«Сайловларга кўрилган тайёргарлик ҳамда уларнинг ўтказилиш даражаси алоҳида таҳсинга лойиқдир»
  • 10 Январь 2015

«Сайловларга кўрилган тайёргарлик ҳамда уларнинг ўтказилиш даражаси алоҳида таҳсинга лойиқдир»

Илгари хабар берилганидек, 2014 йил 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайловларда халқаро кузатувчи сифатида қатнашган хорижлик журналист ҳамда экспертлар мазкур муҳим сиёсий жараён якунлари юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги дипломатия ваколатхоналарига йўллашмоқда. Қуйида АҚШлик халқаро кузатувчиларнинг Ўзбекистонда ўтказилган парламент сайловлари хусусидаги таассуротлари билан танишишингиз мумкин.

Э. МАЧЕРОВСКИ, Бенедиктин Фалсафа ва ўрта асрлар илм-фанлари коллежи профессори (Канзас штати):
— Ўзбекистонда сайловларга кўрилган тайёргарлик ва уларнинг ўтказилиш даражаси алоҳида таҳсинга лойиқдир. Айниқса, Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг мувофиқлаштирилгани, сайлов округлари ҳамда участкаларидаги батартиблик, шунингдек, аҳолининг сайлов жараёнидаги фаол иштироки кишида катта таассурот қолдиради.
Электоратнинг сиёсий етуклиги ҳам алоҳида эътиборга моликдир. Сайлов участкалари очилган дастлабки соатдан бошлабоқ булар яққол сезилди.
Сайловлар якунлари ҳақида фикр билдирар эканман, улар шаффоф ва адолатли ўтганини қайд этишни истар эдим. Америка Қўшма Штатларидаги сайловларнинг кўп йиллик тажрибага эга иштирокчиси сифатида шуни тасдиқлашим мумкинки, Ўзбекистондаги сайлов жараёни ижтимоий аҳамиятга молик жиҳатлари билан ажралиб турди. Ушбу сиёсий тадбир чоғида тиббий хизмат ходимларининг навбатчилиги, она ва бола хоналари ташкил қилингани ва бошқалар бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Бундан ташқари, Ўзбекистондаги сайловлар халқаро меъёрларга мувофиқ равишда ўтказилганини ҳам қайд этиш жоиздир.


П. МОРВИЖ, “Глобал илмий тўпламлар” нашрлари маркази директори, Нью-Йорк давлат университети профессори:
— 2014 йил 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайловларда қатнашган халқаро экспертларнинг аксарияти овоз бериш шаффоф сайловларнинг юксак меъёрларига мос равишда ўтганини таъкидлашди. Бу универсал мезонларга қўшимча тариқасида қатор қулайликлар ҳам яратилдики, улар Ўзбекистоннинг ўзига хос жиҳатларини қамраб олгани билан аҳамиятлидир.
Маҳалла — ана шундай қадриятлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг ядроси бўлган маҳалла институти Марказий сайлов комиссияси ва сайловчилар ўртасида кўприк вазифасини бажарди, дейиш мумкин.
Таъкидлаш керакки, Олий Мажлисга бўлиб ўтган сайловлар Ўзбекистон мустақилликнинг тарихан қисқа даври мобайнида эришган улкан муваффақиятларни жаҳон ҳамжамиятига яна бир бор намойиш қилди.

М. ЭДЕЛЬШТЕЙН, Атроф-муҳитни ўрганиш институти директори, Рамапо коллежи профессори (Нью-Жерси штати):
— Мен Самарқанд вилоятида жойлашган бир нечта сайлов участкаларида овоз бериш жараёнини кузатдим. Бу ерда сайловчилар учун барча шарт-шароит яратилган, шаффофлик ва очиқлик муҳити таъминланган. Умуман олганда, менинг кузатишларим сайловларнинг ташкил этилиши ва ўтказилиши юқори баҳога сазовор эканлигини тасдиқлади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон экологик ҳаракатига Қонунчилик палатасидаги 150 та ўриннинг 10 фоизи миқдоридаги квотанинг ажратилиши Ўзбекистон раҳбариятининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига қай даражада жиддий ёндашаётганини кўрсатади.
Бўлиб ўтган очиқ сайловлар жараёнини кузатганим баробарида, бугунги Ўзбекистон ҳаётида юз бераётган кўпгина ўзгаришлар билан ҳам яқиндан танишдим. Мамлакатингиз ўз салоҳиятини юксалтириш йўлида жуда катта қадамлар ташламоқда. Парламент сайловлари чоғида амин бўлганимдек, Ўзбекистон демократик жамият қуриш борасида салмоқли муваффақиятларни қўлга киритган.


«Жаҳон» АА.
Нью-Йорк

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Бандлик муаммоси Нефть нархи ўзгарди »