Маҳалла — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти Хитойда тақдим этилди
  • 12 Август 2014

Маҳалла — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти Хитойда тақдим этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, “Маҳалла” фонди ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришдаги Ўзбекистон тажрибасини тарғиб этишга бағишланган тадбирларни ўтказиш учун Хитой Халқ Республикасида бўлди.

Ташриф доирасида Пекин ва Шанхай шаҳарларида давра суҳбатлари, шунингдек, Хитой Ижтимоий фанлар академиясида, Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти ва Шанхай Ижтимоий фанлар академияси, Хитой коммунистик партияси Марказий қўмитаси халқаро бўлими, ХХР Ташқи ишлар вазирлиги, Хитой бошқарув академияси, Хитой халқ сиёсий маслаҳат кенгаши ва Шанхай университетида учрашувлар бўлиб ўтди.   

Тадбирлар чоғида Хитой томони Ўзбекистон Республикасида ижтимоий йўналтирилган иқтисодиёт асносидаги кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар билан батафсил танишдилар. 

Шу маънода, Хитой томони эътиборига замонавий ўзбек жамияти тараққиётида муҳим механизм ҳисобланадиган маҳалла институти тақдим этилди. Фуқаролар йиғини, аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва оиланинг мустаҳкамланишида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ривожланиши билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Бунда Ўзбекистонда баркамол авлодни тарбиялашда ёшлар ташкилотларининг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлиги, “Соғлом бола йили” Давлат дастури, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти масалаларини ёритишга алоҳида эътибор қаратилди.  

Қайд этилганидек, мустақиллик йиллари давомида маҳалла бирдамликни, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва яхши қўшничиликни таъминлашда нафақат муҳим роль ўйнади, балки бутун Марказий Осиё минтақасида миллий маданий анъаналар ва миллий руҳнинг ҳимоя қилиниши борасида муваффақиятли намуна бўлиб қолди.  

“Ўзбекистонда маҳалла институти: тарихий тажриба ва замонавийлик” номли ҳужжатли фильм ҳамда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” асарининг тақдимоти тадбир иштирокчиларига ушбу ноёб институт фаолияти билан яқиндан танишиш имконини берди. Ўзбекистоннинг давлат ва жамият қурилишида қўлга киритган муваффақиятларига Хитойнинг таниқли экспертлари юқори баҳо бердилар. 

Жумладан, Хитой Ижтимоий фанлар академияси бош котиби Гао Сян мамлакатимиз Президент Ислом Каримов раҳбарлигида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар соҳаларда юксак натижаларга эришганини, ижтимоий-сиёсий барқарорлик таъминланганини ва минтақадаги иқтисодий ўсишнинг энг юқори суръатларини намоён этаётганини алоҳида таъкидлади.

Академия раҳбари таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг давлат ва ижтимоий бошқарувида маҳалла институти муҳим таркибий қисм ҳисобланади ва бу тажрибанинг диққат билан ўрганилиши Хитой учун фойдадан холи бўлмайди.     

Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти директори муовини Сунь Ли Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳбарлигида амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсатни ижобий баҳолади. У давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган ва беш машҳур тамойилга асосланган тараққиётнинг ўзбек моделининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. “Шу аснода Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилишида эришилган муваффақиятлар, —  деди эксперт, — минтақавий хавфсизликни таъминлашга салмоқли ҳисса қўшди”. 

Шунингдек, Сунь Ли самарали ижтимоий институт ҳисобланадиган маҳалла Марказий Осиё минтақаси кўламида кўп сонли аҳолининг мавжудлиги шароитида барқарорликни ва уйғун ижтимоий тараққиётни сақлашда муҳим ўрин тутади. 

Хитой Замонавий халқаро муносабатлар академиясининг етакчи эксперти Сюй Тао анъанавий жамиятлар модернизацияси муаммоларини чуқур ўрганиш зарурлигини таъкидлади.  Мутахассиснинг ҳисоблашича, Ўзбекистон ҳукумати  анъанавий ижтимоий тузилмани муҳофаза қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини давлатни модернизациялаш жараёни билан уйғунлаштиришга катта эътибор қаратмоқда. Йигирма йилдан ортиқ муддат мобайнида мамлакат муҳим ва муваффақиятли тажриба тўпладики, у, шубҳасиз, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун ижтимоий тузилмани модернизациялаш намунаси ҳисобланади. 

Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институтининг етакчи эксперти Су Чан қайд этганидек, маҳалла Ўзбекистонда маъмурий бошқарув тизимининг алоҳида қисми ҳисобланади. Маҳалла институти, унинг фикрича, ижтимоий муносабатларнинг бетакрор намунаси бўлиб, у ўзида тарихий ва маънавий анъаналарни замонавий маъмурий бошқарув модели билан мужассамлаштирган.

Шанхай Ижтимоий фанлар академиясининг вице-президенти Ван Чжэннинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон Хитойда бетакрор маданият ва менталитетга эга, бағрикенгликни ва турли миллатларнинг биргаликда тинч-тотув ҳаёт кечиришини таъминлашга қодир бўлган давлат сифатида баҳоланади. Ўзбекистон барча муносабатларда ХХРнинг яқин шериги бўлиб, у билан ишончли ва ўзаро манфаатлар ҳисобга олинган асосдаги прагматик ҳамкорлик қурилмоқда. 

Шу маънода, фуқаролик жамияти қуриш, демократик ўзгаришлар ва тизимли ислоҳотларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини чуқур ўрганиш долзарб аҳамият касб этади.

Шанхай Ижтимоий фанлар академиясининг Россия ва Марказий Осиё мамлакатларини ўрганиш маркази директори Пан Давэй замонавий воқеа-ҳодисаларни таҳлил қилар экан, “фуқаролик жамияти ғояси эскиргани йўқ, аксинча, у янада долзарблашди”, деди. У ҳозирги шароитда ўзгараётган жамиятларда давлат, жамият ва айниқса, инсонлар хулқ-атвори ва фаолиятини иқтисодий тартибга солувчилар ўртасида энг мувофиқ ҳамкорликни излашга устувор аҳамият қаратилади, деб ҳисоблайди.

Экспертнинг фикр билдиришича, ўзбек тажрибасида энг диққатга сазовор жиҳат, бу — фуқаролик жамиятини ўз мамлакати реаллиги билан уйғунликда бунёд этишдир. Фуқаролик жамияти — бирон бир мақсад учун восита ёки қурол эмас, балки тараққиётнинг табиий натижасидир. Фуқаролик жамиятини шакллантириш ижтимоий барқарорликка ва миллат фаровонлигига кўмаклашишга интилишни кўзлаши лозим. 

Ўзбекистон шароитида у ёки бу ижтимоий соҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат дастурлари мамлакат халқи томонидан юксак баҳога сазовор бўлгани баробарида, улар бошқа давлатлар учун миллий бирлик муҳитини сақлаб қолиш бўйича намуна сифатида хизмат қилишлари жоиз. 

Шанхай Халқаро тадқиқотлар академияси Россия ва Марказий Осиё мамлакатларини ўрганиш маркази директорининг ўринбосари Цян Сяоюнь ҳамкасбларининг демократик жараёнларни амалга ошириш чуқур ўйланган ва оқилона ёндашувни талаб қилиши ҳақидаги фикрини қўллаб-қувватлади. Унинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон босқичма-босқич ва дадил тарзда белгиланган мақсадлари томон ҳаракат қилмоқда, ижтимоий сиёсатга устувор аҳамият қаратаётирки, бу муайян ларзаларни четлаб ўтиш ва хорижий сармоядорлар учун жозибадор давлат сифатида қолиш учун имконият яратмоқда. 

Шубҳасиз, маҳалла институтига кўрсатилаётган аниқ мақсадли меъёрий-ҳуқуқий ва бошқа турдаги давлат ёрдами туфайли фуқаролар йиғинларининг ўсиб келаётган авлодни тарбиялаш, соғлом ҳаёт тарзи маданиятини шакллантириш, миллий анъаналарни, тарихий-анъанавий урф-одатларни асраб-авайлаш ва бойитиш, бандликни таъминлаш, ёш оилаларда юзага келадиган масалаларни ўз вақтида ҳал қилиш, улар манфаатларини қонунчилик асосида ҳимоя қилиш, мамлакатда ижтимоий-маънавий барқарорликни таъминлашдаги ўрни ортиб бораётир.

Ташриф доирасида бўлиб ўтган учрашув чоғида ХХР ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Чэн Гопин Ўзбекистон давлат бошқаруви жабҳасида, шу жумладан, ижтимоий ўзини ўзи бошқариш масалаларида бой ва фойдали тажрибага эга бўлиб, у ўрганишга лойиқдир. “Бунинг натижасида Ўзбекистонда бутун Марказий Осиё минтақасининг манфаатларига жавоб берадиган барқарорлик сақланаётгани баробарида, бу, охир-оқибатда, Хитой учун ҳам катта аҳамият касб этади ва Хитой — Ўзбекистон муносабатларининг тараққиётига кўмаклашади”, деди у.

Хулоса ўрнида айтганда, Хитой оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилган мазкур тадбирлар 

ХХР ижтимоий-сиёсий ва эксперт-таҳлил доираларида фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича ўзбек моделига нисбатан юқори қизиқишнинг мавжуд эканлигини намоён этди.  

 

«Жаҳон» АА. 

ХХР

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn