«Ўзбекистон бўйлаб саёҳат асносида Шарқнинг ҳақиқий гўзалликларини кашф этасиз»
  • 23 Июнь 2017

«Ўзбекистон бўйлаб саёҳат асносида Шарқнинг ҳақиқий гўзалликларини кашф этасиз»

Германиянинг “100urlaubsziele.de” сайёҳлик порталида ана шундай сарлавҳа остида мамлакатимиз туризм салоҳиятига бағишланган мақола эълон қилинди.

Унда қайд этилганидек, Ўзбекистон Буюк Ипак йўли мероси каби бой тарихи ва маданияти билан дунёда шуҳрат қозонган. Мақолада Самарқанд, Хива, Тошкент, Бухоро, Шаҳрисабз ҳамда бошқа тарихий шаҳарлар бўйлаб саёҳат “Минг бир кеча” эртаги мутолаасига қиёсланади.

“Ўзбекистон нафақат ўзининг маҳобатли Ўрта аср меъморчилиги дурдоналари, балки бугунги кунга қадар етиб келган зардуштийлик ва буддавийлик маданий мероси билан ҳам хорижлик сайёҳларнинг эътиборини тортмоқда. Шарқнинг бу мовий гумбазли мамлакати ортда қолган не-не даврларга хос кўпдан-кўп ечимини топмаган сир-асрорларнинг тилсиз гувоҳидир. Улар саёҳатчиларга ўзбек халқининг ўзига хос ҳамда кўп асрлик маданияти ҳақида кенг тасаввур ҳосил қилиш имконини беради”.

Мақолада Ўзбекистон ўзининг меъморий ёдгорликлари, халқ ҳунармандчилиги, амалий санъати билан ҳам дунёга донг таратгани алоҳида келтирилган. “Мамлакатда зардўзлик, ёғоч ўймакорлиги, заргарлик санъати, кулоллик, гиламдўзлик ва ҳунармандчиликнинг бошқа турлари ривож топган. Миниатюралар тасвирланган анъанавий қутичалар, ипак матолар ҳамда улардан тикилган кийим-кечаклар, моҳир қўлларда тайёрланган ҳунармандчиликнинг ранг-баранг маҳсулотлари чет эллардан келган сайёҳлар учун эсдалик совға сифатида сотиб олинадиган буюмлар сирасига киради”.

Сайёҳлик портали машҳур миллий ошхонамиз ва ўзбек пазандалик санъатига доир атрофлича маълумотларни ўз ўқувчилари эътиборига ҳавола қилган. “Қулай ва ажойиб табиий-иқлим шароитлари кўпдан-кўп ҳамда ранг-баранг мева-сабзавотлар етиштириш имконини беради. Буларнинг барчаси ўзбек миллий ошхонасининг мазали ва турли таомларида ўз аксини топган. Ўзбекистонга келиб, бу таомлардан татиб кўрган соҳанинг айрим танқидчилари ҳам бир умрга мазкур санъатнинг ихлосмандлари бўлиб қолишади”, деб ёзади “100urlaubsziele.de”.

Мақолада хорижлик меҳмонлар учун ташкил этиладиган саёҳат турлари ва уларнинг ранг-баранглиги билан боғлиқ маълумотлар ҳам атрофлича қаламга олинган. Улар орасида Қизилқум саҳросида туяга миниб сайр қилиш, ғарбий Тянь-Шанга сафар, Фарғона водийсининг мафтункор табиати қўйнида пиёда ҳамда велосипедда айланиш сингари ўзига хосликлар, қўриқхоналар, табиий ва миллий боғлар билан танишув дастурлари мавжуд.

Ўз навбатида, Германияда нашр қилинадиган “Zeit Reisen” сайёҳлик ахборотномаси мамлакатимизнинг сайёҳлик имкониятлари, тарихи, маданияти ҳамда замонавий ривожланиши ҳақидаги мақолани чоп этди.

“Ўзбекистон — саҳро, тоғ ва гуллаган воҳалар ўзаро ёндош бўлган, улкан замонавий супермаркетлар анъанавий шарқона бозорлар билан уйғунлашиб кетган давлат. Тарихий Буюк Ипак йўлининг энг муҳим тармоғи ушбу юрт бўйлаб ўтган. Самарқанд, Бухоро, Хива ҳамда бошқа кўҳна шаҳарлар қадимий Ипак йўлининг том маънодаги ганжиналари ҳисобланади. Бу эртакмонанд шаҳарларда хорижлик сайёҳлар Шарқ меъморчилигининг ажойиб, бетакрор дурдоналари билан танишишлари мумкин”, дея ёзилади нашрда.

“Zeit Reisen” ахборотномаси маданий ва танишув сайёҳлиги мухлисларига Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишни маслаҳат берар экан, ўзбек халқи бешик бўлган кўпдан-кўп улуғ аллома ҳамда мутафаккирлар инсоният цивилизацияси тараққиётига бебаҳо ҳисса қўшганларини ҳам алоҳида таъкидлаган.

«Жаҳон» АА.

Берлин

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn