Ўзбекистон ташаббуслари — дунё жамоатчилиги нигоҳида
  • 01 Октябрь 2017

Ўзбекистон ташаббуслари — дунё жамоатчилиги нигоҳида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиш учун жорий йил 18 — 20 сентябрь кунлари Америка Қўшма Штатларига ташрифи ҳамда ушбу тадбирдаги нутқи хорижий мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий ва эксперт-таҳлил доиралари вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Қуйида давлатимиз раҳбарининг мазкур нутқи юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар эътиборингизга ҳавола қилинади.

Шокир Коргар, Афғонистон Президентининг МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили:

— Минтақанинг етакчи мамлакати ҳисобланадиган Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан нуқтаи назари ҳамда ёндашувлари биз учун алоҳида муҳим аҳамият касб этади. Биз муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига, унинг транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга, миллий кадрларини тайёрлашга катта ҳисса қўшмоқда ва бундан кейин ҳам ҳисса қўшади”, деб айтган фикрларини олқишлаймиз.

Дўст ва қўшни мамлакат раҳбари ўз нутқида афғон муаммосига ҳамда уни ҳал қилиш йўлларига алоҳида эътибор қаратди. Унинг “Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир”, деб айтган фикрлари алоҳида эътирофга лойиқ.

Шавкат Мирзиёев маъмурияти олиб бораётган сиёсат ҳамда мамлакатда ҳаётга татбиқ қилинаётган чуқур ислоҳотлар биз — афғонистонликларга ҳам хуш келади. Ўзгаришлардан кўзланган мақсад — халқ фаровонлигини янада ошириш, мамлакатда инсон манфаатлари устуворлик ҳисобланадиган демократик давлатни барпо этиш. 2017 йил Ўзбекистонда “Халқ билан -мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингани ана шу эзгу интилишга ҳамоҳангдир.

Киёхико Тояма, депутат, Япония парламенти Вакиллар палатасининг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси аъзоси:

— Ўзбекистонда сўнгги йилда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда улкан ўзгаришлар рўй берди. Мамлакат етакчиси -Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида республикада амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақидаги маълумотларни дунё жамоатчилиги эътиборига ҳавола этибгина қолмасдан, умумбашарий аҳамиятга молик бўлган долзарб масалаларни ҳам кўтарди. Жумладан, Ўзбекистон раҳбари илгари сурган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ҳамда БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш ҳақидаги таклифлари юқори баҳога сазовор.

Мен Ўзбекистон Президентининг БМТ янги раҳбарияти томонидан ташкилотни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни қўллаб-қувватлаши баробарида, Хавфсизлик Кенгашини бугунги кун талабларига мос равишда кенгайтириш зарурлиги ҳақидаги ғоясини олқишлайман.

Лоу Пит Чен, Сингапур Ташқи ишлар вазирлиги департаменти бош директорининг ўринбосари:

— Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатида бош устуворлик сифатида белгилангани Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юқори минбаридан туриб маълум қилинди. Бу нафақат республика, балки бутун минтақа ривожланишидаги янги қирра эканлигини тасдиқлайди. Шавкат Мирзиёев маъмуриятининг фаол саъй-ҳаракатлари қисқа вақт оралиғида минтақа давлатларининг кўпгина масалалар юзасидан нуқтаи назарларини яқинлаштириш ҳамда бириктириш имконини берди. Йиллар давомида тўпланиб қолган долзарб муаммолар ўз ечимини топмоқда. Ўзбекистон Президентида сиёсий ирода ва қатъиятнинг мавжудлиги шерикларга ишонч бағишламоқда.

Сингапур ёшларнинг таълим олиши ҳамда равнақ топишига, уларни жамият ҳаётига босқичма-босқич жалб этиш учун қулай ва муносиб шароитларни яратишга улкан эътибор қаратади. Шу ўринда глобаллашув ҳамда юқори технологияларнинг шитоб билан ривожланиши шароитида Ўзбекистон ёшлар сиёсатини амалий жиҳатдан ҳаётга татбиқ қилиши масаласида ўз бирдамлигимни изҳор этишни истардим.

Софи Ибботсон, Осиё муносабатлари бўйича Британия Қироллик жамияти кенгаши аъзоси, “Maximum Exposure” консалтинг фирмаси асосчиси:

— Ўзбекистон етакчисининг нутқи жуда сермазмун бўлди. Унда белгиланган Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли ҳам дипломатик, ҳам иқтисодий нуқтаи назардан мамлакатнинг халқаро ҳамжамият билан ҳар томонлама интеграциялашувига имкон яратади.

Инсон ҳуқуқлари масаласидаги ислоҳотлар, болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, шахсни қамоқда сақлаш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар қайта кўриб чиқилаётгани, тўғри йўлдан адашган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш, суд органлари, ОАВ, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтларининг мустақиллиги тўғрисидаги баёнот ҳам муҳим аҳамиятга эга. Булар илгари Ўзбекистоннинг айрим ҳолларда танқидга учрашига сабаб бўлган ўта долзарб соҳалардир. Шавкат Мирзиёевнинг илгари муайян камчиликлар бўлганини очиқ эътироф этгани ва уларни ўзгартириш зарурлиги ҳақида билдирган фикрлари диққат-эътиборга сазовордир. Буларнинг барчаси муҳим қадамлар ҳисобланади ҳамда уларнинг ҳаммаси ижобий қабул қилинмоғи лозим.

Иқтисодий либераллашув — бугунги куннинг зарурати. Бизнес юритишни соддалаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликнинг қайтадан йўлга қўйилаётганини кўриш қувонарлидир. Фақатгина ЕТТБ иштироки Ўзбекистоннинг инфратузилма сармояларидаги эҳтиёжларини тўла қондира олмайди, албатта. Бироқ ушбу молиявий муассасанинг республикадаги иштироки салоҳиятли инвесторларга ишонч бағишлайди.

Ким Сонг Жин, Доксун университети профессори (Корея Республикаси):

— Ўзбекистон Президентининг нутқида республикада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳамда мамлакат ҳаётининг барча соҳасида олиб борилаётган теран ислоҳотлар ўз ифодасини топган. Бунда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилига асосий урғу берилган.

Шавкат Мирзиёев нутқида республика мустақилликка эришганидан кейин босиб ўтган даврга баҳо берилиши баробарида, экологик хавф-хатарлар ҳам алоҳида тавсифланган. Шу ўринда халқаро ҳамжамиятнинг эътибори Орол минтақасидаги экологик инқирозга қаратилгани БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эгадир.

Станислав Суловски, Варшава университетининг сиёсий фанлар факультети декани (Польша):

— Ўтган йили Ўзбекистондаги сайловолди кампаниясида бўлажак Президентдан барқарорлик, фуқаролар учун моддий фаровонлик ҳамда мамлакатга жаҳон миқёсидаги ҳурмат кутилган эди. Орадан кўп вақт ўтмаган бўлса-да, Шавкат Мирзиёев қадам-бақадам республика тараққиёти учун зарур бўлган жуда муҳим қарорларни қабул қилгани ҳолда айтилган барча вазифани муваффақиятли адо этмоқда. Бу давр ичида мамлакатнинг минтақада ва умуман, жаҳонда ҳурматга эришиш учун интилиши намоён бўлди. Ўзбекистон раҳбарияти ташлаётган дадил қадамлар етакчи халқаро ташкилотлар томонидан тўғри тушуниш билан қабул қилинаяпти ҳамда бу кўп ҳолларда, дипломатик зафар сифатида баҳоланмоқда.

Ўзбекистон Президенти БМТ юқори минбарида туриб айтган долзарб масалалар дунёнинг катта қисмини ташвишга солади. Унинг нутқида воқеликка нисбатан амалий муносабат руҳи, муаммолар қўйилиши ва уларни ҳал қилиш мумкин бўлган йўлларнинг акс этгани Тошкентнинг пухта ўйланган ёндашувидан далолат беради.

«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn