Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Японияда намойиш этилди
  • 15 Апрель 2016

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Японияда намойиш этилди

Яқинда Япониянинг Кагосима префектурасида “Японияда сайёҳликни фаоллаштириш” ХI Халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Япония сайёҳлик компаниялари ассоциацияси (ANTA), Япония миллий сайёҳлик ташкилоти (JNTO) ва Кагосима префектураси маъмурияти ҳамкорлигида уюштирилган мазкур тадбирда дунёнинг қатор мамлакатларидан келган 500 дан зиёд сайёҳлик компаниялари, шу жумладан, Ўзбекистон вакиллари ҳам ўз хизматларини тақдим қилди.

Иштирокчиларда, айниқса, юртимизнинг миллий экспозицияси катта қизиқиш уйғотди. Меҳмонлар эътиборига сайёҳлик соҳасига оид қўлланмалар, ҳужжатли фильмлар, миллий либослар ҳамда халқ амалий санъати буюмлари, шунингдек, Ўзбекистон маданияти, тарихи ва меъморий обидалари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган рисолалар ҳавола этилди.

Форумга ташриф буюрганлар Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз ҳамда Термиз сингари кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарлар тасвирланган фотоальбомлар билан ҳам -танишдилар.
Япония Либерал-демократик партияси Бош кенгаши раиси, Япония сайёҳлик компаниялари ассоциацияси президенти Тоcихиро Никай мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятининг тақдимотида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг мазкур форумдаги иштироки давлатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
— Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирида туради, — деди у. — Сўнгги йилларда республикада кўплаб замонавий меҳмонхоналар барпо этилиб, транспорт-коммуникация инфратузилмаси янада такомиллаштирилди. Бу эса соҳанинг жадал ривожланишида муҳим омил бўлмоқда. Японияда Ўзбекистонга, унинг тарихи ҳамда тобора юксалаётган иқтисодиётига нисбатан қизиқиш кундан-кунга ортиб бораётир. Натижада юртингизга уюштирилаётган саёҳатлар кўпаймоқда. Жорий йилнинг апрель — май ойларида “Токио — Самарқанд” йўналиши бўйлаб тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши эса сайёҳлар оқимининг янада ошишига хизмат қилиши, шубҳасиз.
Япония сайёҳлик агентликлари ассоциацияси (JATA) президенти ўринбосари, “Nippon Travel Agency” компанияси раҳбари Казуаки Маруо кўргазмада алоҳида ажралиб турган Ўзбекистон экспозицияси Япония компаниялари ва меҳмонларга мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойлари, тарихи ҳамда маданияти ҳақида батафсил маълумот олиш имконини берганини алоҳида қайд этиб ўтди.
— Тошкент, Самарқанд, Хива, Бухоро, Шаҳрисабз ва Термиз сингари кўҳна шаҳарларда жойлашган қадимий обидалар, тарихий ёдгорликлар ҳамда ўзбек халқининг бой маданияти, кўп асрлик миллий урф-одатлари сайёҳлар эътиборини кун сайин тортмоқда, — деди
К. Маруо. — Шу сабабли биз Ўзбекистонга бўлган туристик йўналишни бундан-да кенгайтириш тарафдоримиз. Келгусида мазкур йўналишда саёҳат қилишни истовчилар сони янада кўпайишига ишончимиз комил.


«Жаҳон» АА.
Токио

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn