• 31 Октябрь 2016

Европа матбуоти Тошкентда бўлиб ўтган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси якунлари ҳақида

18-19 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари -кенгашининг 43-сессияси Европа матбуотида кенг ёритилди.

Жумладан, Испаниянинг “ATALAYAR” электрон журналида эълон қилинган Сан Пабло-Мадрид университети профессори Антонио Алонсонинг “Ўзбекистоннинг ИҲТга қўшган ҳиссаси: толерантликка асосланган ислом” сарлавҳали мақоласида таъкидланишича, Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев сессиянинг очилиш маросимидаги нутқида ҳақиқий ислом башарият дини ҳисобланиши ғоясига алоҳида эътибор қаратди. Ислом динини босқинчилик ва қон тўкувчилар билан тенглаштириб бўлмайди ҳамда ушбу муқаддас динни обрўсизлантирмоқчи ва таҳқирламоқчи бўлган кимсалардан ҳимоя қилмоқ зарур. Ислом қадриятлари ҳамда маданиятини бутун жамиятда тўғри тушуниш ва қабул қилиш муҳимдир, дунё халқларига мусулмон динининг асл моҳиятини етказиш — конфессиялараро мулоқот ҳамда тинчлик учун аҳамиятли.

Муаллиф Ўзбекистоннинг ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислигидаги асосий мақсадлар ва истиқболлар ҳақида тўхталар экан, мамлакатимизнинг ислом дини ривожланишига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритиб, Марказий Осиёдан етишиб чиққан машҳур мутафаккирлар номларини эслайди. Улар орасида, шубҳасиз, Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ҳамда бошқа буюк шахсларнинг исмлари бор. Муаллиф бугун Ўзбекистон таълим, маърифат ва асл ислом қадриятларини қайта тиклаш соҳаларида ҳамкорлик қилиш йўли орқали глобал хавфсизликни мустаҳкамлашга интилмоқда, дея таъкидлайди.

А. Алонсо Шавкат Мирзиёев нутқидаги яна бир муҳим жиҳат, бу — толерантлик, деб ҳисоблайди. Айнан бу борада Марказий Осиё, хусусан, асрлар давомида турли диний конфессиялар аҳил ҳолда мавжуд бўлиб келган Ўзбекистон улкан бой тарихий тажрибага эгадир.

“Ўзбекистонда толерантлик маданияти, асосан, сўнгги 25 йиллик мустақил тараққиёт йилларида янги босқичга чиқди. Давлат ҳамда жамиятнинг дунёвий моделини яратган мамлакатнинг Конституцияси бугун турли динларга эътиқод қилувчи фуқароларнинг барқарор ва аҳил турмуш кечиришининг ифодаси сифатида хизмат қилмоқда”, дейилади мақолада.

ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси ҳақидаги ахборот материаллари бир қатор немис матбуотида ҳам чоп этилди.

Жумладан, “Presse Echo” нашрида ёзилишича, Ўзбекистондаги исломнинг ўзига хос маданияти ҳамда фани ислом динининг муҳим, ажралмас асосларига айланди ва бу Тошкентдаги учрашувда яна бир бор билдирилди.

Нашрда мамлакатимизнинг Самарқанддаги Имом Бухорий меъморий мажмуаси ҳузурида халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш борасидаги ташаббусини жуда манфаатли ҳамда зарур, деб ҳисоблайди ва бу улкан ислом меросини чуқур ўрганишга хизмат қилишига, исломшунос олимлар ўртасида замонавий мусулмон дунёсидаги кўплаб муаммоларни ҳал этиш юзасидан илмий айирбошлаш ҳамда мулоқотнинг фаоллашувига туртки бўлишига умид билдирилади.

“Presse Echo”да, шунингдек, Ўзбекистоннинг ядро қуролидан холи зона географиясини кенгайтириш ташаббусига, шу билан бирга, Яқин Шарқда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш ғоясини қўллаб-қувватлашига эътибор қаратилади. Ушбу минтақада зиддиятлар кўлами кучаяётган бир шароитда Яқин Шарқда ядро қуролидан фойдаланилиши борасидаги исталган таҳдид бутун дунё учун ҳалокатли оқибатга олиб келиши мумкин. “Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан илгари сурилган таклиф нафақат ИҲТ аъзолари, балки бутун халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланиши шарт”, дея таъкидланади мақолада.

Ўз навбатида, Германиянинг “Usbekistan Online” ахборот портали қуйидаги мулоҳазаларни баён этади:

“Буюк Ипак йўлининг юрагида жойлашган Ўзбекистон ўтмишда халқаро савдо ва турли маданиятларнинг мулоқот маркази, илмий ҳамда фалсафий фикрлар ўчоғи бўлиб хизмат қилган. Бу ўлка улкан илмий мероси бутун инсониятнинг ютуқлари бўлган Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа кўплаб буюк олимлар ҳамда мутафаккирларнинг Ватани ҳисобланади.

Бугунги Ўзбекистон, бу — дунёвий давлат бўлиб, аҳолисининг 90 фоиздан зиёд қисми ислом динига эътиқод қилади. Ўзбекистон Конституциясига асосан, республиканинг ҳар бир фуқароси фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга. Асосий Қонунда белгилаб қўйилган ҳуқуқлар турли диний эътиқодга мансуб бўлган 130 дан ортиқ миллат ҳамда элат вакилларининг аҳилликда турмуш кечиришига мустаҳкам асосдир.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 16 та конфессиянинг манфаатларини намоён этувчи 2 мингдан кўп диний бирлашмалар рўйхатдан ўтган”.

Ўзбекистоннинг миллатлараро, маданиятлараро ва динлараро ўзаро англашувини таъминлаш тажрибаси ҳам ИҲТга аъзо давлатлар, ҳам Европа мамлакатлари томонидан ҳар томонлама ўрганишга муносибдир, дея таъкидланади немис нашрида. Шу муносабат билан ишонч билдириш мумкинки, Ўзбекистон улкан салоҳиятга эга бўлган ИҲТнинг дунёдаги нуфузи мустаҳкамланишига муҳим ҳисса қўшади.

«Жаҳон» АА.

Мадрид — Берлин