Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мустаҳкамланишида Ўзбекистон ташаббуслари ва уларнинг аҳамияти
  • 06 Май 2016

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мустаҳкамланишида Ўзбекистон ташаббуслари ва уларнинг аҳамияти

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг асосчи мамлакатларидан бири сифатида Ўзбекистон ушбу ташкилотга аъзо бўлган бошқа давлатлар қаторида ШҲТ ривожланишининг стратегиясини белгилайди. Бу йўналишда ташкилот иш бошлаган 2001 йилдан эътиборан айнан мамлакатимиз саъй-ҳаракатлари билан унинг фаолиятини такомиллаштириш, ташкилот иштирокчилари, шунингдек, бошқа умумбашарий ва минтақавий институтлар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда мустаҳкамлаш борасида салмоқли муваффақиятларга эришилди.

Ўзбекистон, ШҲТ Хартиясида белгилаб қўйилганидек, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, минтақа давлатларининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини ошириш, ташкилот фаолиятининг самарадорлиги ҳамда халқаро нуфузини юксалтиришга йўналтирилган мақсадлар, вазифа ва тамойилларга қатъий риоя этилишининг тарафдоридир. Блок бўлиш ёки қарама-қарши туриш йўналишидан холи ушбу тизимнинг очиқлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон ШҲТга биринчи маротаба раислик қилган даврда (2003-2004 йиллари; мамлакатимиз бу бирлашмани иккинчи маротаба 2009-2010 йилларда бошқарган) ташкилотнинг институционал шаклланиши нуқтаи назаридан муҳим ҳужжатлар: ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи мақоми тўғрисидаги Низом ва ШҲТнинг кузатувчилар билан ҳамкорлиги тартиби имзоланди. Натижада 2004 йили Мўғулистон, 2005 йили эса Ҳиндистон, Покистон ҳамда Эрон кузатувчи мамлакат мақомини олди. Бундан ташқари, Наркотик воситалар, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари ноқонуний айланишига қарши курашда ҳамкорлик тўғрисидаги Битимнинг имзоланиши ҳам диққатга молик воқеа бўлдики, у гиёҳ-вандлик хавфига қарши курашда кўп томонлама ҳамкорлик учун ҳуқуқий асос яратди.

Шу билан бирга, 2004 йилнинг январидан бошлаб Тошкентда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) -фаолият кўрсата бошлади. Доимий асосда иш олиб борадиган ушбу орган ШҲТга аъзо давлатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ва махсус хизматларининг радикал, тажовузкор экстремизм ҳамда айирмачиликка, уюшган жиноятчиликка қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва амалий ҳамкорлиги учун самарали восита бўлиб қолди.

Қайд этиш ўринлики, жорий йил 8 апрелида пойтахтимизда бўлиб ўтган Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) Кенгашининг навбатдаги 28-мажлиси чоғида ШҲТга аъзо давлатларнинг терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича 2013 — 2015 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини амалга ошириш якунлари ҳамда бошқа ҳужжатлар ижросининг бориши муҳокама қилинди.

2004 йили Ўзбекистон ташаббуси билан мазкур ташкилотга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари Котибларининг учрашуви институти тузилди. У ШҲТ доирасида хавфсизлик соҳасидаги мувофиқлаштирувчи-маслаҳат механизми ҳисобланади. Ўша йилнинг июнидаёқ Тошкентда бу институтнинг биринчи учрашуви бўлиб ўтди. Ўшандан буён ушбу учрашув ҳар йили ўтказилади ва у хавфсизлик соҳасидаги вазиятни ўрганиш, таҳлил этиш ҳамда баҳолаш, ШҲТ мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришда муҳим ўрин тутмоқда. Бундай учрашувлар доирасидаги музокаралар анъанавий ва янги хавф-хатарларга ўз вақтида муносабат билдиришда умумий ҳамда ўзаро мақбул ёндашувларни ишлаб чиқишга кўмаклашаётгани баробарида, тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш соҳасида ташкилот фаолиятининг самарадорлигини ошираяпти.

2016 йил 13-14 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг раислигида ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг ўн биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш чоғида ШҲТ ҳудудида хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлашга доир долзарб масалалар, терроризм, сепаратизм, экстремизм, қурол-яроғ ва наркотикларнинг ноқонуний айланиши ҳамда бошқа замонавий хавф-хатарларга қарши курашиш юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, 2010 йили (Ўзбекистоннинг ШҲТдаги иккинчи раислиги даврида) ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, ташкилотнинг ташқи алоқаларини кенгайтириш, кенг минтақадаги тинчликни, осойишталик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича вазифалар самарали ҳал этилишига йўналтирилган ҳужжатларнинг салмоқли туркуми имзоланди.

Масалан, мамлакатимизнинг иккинчи раислиги даврида олиб борилган фаол дипломатик ишлар туфайли 2010 йилнинг апрелида — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Пан Ги Муннинг ташрифи чоғида Тошкентда БМТ ҳамда ШҲТ котибиятлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Қўшма декларация имзоланди. Мазкур ҳужжат икки бирлашма ўртасидаги расмий ҳамкорликнинг ибтидоси бўлди.

Қўшма декларация ҳуқуқий пойдеворни мустаҳкамлаш, ШҲТнинг халқаро нуфузини ошириш ва унинг БМТ тузилмалари билан алоқаларини ривожлантиришда жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Ташкилотнинг 2010 йил июнь ойида Тошкентда бўлиб ўтган саммити чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов баён этганидек, ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши “ШҲТ олдида турган вазифаларни ҳал этишда БМТ минбаридан янада фаолроқ фойдаланиш, жумладан, унинг доирасида ШҲТга аъзо давлатларнинг манфаатларини ифодаловчи масалаларни биргаликда илгари суриш имконини беради”.

ШҲТга янги аъзоларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг тасдиқланиши ўз аҳамияти билан навбатдаги воқеа бўлдики, унинг қабул қилинишида Ўзбекистоннинг фаол иш олиб боргани ташкилотга аъзо барча давлатларнинг консенсусга ҳамда уларнинг ёндашувлари бирлашувига эришилишига кўмаклашди. ШҲТ янада кенгайиши учун ҳуқуқий заминнинг яратилишида муҳим қадам бўлган мазкур ҳужжат ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзоси мақомини олишни истаган давлатларнинг мувофиқлиги лозим бўлган асосий мезонларни белгилаб берди. Бу билан дунёнинг кўпгина мамлакатлари учун тобора жозибали аҳамият касб этаётган ушбу ташкилотнинг очиқ эканлиги яна бир бор тасдиқланди.

Ўзбекистон ташаббуси билан ва унинг фаол иштирокида ишлаб чиқилган ҳамда 2010 йили қабул қилинган ШҲТ процедураларининг қоидалари мазкур ташкилотнинг янада тараққий этишига ҳамда унинг фаолиятидаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришга хизмат қилди. Ушбу ҳужжат қабул қилингунига қадар ташкилот доирасида меъёрий-ҳуқуқий актлар юзасидан ташаббус кўрсатиш, ишлаб чиқиш, келишиш ва қабул қилиш бўйича ягона қоида мавжуд эмас эди. Унга ШҲТ фаолиятининг асосий тамойили — ташкилот доирасида фақат консенсус асосидагина қарор қабул қилинишининг муҳрлаб қўйилгани мазкур ҳужжатнинг муҳим муваффақиятларидан бири бўлди.

Шуни қайд этиш ўринлики, юртимизнинг ташкилотга иккинчи раислиги даврида илм-фан ҳамда техника бўйича ШҲТга аъзо давлатлар вазирлик ва идоралари раҳбарлари учрашувининг механизми ишга солинди. Бундан ташқари, ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида қишлоқ хўжалиги ҳамда жиноятчиликка қарши кураш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланди.

2015-2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси ШҲТга яна бир бор раислик қилмоқда. Ушбу масъулиятли миссия ташкилот ташкил этилганининг 15 йиллиги билан тўғри келди.

Ушбу давр оралиғида хавфсизликка таҳдидларга қарши биргаликдаги курашни кучайтириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, бу соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш, аъзо давлатларнинг изчил тараққиётини таъминлаш, ташкилотнинг халқаро алоқаларини янада кенгайтириш сингари вазифалар диққат-эътиборда бўлиб қолмоқда.

Мамлакатимизнинг фаол саъй-ҳаракатлари туфайли ўтган йили ШҲТ фаолиятининг асосий йўналишларида аниқ-равшан натижаларга эришилди. Масалан, 2015 йил сентябрида Камбоджа Қироллигига ШҲТнинг мулоқот бўйича шериги мақомини бериш тўғрисидаги меморандум имзоланди. Жорий йилда ана шундай ҳужжатлар Озарбайжон, Арманистон ва Непал билан ҳам имзоланди. Жанубий Осиёдаги икки йирик давлат — Ҳиндистон Республикаси ҳамда Покистон Ислом Республикасини ШҲТга қабул қилиш бўйича музокаралар жараёни давом этаётир.

Май ойининг охирида ШҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлиси бўлиб ўтади. Июнь ойида эса маданият вазирлари мажлиси, шунингдек, Банклараро бирлашма кенгаши ҳамда Ишбилармонлар кенгаши бошқарувининг мажлисларини ўтказиш режалаштирилган. ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси асосий тадбир бўлади, албатта. Саммит якуни бўйича ташкилотнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги ривожланишининг асосий йўналишларини белгилаб берадиган қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилаяпти.

Ўтган йиллар тажрибасини ҳисобга олиб, шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига ҳозирги, учинчи раислигининг якунлари ҳам белгиланган вазифаларни ҳал этиш юзасидан ушбу тузилманинг салоҳиятини янада кучайтиришга, мазкур бирлашма фаолиятининг меъёрий-ҳуқуқий заминини мустаҳкамлаш ҳамда унинг жаҳон майдонидаги нуфузини оширишга хизмат қилади.

 

«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn