Ўзбекистонда рўй бераётган жиддий ўзгаришлар хорижлик экспертлар нигоҳида
  • 27 Сентябрь 2017

Ўзбекистонда рўй бераётган жиддий ўзгаришлар хорижлик экспертлар нигоҳида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамиятини мамлакатимизнинг замонавий ривожланиши билан таништиргани баробарида, кўплаб муҳим ташаббусларни ҳам илгари сурди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу нуфузли -минбардаги чиқиши нафақат катта акс садо берди, балки айни пайтда жаҳон эксперт-таҳлил доиралари ўртасида фаол қўллаб-қувватланмоқда.

Айниқса, Бош Ассамблеянинг 72-сессияси бўлиб ўтган Америкадаги мутахассислар бунга катта қизиқиш билдиришди. Масалан, “StrateVarious Inc” консалтинг компанияси бошқарувчи ҳамкори ҳамда “Jamestown Foundation” жамғармаси катта илмий ходими С. Эндерс Уимбуш Шавкат Мирзиёевнинг мазкур нутқини “Сўнгги бир йил давомида олиб борилаётган ислоҳотлар ва очиқлик руҳи билан йўғрилган”, дея таърифлади.

— Ўзбекистон етакчиси мамлакатдан чиқиш визаларини олиш тажрибасини “умрини мутлақо ўтаб бўлган ўтмиш қолдиғи”, деб атагани ҳолда, кўпгина хорижлик шарҳловчи ҳамда журналистлардан кўра очиқроқ ва тўғридан-тўғри ўз фикрини баён этди, — деди таҳлилчи. — Мамлакатнинг, шубҳасиз, дунёга айтадиган гапи бор: Ўзбекистон ичидаги ҳамда унинг ташқарисидаги жамоатчилик визани бекор қилиш, тўғри йўлдан адашган фуқароларни ижтимоий реабилитациялаш жараёни ва бошқа масалаларга жуда катта эътибор қаратмоқда. Шу боис давлат раҳбари уларни БМТнинг юксак минбарида туриб баён этди.

Шу билан бирга, С. Э. Уимбуш республикамизда рўй бераётган, “четда турган кузатувчига билинмайдиган, бироқ мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёти нуқтаи назаридан ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган қатор жиддий ўзгаришларга” ҳам эътибор қаратди. У иқтисодиётни жадал либераллаштириш ҳамда диверсификациялаш, давлат бошқаруви аппарати шаффофлиги даражаси ошгани, сўзда эмас, амалда қонун устуворлиги белгилаб қўйилгани ижобий ўзгаришлар сирасига киришини айтди.

Гудзон институтининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича дастури директори ўринбосари Апарна Панденинг фикрича, “Президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ҳамда барқарорлик ўрнатилишига кўмаклашиш зарурлиги таъкидланган баёноти олқишланмоғи лозим. Чунки Ўзбекистон бу мамлакатнинг яқин қўшниси ҳисобланади”.

— Ўзбекистон ҳукуматининг тўғри йўлдан адашиб, экстремизм мафкураси таъсирига тушиб қолган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш тўғрисидаги қарорини алоҳида қайд этишни истар эдим, — деди у. — Бундай қарор минтақада ва глобал миқёсда мазкур салбий воқеликка қарши кураш олиб боришда ўта муҳим аҳамиятга эгадир. Тошкентнинг жозибали сармоявий муҳитни ҳамда либерал иқтисодий тизимни шакллантиришга бўлган интилишлари ҳам эътиборга сазовор. Буларнинг барчаси мамлакатнинг янада очиқроқ жамиятни барпо қилиш сари ҳаракатланаётганидан далолат беради.

Давлатимиз раҳбари баён этган ғоя ҳамда таклифлар Европада ҳам ўз акс садосини бермоқда. Жумладан, “Eurocontinent” таҳлил гуруҳи (Бельгия) директори, доктор Пьер-Эммануэль Томанн “Ўзбекистон етакчиси юксак минбардан туриб ислоҳотлар йўли ўзгармаслигини аниқ ва лўнда баён этди”, деган фикрни билдирди.

— Жаҳон ҳамжамияти мамлакатда барча йўналишни модернизациялаш, айниқса, халқ фаровонлигини ошириш йўлида қабул қилинаётган чора-тадбирлардан воқиф бўлди, — деди бельгиялик эксперт. — Энг муҳими, Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида халқаро жамоатчиликни Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги сиёсатининг янги тамойиллари билан таништирди. Улар нафақат минтақада, балки бутун Евроосиёда ўзининг ижобий натижаларини беради. Жаҳонда геосиёсий бўлиниш давом этаётган бир шароитда Тошкентнинг пухта ишлаб чиқилган ташқи сиёсий йўли алоҳида аҳамиятга эга. Марказий Осиёнинг иқтисодий фаровонлиги кўп жиҳатдан Ўзбекистон раҳбарияти қабул қилаётган чора-тадбирлар самарадорлигига боғлиқдир.

Шунингдек, Пьер-Эммануэль Томанн Афғонистонда хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлаш ва Марказий Осиёнинг трансчегаравий дарёлари сув ресурсларидан фойдаланишда янгича ёндашувлар бўйича Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббусларга ҳам ижобий баҳо берди. Хусусан, у мамлакатимиз раҳбарининг афғон муаммоси фақат афғонистонликларнинг ўзлари томонидан ва Афғонистон ҳудудида ҳал этилиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлари муҳимлигини таъкидлади. Бельгиялик экспертнинг маълум қилишича, Ўзбекистон раҳбарининг БМТ юксак минбаридан Орол денгизининг 1960 йилдаги ҳамда ҳозирги пайтдаги ҳолати акс этган харитани намойиш қилганининг сабаби ушбу экологик инқироз давом этаётганига яна бир бор жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратиш билан изоҳланади.

Ўз навбатида, Испаниядаги Сан-Пабло (Мадрид) университети профессори, ислом бўйича эксперт Рикардо Де Ла Серна Шавкат Мирзиёевнинг Нью-Йоркдаги нутқини “Даврнинг энг муҳим воқеаси”, дея таърифлади.

— Ўзбекистон етакчиси ўз нутқида бошқа масалалар билан бир қаторда иккита жуда муҳим масалани кўтарди, — деди испаниялик мутахассис. — Улар Марказий Осиёнинг келажагида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Энг аввало, “сув муаммоси” деб аталадиган масала ҳақида тўхталсак. Орол денгизининг қуриши энг катта экологик фожиа бўлиб, у муаммони биргаликда ҳал этиш йўлларини излаб топишни талаб қилади. Президент Шавкат Мирзиёев баён этган конструктив нуқтаи назар бу жиддий муаммо ечимига асос -бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, Рикардо Де Ла Серна Ўзбекистоннинг динлараро мулоқотни мустаҳкамлаш борасида жиддий тараққиётга эришганини ҳам алоҳида таъкидлади.

— Яқинда Самарқандда “Жаҳон тамаддуни тарихида Марказий Осиё Ренессанси” мавзуида халқаро илмий конференция ўтказилгани, Тошкентда Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилаётгани Ўзбекистоннинг маърифий ислом ғояларига риоя қилишга бўлган интилишини ҳамда уларни тарғиб этишга, ақл-идрокка ва бошқа динлар билан мулоқотга очиқ эканлигини намоён қилади, — деди у. — Ўзбекистон замини тарихан мусулмон цивилизациясининг ёрқин ҳамда гуллаб-яшнаган даврига гувоҳ бўлган, шу боис у ана шундай ажойиб ва эзгу ғоялар ҳамда мулоқотларнинг ташаббускори бўлишга тўла ҳақлидир.

«Жаҳон» АА.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn