Бандлик муаммоси
  • 10 Январь 2015

Бандлик муаммоси

Италия миллий статистика институти (ISTAT) маълумотларига кўра, мамлакатда ишсизлик даражаси 13,4 фоизга етди. Бундай салбий кўрсаткич 1977 йилдан буён қайд этилмаганди.

Айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш масаласи жиддий муаммо бўлиб турибди. Чунки ҳозирги вақтга келиб уларнинг 43,9 фоизи иш жойига эга эмас.
 Айтиб ўтиш жоизки, ўтган йил сўнгида Италия парламенти меҳнат бозорида қулай шарт-шароит яратишга қаратилган қонунни тасдиқлаган эди. Аммо маҳаллий касаба уюшмалари унда ёлланма ишчиларнинг манфаатларига салбий таъсир қилувчи чекловлар мавжудлигини айтиб, норозиликларини билдиришганди.

Ишга 24 йил келмади
Ҳиндистон ҳукумати департаменти 24 йилдан буён ўз иш жойига келмаётган ходимни лавозимидан озод этишга қарор қилди.
Манбада айтилишича, меҳнат интизомини бузган шахс А. К. Варма бўлиб, у 1990 йилнинг декабрида таътилга чиққан эди. Лекин шу кўйи ишга қайтмаган. Варманинг дам олиш муддатини узайтириш ҳақида ёзган аризаси қаноатлантирилмаган бўлса-да, уни лавозимидан четлатиш негадир шу пайтгача ортга суриб келинган.
Ушбу ҳолат ходимнинг узоқ муддат ишга чиқмаслиги бўйича Ҳиндистондаги янги рекорд сифатида қайд этилиши мумкин. Чунки бундан аввал мамлакатдаги ўқитувчилардан бири 23 йил давомида мактабга келмагани аниқланган эди.

Боғичи ўзи боғланадиган пойабзал
Спорт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи дунёга машҳур “Nike” фирмаси яқин орада боғичи ўзи боғланадиган оёқ кийим (кроссовка)ларни сотувга чиқаришини маълум қилди.
Худди шундай пойабзал дастлаб 1989 йилда тасвирга олинган фантастик жанрдаги “Келажакка қайтиб” фильмида акс эттирилган эди. Энди бу ҳақиқатга айланмоқда.   
Янги турдаги оёқ кийимларнинг боғичи оғирликни ўлчовчи махсус қурилма ёрдамида ҳаракатга келади.

Беш километрлик тилла занжир
Бирлашган Араб Амирликларида узунлиги 5,52 километр бўлган тилла занжир тайёрланди.
“The National” нашри хабарига қараганда, ушбу заргарлик буюмининг оғирлиги 256 килограмм бўлиб, қиймати қарийб олти миллион АҚШ долларига тенг. Уни яратиш учун 100 нафар мутахассис бир ярим ой меҳнат қилган.
Режага кўра, занжир Гиннеснинг рекордлар китобига киритилганидан сўнг қисмларга бўлиниб сотилади.

Болалар учун «ақлли» каравот
АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ўтказилган “CES — 2015” халқаро кўргазмасида маҳаллий “Sleep Number” компанияси болаларга мўлжалланган “ақлли” каравотни намойиш қилди.
У махсус мослама билан жиҳозланган бўлиб, боланинг уйқу пайтидаги юрак уриши ва нафас олиш маромини қайд этиб боради. Бу ота-оналар смартфонларига ўрнатилган дастур орқали фарзандлари қанчалик яхши ухлагани ҳақида ахборотга эга бўлишлари учун имкон яратади. Каравотнинг яна бир ўзига хос жиҳати, бола ўрнидан турса, дарҳол бу ҳақда огоҳлантириш хабари жўнатади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn