Кутилганидан ҳам зиёд кўрсаткич
  • 22 Август 2017

Кутилганидан ҳам зиёд кўрсаткич

Жаҳон иқтисодиётида тикланиш жараёни анча тезлашган. Жумладан, жорий йилнинг иккинчи чорагида дунё бўйича ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми 4 фоиздан зиёдроқ ўсди. Бу охирги икки ярим йилдаги энг юқори кўрсаткичдир.

Экспертларнинг изоҳлашича, йил якунида жаҳон иқтисодиёти 3,4, келгуси йилда 3,5 фоиз ўсиши кутилмоқда. Бунда евроҳудуд ва Япониядаги ижобий натижалар муҳим аҳамият касб этади. Масалан, Европа ялпи ички маҳсулоти аввал тахмин қилинганидек 1,6 ўрнига 2,2, Германияда эса 1,8 ўрнига 2,1 фоиз юксалади.

Темир йўлдаги ҳодиса
Ҳиндистонда йўловчи поезди иштирокида юз берган йўл транспорти ҳодисаси оқибатида 23 киши ҳаётдан кўз юмди, 60 нафардан ортиқ одамлар тан жароҳати олди.
Фожиа пойтахт Нью-Делидан 100 километр шимолда, Уттар-Прадеш штатида содир бўлган. Натижада поезднинг бир нечта вагони издан чиқиб кетган. Манбада воқеа сабабларига ойдинлик киритилмаган.
Маҳаллий ҳукумат қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақидаги рақамлар ҳали аниқ эмаслигини маълум қилган. Негаки, ағдарилиб кетган вагонлар остида яна одамлар бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Мамлакат Транспорт вазирлиги жабрланган оилаларга товон пули тўланишини билдирган.

Сабаби аниқ эмас
АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига тегишли эсминец нефть ташувчи танкер билан тўқнашиб кетган.
Оқибатда беш нафар ҳарбий хизматчи жароҳат олган. Яна ўн нафари эса бедарак йўқолган. Бу ҳақда “Рейтер” ахборот агентлиги хабар тарқатди.
Бахтсиз воқеа содир бўлган пайтда юк кемасида ўн икки тоннага яқин углеводород хом ашёси бўлган. Тўқнашув натижасида унга жиддий зарар етмаган.
Воқеа нима сабабдан юз бергани аниқ эмас. Қидирув-қутқарув тадбирлари олиб борилмоқда.

Энг кам сайёҳ борган давлатлар
Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ўтган йилда саёҳатчилар энг кам ташриф буюрган мамлакатлар рўйхатини эълон қилди.
Унда Тинч океанида жойлашган Тувалу давлати биринчи поғонани банд этди. 2016 йилда бу ерга 1000 нафар турист ташриф буюрган. Иккинчи ўринни эса Кирибати Республикаси (тўрт минг) банд этди. Бу мамлакат ҳам Тинч океанида жойлашган.
Шунингдек, рўйхатдаги дастлабки ўнликни Сан-Томе ва Принсипи, Монтсеррат, Комор, Жибути, Сан-Марино, Шарқий Тимор, Лихтенштейн ва Сьерра-Леоне каби давлатлар банд этди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn