбекистон саноат маҳсулотларининг Душанбедаги биринчи кўргазма-ярмаркаси 20 апрель куни ниҳоясига етади.

Замира АЗИЗХОНОВА

ёзиб олди.

(«Жаҳон» АА.)

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn