XS.UZ
Асосий мақсадимиз – мамлакатимизни янада тараққий эттириш ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришдир Ташқи ишлар вазирлигида учрашув ШҲТ: Тинчлик ва ҳамжиҳатлик йўлидаги ҳамкорлик истиқболлари Савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланмоқда Ҳаракатлар стратегияси Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғундир Соғлом турмуш тарзи тарғиботи «Юқори маошли ва обрўли ишга киришни хоҳлайман» Юртни мадҳ этган шоир Ғолиблар аниқланди Иқлим ўзгаришларига мослашиш экологик муаммоларнинг салбий оқибатларини юмшатишга хизмат қилади Ўзбек саҳнасида жаҳон классик мусиқасидан намуналар янгради Ўзбекистон Президенти Туркия ташқи ишлар вазирини қабул қилди Ўзбекистон Президенти АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондонини қабул қилди Мевлут Чавушўғлу: ҳамкорликнинг янги саҳифалари Очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат Фаластин делегациясининг учрашувлари Оила юртдошларимиз учун олий қадрият ҳисобланади Имтиёз ва енгилликлар истиқболли лойиҳаларга йўл очмоқда Фракцияларда долзарб масалалар кўриб чиқилди Инсон хотираси боқий, қадр-қиммати улуғ Дастлабки чорак таҳлили Унутилмас кун қувончи Инновацион ва ижодий ғоялар намойиши Янги маслаҳатчилар ўз фаолиятларини бошлади «Ёш чегарачилар» беллашдилар «Энг намунали оила» республика танлови Қўшиқларга кўчган қалб туғёни 2017 — 2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари Миллат ифтихори, фахр ва ғурури Ҳудудий саноат ярмаркалари
  • 01 Март 2017

Дунё бозоридан мустаҳкам жой эгаллаш — асосий мақсад

Иқтисодиётимизнинг рақобатдошлигини янада ошириш бешта устувор йўналишдан иборат Ҳаракатлар стратегиясида энг муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаб берилган. Ушбу мақсадга эришиш кўп жиҳатдан мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган халқ истеъмоли моллари, шу жумладан, тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотларининг жаҳон бозорида харидоргирлиги таъминланишига боғлиқ.

Сир эмас, енгил саноат бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатларида иқтисодий ўсишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи саналади. Чунки жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган ўзгаришлар, инқирозли ҳолатларга қарамасдан, кийим-кечакка бўлган талаб камайгани йўқ. Аксинча, аҳоли сони ортиши, мода оламидаги замонавий тенденциялар ҳисобига табиий матодан тайёрланган либослар, экологик тоза маҳсулотларга эҳтиёж тобора ошмоқда.

Жаҳон бозорида пахта толаси, калава ип, трикотаж мато ҳамда газламага бўлган талаб ва таклиф, ушбу маҳсулотлар қиймати бўйича прогнозлар, айниқса, пахта етиштирувчи мамлакатларда тўқимачилик саноати истиқболи порлоқ эканини кўрсатаяпти. Бу пахта толасини чуқур қайта ишлаш орқали иқтисодиётни ривожлантириш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида валюта тушуми кўпайиб, аҳоли, шу жумладан, хотин-қизлар учун қўшимча иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш сингари ижтимоий масалалар ҳал этилади. Шу маънода, енгил саноатни ривожлантириш ҳамда янада такомиллаштириш жуда муҳим. Пахта толасини хом ашё кўринишида эмас, балки қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулот сифатида сотиш зарур.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, калава ип ва мато ишлаб чиқаришга қўшимча қийматга эга бўлган якуний маҳсулотнинг қарийб 80 фоизи, пахта толасини ишлаб чиқаришга эса 10 фоизга яқини тўғри келади. Бунинг аҳамиятини англаш учун мутахассис бўлиш шарт эмас. Калава ип матодан бирмунча арзон, ундан олинадиган тайёр маҳсулот эса янада қиммат бўлади. Бу эса дунёда пахта етиштириш бўйича етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турган Ўзбекистон учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон мустақилликкача бошқа республикаларга пахта толаси етказиб берадиган асосий ҳудудга айлантирилган, заминимизда етиштирилган пахта толасининг атиги 10 фоизга яқини ўзимизда қайта ишланар эди холос.

Истиқлолнинг илк йиллариданоқ етиштирилаётган пахта хом ашёсини қайта ишлашни кўпайтириш ҳамда чуқурлаштиришга эътибор кучайди. Шундай қилиб, 1995 йилдан соҳага хорижнинг 2,5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ инвестицияси жалб қилинди. Янги тўқимачилик ва енгил саноат корхоналарини қуриш, мавжудларини модернизациялаш бўйича 300 дан зиёд лойиҳалар амалга оширилди. Бунда бутун технологик жараён — калава ипдан тортиб, ички ва ташқи бозорда юқори талабга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқичлар қамраб олинди. Тўқимачилик саноатининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги, саноат маҳсулотлари ҳамда ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришдаги улуши ортди. Агар 1994 йилда Ўзбекистонда тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари экспорти ҳажми, бор-йўғи, 7 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2006 йилга келиб, у 300 миллион АҚШ долларига, 2011 йилда эса 650 миллион АҚШ долларига етди. 2015 йилда бу кўрсаткич бир миллиард АҚШ долларидан ошди. Ҳозирги кунда “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналар ўз маҳсулотларини Европа, Осиё, Африка ҳамда Американинг 50 дан ортиқ мамлакатларига экспорт қилмоқда, хорижлик харидорлар географияси эса янада кенгайиб бораяпти.

Пахтани қайта ишлаш жараёнини чуқурлаштиришни ривожлантириш асосида соҳанинг тараққиёт суръатлари кўзга яққол ташланади. Мисол учун, XII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида 550 минг тонна ўзбек пахта толасини сотиб олиш, мамлакатимизда тайёрланган тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича бир миллиард 322 миллион АҚШ долларидан зиёд миқдордаги шартномалар имзоланди. Ваҳолонки, бир йил муқаддам ушбу кўрсаткичлар 700 минг тоннани ҳамда 800 миллион АҚШ долларидан ортиқни ташкил қилганди. Яъни тола экспорти бевосита камайган бўлса, юртимиз корхоналарида ишлаб чиқарилган енгил саноат маҳсулотлари экспорти кўпайди. Ушбу рақамлар шуни кўрсатаяптики, ҳали ҳам пахта толасининг катта қисми экспортга юборилаётир, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида тўқимачилик маҳсулотлари жаҳон бозорига чинакамига энди чиқмоқда ва ўз мавқеини мустаҳкамлаяпти.

Тўқимачилик маҳсулотлари экспортидан валюта тушумлари ўсишини нима ушлаб турибди?!

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида қайд этганидек, экспорт таркибида калава ипнинг улуши юқорилигича, яъни 53 фоиз даражасида қолмоқда.

“Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти маълумотларига қараганда, 2015 йил якунларига мувофиқ, юқори қўшилган қийматга эга товарларнинг жами экспорт ҳажмидаги улуши 40 фоиздан ошган ҳамда изчил кўпайиб бормоқда. Аммо тармоқдаги аксарият қувватлар калава ип ва трикотаж матоларини ишлаб чиқаришга мослашган. Мамлакатимизда сунъий тола ҳамда матолар ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилмаганлиги боис инвестицияларнинг аксарият қисми шу мақсадга йўналтирилган. Тайёр маҳсулотлар таркибида трикотаж буюмлар етакчилик қилаяпти. Газлама тайёрлаш яхши ривожланмаган, тикувчилик корхоналарида тайёр маҳсулотлар, масалан, аёллар ва эркаклар кўйлаги ишлаб чиқаришда, асосан, импорт матолар ишлатилаётир. Ваҳолонки, мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, бир килограмм пахта толасидан тайёрланган калава ип пахта толасидан 3-4 баравар, трикотаж маҳсулотлари 6-7 баравар, тикувчилик маҳсулотлари эса 10 баравар, ҳатто ундан ҳам қиммат туради.

Шу ўринда бу борада Бангладеш тажрибасини келтириб ўтиш ўринли. Маълумотларга қараганда, ушбу мамлакатда ўтган асрнинг 80-йиллари аввалида кийим-кечак экспортидан даромад 3,3 миллион АҚШ долларини, 90-йиллар бошига келиб эса 1,2 миллиард АҚШ долларини, 2008 йилда 12,1 миллиард АҚШ долларини, 2013/2014 йилларда эса 24,5 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Бошқача айтганда, экспорт тушумларининг қарийб 80 фоизи мазкур тармоқ ҳиссасига тўғри келади. Бундай юқори ўсиш суръати тайёр кийим-кечак ҳамда трикотаж маҳсулотлари, жумладан, бошқа мамлакатлардан хом ашё келтириш ҳисобига таъминланган.

Республикамизда мато ва тайёр тикувчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 4 мартдаги Фармони билан тасдиқланган 2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ этиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурига мувофиқ, соҳада 900 миллион АҚШ долларилик тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилинган ҳолда, 80 та йирик инвестициявий лойиҳа амалга оширилади. Трикотаж материалларини ишлаб чиқариш қуввати 1,5 баравар, тайёр мато ишлаб чиқариш 2 баравар, тикувчилик ҳамда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш 3 баравар, пайпоқ маҳсулотлари тайёрлаш 2 марта оширилади. 2020 йилга бориб, жами саноат ишлаб чиқариш ҳажмида тайёр маҳсулотнинг улуши 70 фоизга етказилади.

Мода индустрияси ривожланган мамлакатлардан мутахассис ва дизайнерларни жалб этиш жараёни аллақачон бошлаб юборилган. Улар кўмагида ички ҳамда ташқи бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотларнинг кенг турини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун кийим-кечаклар моделлари коллекцияси шакллантирилади. Бу лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ қилиниши яна 40 мингдан ортиқ иш ўринларини яратиш имконини беради.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 декабрдаги “2017 — 2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, келгусида иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришларни давом эттириш, тўқимачилик ҳамда тикув-трикотаж саноатини модернизациялаш, диверсификациялаш ва жадал ривожлантиришни таъминлаш, пахта толаси ҳамда ипак хом ашёсини чуқур қайта ишлаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш орқали рақобатдош, ташқи бозорда харидоргир тайёр, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ва турини кенгайтириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган. Хусусан, оддий ҳамда аралаш газлама, тикувчилик маҳсулотлари, кийим-кечак, яъни юқори қўшилган қийматга эга тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига солиқ ва божхона имтиёзлари берилди.

Дунё тажрибаси шуни кўрсатаяптики, айнан тўқимачилик саноати ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодий равнақига кўп жиҳатдан замин ҳозирлаган. Шу маънода айтганда, Ўзбекистон экспортдан валюта тушумларини кўпайтириш учун ноёб имкониятларга эга. Юқори сифатли пахта толамиз, яъни мустаҳкам хом ашё базамиз бор. Уни қайта ишлаш жараёнини чуқурлаштириш устида доимий иш олиб борилмоқда, тўқимачилик соҳасида чет эл инвесторлари учун қулай шароитлар яратилган. Ушбу жиҳатлар билан жаҳон пахта бозорида етакчи мавқега эга мамлакатимиз эндиликда трикотаж мато, газлама ҳамда тайёр кийимлар тайёрлаш бўйича халқаро бозорда ҳам муносиб ўринни эгаллаб бораяпти.

Собир АЛИЕВ.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+