Режасини ўзгартирмайди
  • 24 Июль 2017

Режасини ўзгартирмайди

Европа Марказий банки бошқарув кенгашининг навбатдаги йиғилишида молия муассасаси ўзининг базавий ставкаси ҳамда банкларни рағбатлантириш дастурига ўзгартириш киритмасликка қарор қилди.

Бундан ташқари, Европа Марказий банки йил охирига қадар активларни сотиб олиш учун ойига 60 миллиард евро миқдорида маблағ сарфлашда давом этади. Агар зарурат бўлса, бу кейинги йилда ҳам амалга оширилади.

“Ниҳоят биз ижобий динамикани кузатаяпмиз. Энди мақсадимизга тўлиқ эришиш учун ойлик маошлар ва нарх-навонинг ҳам ушбу курс бўйлаб барқарорлашишини кутишимиз керак”, дея таъкидлаган ЕМБ раиси Марио Драги.

Шунингдек, у қатъий пул-кредит сиёсати евроҳудуд тикланиш жараёнига зарар етказиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтган.

 

Соҳилда зилзила

Эгей денгизининг Туркия соҳилларида кучланиши 6,7 магнитудага тенг зилзила содир бўлди.

Бунинг оқибатида Греция ҳудудидаги Кос оролида икки киши ҳаётдан кўз юмган, бир неча нафар инсон тан жароҳати олган. Бундан ташқари, Туркиянинг Бодрум шаҳрида табиий офатдан зарар кўрган 70 нафарга яқин одамлар касалхонага мурожаат қилган.

Манбага қараганда, ер силкинишининг эпицентри Туркия жануби-ғарбидаги Бодрум курорт шаҳридан 10 километр, Кос оролидан эса 16,2 километр узоқликда қайд этилган.

 

Қироличага қўл теккизди...

Канада генерал-губернатори Дэвид Жонстон Лондонга расмий ташрифи мобайнида неча йиллардан буён қатъий амал қилиниб келинаётган қоидани бузди.

Гап шундаки, меҳмон ва Буюк Британия қироличаси Елизавета II зинадан тушиб келишаётганда Дэвид Жонстон ҳамроҳи йиқилиб кетмаслиги учун унинг тирсагидан тутиб олган. 

Буюк Британия қонунчилигига кўра, қироличага қўл теккизишга фақат қироллик оиласи аъзоларининггина ҳақи бор.

Олинган фото ва видеосуратлардан кўринишича, генерал-губернаторнинг бу ғамхўрлигига жавобан қиролича ҳеч қандай эътироз билдирмаган. Генерал-губернаторнинг айтишича, у белгиланган қоидадан четга чиқаётганини билган.

“Мен фақат Елизавета II нинг йиқилиб тушмаслиги ҳақида ўйладим. Назаримда, унинг саломатлиги қандайдир расмиятчиликлардан юқори туриши керак”, дея изоҳ берган Дэвид Жонстон бу ҳолатга.

 

Зиён миқдори маълум

Хитойнинг Цзилинь музофотида бир неча кундан бери ёғаётган ёмғир туфайли вазият тобора мураккаблашмоқда.

Ушбу ҳудуддаги сув ҳавзаларида обиҳаёт миқдори кескин кўпайиб кетди. Оқибатда ўнлаб аҳоли пунктлари сув остида қолиб, 20 мингга яқин тураржойлар вайрон бўлди. Йўлларнинг ювилиб кетиши туфайли инфратузилмага жиддий зиён етди. Фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 226 минг нафар аҳоли вакили эвакуация қилинди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, тошқин туфайли кўрилган зарар миқдори 12,5 миллиард юань (1,8 миллиард АҚШ доллари)дан зиёдни ташкил этмоқда.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn