• 19 Сентябрь 2017

Ўзбек халқи Мьянмалик қочқинларга ёрдам қўлини узатди

Мьянмада юзага келган ҳолат, ушбу мамлакатда истиқомат қиладиган озчиликни ташкил этувчи мусулмон аҳолига нисбатан зўравонлик ҳолатларининг давом этаётгани кўп миллатли Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси юрагига оғриқ солмоқда. Бангладеш давлатига қочиб ўтишга мажбур бўлган мусулмон-роҳинжаларнинг оғир аҳволи ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Ана шундай оддий бўлмаган вазиятда халқимизга хос инсонпарварлик, ҳамдардлик, олижаноблик ҳамда меҳр-мурувват каби олий ва хайрли фазилатлар яна уйғонди.

18 сентябрь куни Бангладеш Қизил Яримой жамиятининг Дакка шаҳридаги бош идо-расига мьянмалик мусулмон-роҳинжа қочқинларга тарқатиш учун Ўзбекистондан инсонпарварлик ёрдами етказиб берилди.

Бангладеш Қизил Яримой жамиятининг қайд этишича, бу мазкур мамлакат ҳудудидаги роҳинжа қочқинларининг дастлабки эҳтиёжларини қондириш учун жамиятнинг чет давлатлардан олган инсонпарварлик ёрдамлари орасида энг салмоқлиси бўлди. Расмий маълумотларга кўра, қочқинларнинг сони сўнгги кунларда 400 минг нафарни ташкил қилмоқда.

Етказиб берилган инсонпарварлик ёрдами таркибига қочқинлар ҳаёти учун муҳим бўлган шакар, ёнғоқ, қуритилган сут, дори-дармонлар, гўдаклар овқатлари, ичимлик суви, болалар ва катталар учун кийимлар, кўрпа-тўшак ҳамда бошқа зарурий маҳсулотлар, жами 14 турдаги озиқ-овқат ва ашёлар киритилди.

Инсонпарварлик ёрдамини етказиб беришга бағишланган расмий маросимда Бангладеш Қизил Яримой жамияти, Бангладеш Ташқи ишлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққан Бангладеш Қизил Яримой жамияти президенти Ҳафиз Аҳмед Мазумдар Ўзбекистон раҳбариятига қочқинларга ўз вақтида ҳамда олиҳимматлик билан кўрсатилган ёрдам учун чин қалбдан миннатдорлик билдирди. Унинг айтишича, бу нафақат юзага келган ижтимоий тангликни юмшатиш учун дўстона кўмак, балки ўзбек халқига хос хусусият бўлган самимий инсонпарварликнинг намойишидир.

Бангладеш Қизил Яримой жамияти бош котиби Мозарул Ҳақ Ўзбекистондан юборилган инсонпарварлик ёрдами энг зарур пайтда — мьянмалик қочқинлар оқими мислсиз тарзда кўпайган даврда етиб келганини таъкидлади. Айни пайтда шуниси эътиборлики, Ўзбекистон томонидан жўнатилган ёрдам таркиби манзилли хусусиятга эга, яъни инсонпарварлик ташкилоти томонидан белгиланган қочқинлар учун энг зарурий маҳсулот ва буюмлар рўйхатига мосдир.

Тадбирда Ўзбекистондан олинган инсонпарварлик ёрдами энг камида мьянмалик 8 минг оила ёки 50 минг нафар қочқиннинг эҳтиёжларини қондиришга етарли экани алоҳида қайд этилди.

Худди шу куни мамлакатимиз байроғи остидаги, икки томонига “Ўзбекистон Республикасидан инсонпарварлик ёрдами” ёзуви туширилган юк машиналари колоннаси Бангладеш Қизил Яримой жамияти вакиллари ҳамроҳлигида ушбу давлат ҳамда Мьянма чегарасидаги қочқинлар лагерлари томон йўл олди. Инсонпарварлик ёрдамининг қочқинлар ўртасида тарқатилиши тадбирлари билан Бангладеш Қизил Яримой жамияти шуғулланади.

«Жаҳон» АА.

Дакка