Прогнозини ўзгартирди
  • 11 Май 2017

Прогнозини ўзгартирди

Халқаро валюта жамғармаси ўтган йил октябрь ойида Осиё — Тинч океани -минтақаси давлатларининг яқин истиқболдаги иқтисодиёти бўйича эълон қилган прогнозини ўзгартирди.

“Евроньюс” телеканали хабарига кўра, амалдаги вазият кутилганидан яхшироқ бўлиб чиқаяпти. Шу боис ХВЖ 2017 йилда мазкур минтақада иқтисодий ўсиш ўртача 5,5 фоизни ташкил этишини билдирди. Масалан, Хитой ва Япония ялпи ички маҳсулоти мос равишда 6,6 ҳамда 1,2 фоиз ортиши тахмин қилинмоқда.

 

Сўнгги 50 йилдаги энг кучлиси

Канаданинг бир қанча ҳудудларида тошқинлар рўй бергани туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Табиий офатдан, айниқса, Квебек провинцияси жиддий зарар кўрди. Бу ердан икки минг киши хавфсиз жойларга кўчирилди. Қутқарув ишларига ҳарбий хизматчилар ҳам сафарбар этилган.

Мамлакат жамоат хавфсизлиги вазирлиги вакили Дэн Брайеннинг таърифлашича, бу галги тошқинлар Канада тарихида сўнгги 50 йил ичидаги энг кучлиси бўлди.

 

Ходимлар вақтида пайқамаган

Германиянинг Карлсруэ шаҳридаги Баден ери музейидан 367 та бриллиант билан безатилган, қиймати 1,2 миллион еврога тенг тиллақош ўғирлаб кетилди.

Бу ҳақда ҳудуд полициясининг расмий сайтида маълум қилинган. Музей ходимлари мазкур жиноятни дарров сезишмаган. Чунки ўша вақтда сигнализация ишламаган. Қарангки, ҳатто витрина қулфи ҳам бузилмаган. Ўғирлик содир этилгани ҳақида эса ҳуқуқ-тартибот идораларига 29 апрелда хабар берилган.

XX аср бошларида ясалган ноёб тиллақош буюк герцогиня Хильда фон Баденга тегишли бўлган. 

 

Рекорд ўрнатди, аммо...

“Toyota Land Cruiser” дунёдаги энг тезюрар йўлтанламас автомобилга айланди.

Калифорниянинг Мохаве чўлидаги аэрокосмик синов марказининг учиш полосасида ушбу русумдаги машинанинг тюнинг қилинган, яъни модернизациялаштирилган варианти соатига 370 километр тезликка эришди. Бу автомобилларни такомиллаштиришга ихтисослаштирилган “Брабус” корхонаси томонидан тайёрланган “Mercedes-Benz GLK” моделида ўрнатилган аввалги рекорддан 31 километрга кўпдир. Бироқ “Toyota Land Cruiser” Гиннеснинг рекордлар китобига киритилмади. Чунки мазкур китобга йўлтанламас тоифасидаги автоуловлар қайд этилмас экан. Расмий рекорд “Брабус” маҳсулоти номида қолди.

 

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ўсиш кузатилди Экспорт ва импортда ўсиш »