Жанубий Осиёдаги энг оммабоп нашр — “TravTalk” Ўзбекистонга бағишланган махсус саҳифа чоп этди
  • 19 Январь 2018

Жанубий Осиёдаги энг оммабоп нашр — “TravTalk” Ўзбекистонга бағишланган махсус саҳифа чоп этди

Мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ҳамда “Aeeroworld Aviation” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Саҳифада ёзилишича, Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган Ўзбекистон ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан миллионлаб туристларни жалб қилади. Мамлакат нафақат кўҳна обидалар, маданий ва тарихий мерос объектлари, осориатиқалари билан, балки унинг бетакрор табиати ҳам киши эътиборини ўзига тортади. Бу ердаги шарқираган сойлар, чўққилари булутлар билан туташган пурвиқор тоғлар, бепоён кенгликлар, кўл ҳамда дарёларни бир марта кўрган киши узоқ вақт такрорланмас таассурот билан юради. Бундан ташқари, мамлакатдаги тинч-осуда ҳаёт, бағрикенг ва меҳмондўст халқи, ранг-баранг урф-одатлари ҳамда такрорланмас миллий анъаналари, татиб кўрганда таъми оғизда қоладиган миллий таомлари, фақат Ўзбекистонда учрайдиган мевалар, мазаси тилни ёрадиган қовун-тарвузларнинг довруғи аллақачон дунёга достон бўлган. Ушбу манзараларни акс эттирган сифатли фотолавҳаларга журнал саҳифаларида кенг ўрин берилган.

Айтиш жоизки, мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётган ҳозирги пайтда халқаро миқёсдаги нуфузли нашрларда Ўзбекистонга бағишланган бу каби маълумотларнинг чоп қилиниши долзарб аҳамиятга эга.

Маълумот ўрнида: “TravTalk” журнали 40 мингдан ортиқ ададда чиқади. У Ҳиндистондан ташқари, Жанубий Осиёнинг барча давлатларидаги туризм компаниялари, йирик бизнес ташкилотлари, авиакомпаниялар, турагентликлар ва маҳаллий сайёҳлар орасида кенг оммалашган. Журнал Ўзбекистон туризмига бағишланган турли мавзулардаги материалларни ҳар ойда мунтазам бериб боришни режалаштирган.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn