Акциялари нархи кўтарилди
  • 01 Февраль 2017

Акциялари нархи кўтарилди

Ахборот технологиялари соҳасида жаҳонга машҳур “Microsoft” корпорацияси (АҚШ)нинг акциялари нархи 2,5 фоиз кўтарилди, дейилади “Geekwire” сайти хабарида.

Натижада унинг капитали сўнгги 17 йил ичидаги энг максимал даражага етди. Яъни 500 миллиард доллардан ошди. Бунга 2016 йилнинг тўртинчи чораги якунлари тўғрисида эълон қилинган маълумот катта туртки бўлди. Гап шундаки, мазкур даврда “Microsoft” экспертлар кутганидан кўпроқ — 25,8 миллиард доллар даромад олишга эришди.

Дунё бўйича капитали энг юқори компаниялар рўйхатида “Apple” етакчиликни сақлаб турган бўлса, “Alphabet” (“Google”) ва “Microsoft” иккинчи ҳамда учинчи поғоналарни банд этган.

Мавқеини бой берди

Япониянинг “Toyota” компанияси автомобиллар сотиш бўйича беш йилдан буён эгаллаб келаётган етакчилик мавқеини 2016 йилда бой берди.

Ушбу даврда дунё миқёсида унинг маҳсулотларидан 10 миллион 175 мингтаси ўз харидорини топган. Шимолий Америка, Яқин Шарқ давлатлари ва Африкада талабнинг нисбатан камайгани туфайли умумий савдо кўрсаткичи 0,2 фоиз тушиб кетган. “Toyota”нинг ўрнини Германиянинг “Volkswagen” компанияси эгаллади. Гарчи ушбу ишлаб чиқарувчи учун якунланган йил осон кечмаган бўлса-да, мазкур компания 10,3 миллион дона автоулов сотишга эришган.

Савдо бўйича келишув

“Royal Dutch Shell” нефть-газ компанияси (Нидерландия/Буюк Британия) Шимолий денгиздаги фаолиятига тегишли активларини “Chrysaor” компаниясига 3,8 миллиард АҚШ долларига сотишга қарор қилди.

Ўзаро келишувга кўра, харидор тўловни муайян вақт давомида амалга оширади. Аниқроғи, дастлабки босқичда 3 миллиард доллар ўтказиб берса, қолган суммани 2018 йилдан 2021 йилгача тўлайди.

Йўл-транспорт ҳодисаси

Франциянинг Париж шаҳри яқинида йирик йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.

Маҳаллий “BFMTV” телеканали хабарига қараганда, юк машинаси, иккита автобус ва тўртта енгил машина тўқнашиб кетган. Бунга нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум. Воқеа оқибатида 65 киши жароҳатланган. Улардан беш нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Ҳодиса содир бўлган трасса вақтинча ёпилди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn