Анқара ва Истанбулда навоийхонлик кечалари ўтказилди
Анқара ва Истанбулда навоийхонлик кечалари ўтказилди Фото: "Жаҳон" АА
  • 13 Февраль 2018

Анқара ва Истанбулда навоийхонлик кечалари ўтказилди

Анқара ва Истанбул шаҳарларида Шарқнинг буюк шоири ва мутафаккири Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллигига бағишланган маданий кечалар бўлиб ўтди. 

Бадиий жамоалар, рақс гуруҳларининг чиқишлари, “Ўзбекистон – цивилизациялар ўчоғи” деб номланган кўргазма ҳамда Алишер Навоий ғазаллари асосидаги шеърхонлик маданий тадбирларнинг дастуридан жой олди. Буюк бобокалонимиз ҳаёти ва ижоди билимдонларидан бири, туркиялик профессор Селахаттин Толкун асосий маъруза билан иштирок этди.

Тадбирларда инсонпарварлик, адолат, оддий одамлар фаровонлиги йўлида қайғуриш, ақл-идрок ва тараққиётга ишонч ғоялари билан суғорилган буюк шоир меросини нафақат халқимиз, балки бутун маърифатли дунё қадрлаши таъкидланди.

Маданий кечаларда Алишер Навоий ижодига хос бўлган ноёб бадиийлик ва бой фалсафий тафаккур ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди. Унинг ижодий мероси жаҳон лирикаси хазинасининг ганжинаси ҳисобланиши қайд этилди. Маърузачи томонидан таъкидланганидек, инсониятнинг ёрқин юлдузи — Алишер Навоий ижоди Гомер, Данте, Рўдакий, Фирдавсий, Низомий, Жомий, Шекспир ва бошқа қатор беназир сиймолар қаторида шарафланади.

Бу ҳақда “Жаҳон” ахборот агентлиги хабарига кўра, маданий кечалар Туркиянинг “TRT” давлат телерадиокомпанияси, Туркистонликларга ижтимоий ва маданий кўмак кўрсатиш жамияти, Анадолу университети ҳамда Истанбул шаҳар маъмурияти кўмагида ташкил этилган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn