XS.UZ
Ўзбекистон — Қозоғистон: азалий дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган ҳамкорликнинг янги босқичи Спортчи қизларга — Президент совғалари Қозоғистонда Ўзбекистон саноатининг салоҳияти намойиш этилди Маҳаллийлаштириш: Имконият ва истиқбол Асосий мақсад — таълим сифати ва самарадорлигини ошириш Битирувчиларга имтиёзли кредитлар Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда Сен борсан — мен борман, биз бормиз, Ватан... Меҳр-оқибат ва эзгулик айёми Буюк алломага эҳтиром Замонавий корпоратив бошқарув усуллари бизнесни самарали ташкил этиш гаровидир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига Фаровон ҳаёт, шоду хуррамлик ва укроналик Хорижлик дипломатлар Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан қутладилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот Ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва эзгулик ифодаси Журналистлик фаолияти истиқболи ва қонунчилик Ҳамкорлик учун қулай марказ «Қучоқ очиб халқ ичига борайлик...» Ўзбекистон халқига Наврўз табриги Бахтли-саодатли халқимизнинг энг қадимий ва файзли байрами Ўзбекистон ва Россия Президентлари бир-бирларини қутладилар Ўзбекистон ва Ҳиндистон Президентлари бир-бирларини қутладилар Ерик Утембаев: тинчлик, бирдамлик ва эзгулик айёми МДҲда энг бахтли мамлакат «Бу дамки эсиб насими наврўз...» Меҳр-мурувват ва ҳамжиҳатлик тимсоли Янги корхона иш бошлади Таъсис конференциялари ўтказилмоқда Қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти депутатлар диққат марказида
  • 10 Март 2017

Сирдарё: субвенция олувчи ҳудуддан иқтисодий барқарор вилоятга айланиш остонасида

Бугун ислоҳотларнинг янги босқичидамиз. Ўзгаришлар суръати юксак, янгиланишлар кўлами кенг. Булардан кўзланган мақсад эса аниқ ва қатъий: одамларимизни рози қилиш, уларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаш, онгу тафаккури, ён-атрофдаги воқеа-ҳодисаларга муносабатини ўзгартириш, Ватанга дахлдорлик ҳиссини ошириш... Шундай экан, энди эскича ишлаш, эскича ҳаёт кечиришга ҳаққимиз йўқ. “Бизга шу ҳам бўлаверади”, деган тушунча ўз умрини ўтаб бўлди. Республикамиз ҳудудлари тараққиёти, аҳоли турмуш даражаси ҳамда сифатини юксалтириш йўлида учраётган айрим камчилик ва муаммоларга тезкор, адолатли ҳамда самарали ечим топиш вақти келди.

Ҳозирги кунда давлатимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли янгиланишлар замирида ана шундай эзгу мақсад мужассамдир. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили доирасида Сирдарё вилоятида ҳам бошланган хайрли ишларнинг амалий натижалари билан танишиб, бунга такрор ва такрор ишонч ҳосил қилаяпмиз.

Маълумки, мазкур воҳа яқин-яқингача республика бюджетидан субвенция олувчи вилоятлар қаторига кирар эди. Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида мамлакатимиз ҳудудларини комплекс ҳамда изчил ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва саноат салоҳияти ўсишини таъминлаш масаласига тўхталар экан, бу борада Сирдарёда амалга оширилиши зарур бўлган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратганди. 

Хўш, ўтган давр мобайнида мазкур вилоятда қандай ўзгаришлар рўй берди? -Ислоҳотлар халқимиз, ҳар бир фуқарога қандай наф етказмоқда, унинг дастурхонида, кундалик ҳаётида қай даражада акс этаяпти? Буни билиш учун “Мирзачўл марвариди”га ташриф буюриб, оддий одамлар билан суҳбатлашишнинг ўзи кифоя.

— Йил хосиятли бошланди, — дейди Оқолтин туманининг Тошкент маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Абдумажид Умаров. — Биласизми, нимага бундай деяпман? Чунки янги йил кириб келиши билан воҳамизда бунёдкорлик, ободончилик ишларига -янгича суръат кириб, айни пайтда тобора қизғин тус олмоқда. Одамларимиз дунёқарашида дахлдорлик ҳисси, қалбларида эса ташаббус, ғайрату шижоат жўш ураяпти. Ёшлар ўзи танлаган касбу коридан бориб, жамиятда ўз ўрнини топишига ишончи мус-таҳкам. Айниқса, бизнес этагидан тутаман, деганларга нимаики имтиёз бўлса, барчаси муҳайё этилмоқда. Президентимизнинг “Халқимиз тадбиркор бўлсин” деган ҳаётбахш ғояси ана шу эзгу ҳаракатга қанот бағишламоқда. Бугун вилоят, шаҳар, туман ҳокимликлари, тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари, банк ходимлари уйма-уй юриб, аҳолининг эҳтиёжини ўрганаяпти. Яъни мансабдор шахслар халқ ичига кириб бориб, унинг дардини, муаммосини, режаларини эшитаяпти, амалий кўмак бераётир. “Ишлаб, юртимга, жамиятга, маҳалламга, оиламга фойда келтирмоқчиман, ҳалол меҳнат қилиб, даромад топмоқчиман”, деганларга ер-жой, сармоя, ускуна ва жиҳозлар ажратмоқда. Шундай пайтда барчанинг яшашга, меҳнатга иштиёқи, келажакка ишончи янада ортмайдими?! Ортганда қандоқ! Демак, Сирдарёмизда файзу барака эшик қоқмоқда.

“Интилиш бўлса, имконият топилади”, деганларидек, шу кунларда Сирдарё вилояти телерадиокомпанияси орқали намойиш этилаётган эълон ҳудуддаги касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини бефарқ қолдираётгани йўқ. Унга кўра, Гулистон шаҳрида -фаолият бошлаётган “Сирдарё Бест Фейшн” номли янги корхона маҳаллий мутахассисларни ишга таклиф қилмоқда. 

Мазкур ишлаб чиқариш субъектининг лойиҳа қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг. Инвестиция тўғридан-тўғри хориждан жалб этилган. Келтирилган илғор -технология ва дастгоҳлар трикотаж маҳсулотлари тайёрлашга мўлжалланган. Унинг ҳаётга татбиқ қилиниши натижасида дастлаб 500 киши иш билан таъминланади. Кейинчалик жамоа аъзолари сони 1000 нафарга етади.

“Гулистон медтехника” Ўзбекистон — Буюк Британия қўшма корхонаси эса ўтган йилнинг охирида иш бошлаганди. 7 миллион 300 минг АҚШ долларилик лойиҳанинг дастлабки босқичи амалга оширилгач, бу ерда шприц ва инфузион системалар тайёрлаш ўзлаштирилди. Ҳадемай, уларни экспорт қилиш ҳам кўзда тутилаётир. Энг муҳими, корхона жамоасининг асосий қисми ёш -мутахассислардан иборат.

Шунингдек, жорий йилнинг дастлабки ойларида Гулистон туманидаги “Соҳил Уммон Барака”, Мирзаобод туманидаги “Гулистон мебель” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан рўёбга чиқарилган лойиҳалар туфайли ҳудудда қурилиш материаллари ҳамда мебель жиҳозлари ишлаб чиқариш ҳажми ошиб, кўплаб меҳнат ўринлари яратилди.

Қолаверса, Сирдарё туманидаги “Sirdaryo Universal Oyna” масъулияти чекланган жамиятида йилига 102 миллион дона тиббиёт идиши тайёрлаш йўлга қўйилса, “Grade Pharma”да 80 миллион дона дори воситалари ишлаб чиқарилади. “Жиззах” эркин иқтисодий зонасининг Сирдарё филиалидаги “Peng Sheng” қўшма корхонасида эса чарм-атторлик буюмлари, электр ва сантехника жиҳозлари тури ҳамда ҳажми сезиларли даражада ошади. Бинобарин, Гулистон шаҳри ва Боёвут туманида замонавий енгил саноат субъектлари ҳам фаолият бошлайди. Умуман, 2017-2018 йилларда вилоятни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастурига мувофиқ, жами 1,3 триллион сўмлик ҳамда 89,9 миллион АҚШ долларилик 1497 та лойиҳа амалга оширилса, жорий йилнинг ўзида эса 21,7 минг кишининг бандлиги таъминланади. 

Ҳудуд аҳолиси ўртасида кичик бизнес, хусусий тадбиркорликка бўлган қизиқишни ошириш, бу борада ютуққа эришган ҳамюртларимизнинг тажрибаларини оммалаштириш юзасидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳам диққатга сазовор. Хусусан, барча маҳалла фуқаролар йиғинида оилавий тадбиркорликни бошлаган ёки энди шу юмушга киришиш истагини билдирган фуқаролар рўйхати, танлаган фаолият тури ёзиб бориладиган маълумот дафтари юритиш йўлга қўйилгани бунда муҳим аҳамият касб -этаётир. Боёвут туманидаги “Лайлаккўл” фуқаролар йиғинининг бу борадаги муваф-фақиятларини алоҳида таъкидлаш лозим. Ҳозирги кунгача ҳудудда 30 нафарга яқин киши имтиёзли кредит олиб, ўз бизнесини йўлга қўйгани, улар сафи кенгайиб бораётгани бунинг тасдиғидир.

— Ҳудудимиз аҳли деҳқончиликда ҳам, чорвачиликда ҳам етарли тажрибага эга, — дейди қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Дўсатбой Анорқулов. — Томорқаларида эрта кўклам кўкат ўстиришса, кейин иккинчи ҳосил — сабзавот ҳамда полиз маҳсулотлари етиштириш ҳаракатида бўлишади. Қолаверса, чорвачилик йўналиши ва кичик иссиқхона қуриш учун ажратилаётган кредитлар туфайли хонадонларга янада файз-барака кирмоқда. Мазкур молиявий кўмак одамларнинг яратувчанлик иштиёқини оширибгина қолмай, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Мирзаобод туманидаги Янгиовул маҳалласида яшовчи Суяровлар оиласи ҳам томорқадан оқилона фойдаланиш борасида кўпчиликка ўрнак. Яқинда мазкур хонадонга бир сотих майдонда иссиқхона қуриш учун имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди.

— Маблағнинг афзалликлари бизга жуда маъқул тушди, — дейди оила бошлиғи Бахтиёр Суяров. — Мисол учун, иссиқхонани қуриш, ўрнатиб бериш сарф-харажатлари шу сармоя ҳисобига қопланади. Ўз навбатида, мутахассислар ундан фойдаланиш йўл-йўриқларини ўргатиб кетишар экан. Ишни тўғри йўлга қўйиб олишимизда бундай тавсия ва амалий ёрдам айни муддао бўлади. 

Мазкур фуқаролар йиғини маълумотига кўра, шу кунгача жами 12 та хонадонда ана -шундай иссиқхоналар ташкил этиладиган бўлди. 

Вилоят миқёсида имтиёзли кредит олиб бизнес-режасини рўёбга чиқаришга киришганлар сони 5085 нафардан ошиб кетди. Шунга яраша сирдарёликларнинг ижтимоий-маиший яшаш тарзи ўзгариб бораётир. 

Албатта, ҳар ерда бўлгани каби воҳада ҳам тараққиёт локомотиви бир жойда тўхтаб турмайди. Демак, ҳали олдинда турган марралар кўп. Уларни қўлга киритиш эса янада катта масъулият, куч-ғайрат, ўзаро якдил бўлиб олға интилишни талаб этади. Бундай эзгу ғояларнинг ҳаётдаги амалий инъикоси барчамизни обод ва муаззам манзиллар сари чорлайверади.

 

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган