Жадал ривожланаётган биржа
  • 26 Декабрь 2015

Жадал ривожланаётган биржа

Жорий йилда Ямайка фонд бозори дунёдаги энг жадал ривожланаётган субъект, деб топилди. Бу ҳақда “Блумберг” ахборот агентлиги хабар тарқатди. Мамлакат миллий биржасининг асосий индекси 80 фоиз ошган. Бундай муваффақиятда ушбу давлат иқтисодиётидаги ўсиш, инвесторларга берилаётган кафолатларнинг яхшилангани, маҳаллий активларнинг хорижлик сармоядорлар томонидан сотиб олинаётгани муҳим омилга айланган. Йил якуни бўйича Ямайка ялпи ички маҳсулоти 1,4 фоиз ўсиши тахмин қилинмоқда.

Янги смартфон
Хитойнинг смартфонлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Meizu” компанияси янги маҳсулотини омма эътиборига ҳавола қилди.
Унга жуда кучли процессор, кўп маълумотларни жойлаш имкониятига эга хотира, сифатли овоз тизими, замонавий камера ва сканер ўрнатилган. Айни шу хусусиятлари -билан ушбу мобиль алоқа воситаси харидорларда катта қизиқиш уйғотиши айтилмоқда.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, “Meizu” компанияси мамлакатдаги энг яхши ўнта ишлаб чиқарувчидан бири ҳисобланади. Унинг “MX”, “M” ва “Pro” каби моделдаги смартфонлари кўпчиликка яхши таниш.

Қўнишда адашди
Конго Демократик Республикасида “А310” самолёти қўниш пайтида ҳалокатга учради.
“Air Service” авиакомпаниясига тегишли ҳаво лайнери учувчиси Мбужи-Майи аэропортидаги учиш-қўниш йўлагини адаштириб юборгани натижасида самолёт яқин орадаги уйга бориб урилган. Хонадон ичида бўлган етти кишининг барчаси ҳаётдан кўз юмган.

Қизиқиш кучаймоқда
Франциянинг Лион шаҳридаги “Confluence” номли янги музейга ташриф буюраётганлар сони қисқа вақт ичида 750 минг нафардан ошиб кетди.
У 2014 йилда Ронь ва Сон дарёлари қўшилган жойда очилган эди. Маданият масканига келаётганлар 3 мингдан ортиқ доимий кўргазма коллекциялари билан танишишлари мумкин. Уларнинг орасида илмий, археологик, этнографик экспонатлар мавжуд.

Бўрон ва ёғингарчилик мавсуми
АҚШнинг шарқий қисмида кучли бўрон ва ёғингарчиликлар кузатилмоқда. Хусусан, Миссисипи, Теннеси, Арканзас, Миссури, Иллинойс ва Кентукки штатларида, айниқса, вазият жиддий тус олган. Бунинг оқибатида ўн киши қурбон бўлган. Шунингдек, Атланта, Вашингтон, Нью-Йорк аэропортларида кўплаб рейслар бекор қилинган.
Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn