XS.UZ
Аҳолига янада замонавий шароитлар яратиш бугунги кун талаби Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида Долзарб қонун лойиҳаларида фракция позицияси ифодаланди  Одамлар тиббий хизматдан мамнун бўлсин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот «Тақдирим, келажагим Ватан билан муштарак» Мобиль алоқа антенналари соғлиққа зарарлими? Маҳаллада кичик саноат ҳудуди Мақсад бир, ғоя бир, Ватан ягона Ота-она меҳри яна қайда бор? Мусаффо осмон узра ишончли парвоз Ўзбекистон Республикаси Президенти Қозоғистон Республикаси мудофаа вазирини қабул қилди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалини ташкил этиш тўғрисида Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида Одамлар ички ишлар органининг ҳар бир ходимида ўз ҳимоячисини кўриши керак Мудофаа вазирлигида учрашув «Кейинги бекат»да ҳаёт манзаралари Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон Инновация имкониятлари кенгаяди Ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарур Ички туризм истиқболлари Экспортчи корхоналар сони кўпаяди Бу галги ҳашар аввалгиларидан фарқ қилади Ноёб ва сара навлар Мирзачўл қовунлари довруғини дунёга ёймоқда Ёш оилалар ва қизлар билан ишлашда янгича ёндашув Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида Президент таълим тизимидаги ислоҳотларнинг бориши бўйича мажлис ўтказди Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
  • 12 Январь 2017

Аҳолининг бизнес фаоллигини ошириш мамлакатимиз банк тизими олдидаги энг устувор вазифадир

Қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, хусусий мулк ва кичик бизнеснинг иқтисодиётдаги ролини ошириш, тадбиркорлик субъектларига янада кўпроқ эркинлик бериш, қўшимча имтиёз ҳамда преференциялар қўллаш мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир. Бинобарин, иқтисодиёт тармоқларининг рақобатдошлигини таъминлаш, экспорт ҳажмини юксалтириш, аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигини оширишда бу соҳанинг ўрни ғоятда катта. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида шу масалага тўхталар экан, ҳар бир оила билан мулоқот ташкил қилиш орқали фуқароларнинг тадбиркорлик соҳасида ишлаши учун қулай имкониятлар яратиш, шу мақсадда тижорат банклари ҳамда уларнинг жойлардаги филиаллари, ўз имкониятларидан келиб чиқиб, тадбиркорларга молиявий кўмак ва мадад бериши зарурлиги, банклар энди халқимизни тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатиши ва шунга етаклаши лозимлигини  алоҳида таъкидлади.

Республикамиз банк тизими олдига қўйилган ушбу устувор вазифадан келиб чиқиб, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида тижорат банклари томонидан аҳолини тадбиркор қилиш мақсадида ҳар бир хонадоннинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун банк хизматлари ва кредит маблағларига эҳтиёжи ўрганилмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан мазкур муҳим вазифа қамраб олинган ҳамда 2017 йилда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилгани, унинг ижроси таъминланаётгани айни муддао бўлмоқда. 

Гап шундаки, унга мувофиқ, тижорат банкларининг вилоят, туман ва шаҳар филиалларида янги бўлинмалар ташкил қилиниб, улар замонавий фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар мутахассислар билан таъминланди. Ўз навбатида, банкларнинг бош офисларида ушбу бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи тегишли бўлинмалар белгиланиб, иш режаси ишлаб чиқилди. Бунинг самараси эса ҳозирданоқ кўзга яққол ташланмоқда. Яъни банк филиаллари ҳамда маҳалла фуқаролари йиғинлари жойлашуви инобатга олинган ҳолда, республикамизнинг барча ҳудудидаги маҳаллалар тўлиқ қамраб олинди. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикасининг жами 179 та маҳалласидаги 357 минг 441 хонадон ҳудуддаги  52 та банк филиалига бириктирилди. 

Ташкил қилинган янги тузилманинг асосий вазифаси, лўнда қилиб айтганда, меҳнатга лаёқатли, ташаббускор аҳоли орасидан янги мижозларни топиб, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, шу орқали янги хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда қўшимча иш ўринлари яратишдан иборат. Бунинг учун масъул ходимлар хонадонма-хонадон юриб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот ўтказиши, айниқса, эътиборга моликдир. Улар бу жараёнда махсус саволнома асосида одамлар билан суҳбатлашиб, таклиф этилаётган банк кредитлари турлари ва шартлари, шунингдек, кредит ҳужжатлари ҳамда гаров таъминоти тўғрисида атрофлича тушунча бермоқдалар. Ўтказилган савол-жавоб натижасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, банкдан кредит олиш истагида бўлган фуқаролар аниқланаяпти. 

Улар орасидан тадбиркорлик билан шуғулланиш учун тайёр бизнес-режаси, кредит олиш учун зарур ҳужжатларга эга фуқароларнинг лойиҳалари ўрганиб чиқилиб, қисқа фурсат ичида кредит расмийлаштирилмоқда. 

Шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун бизнес-лойиҳаси мавжуд, лекин кредит олиш учун тегишли шароит (гаров таъминоти, ер майдони, коммуникация тармоқлари ва бошқалар) ҳамда ҳужжатларга эга бўлмаган фуқароларнинг бизнес лойиҳалари эса ўрганиб чиқилгач, банкдан кредит олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тўплаш бўйича тушунтириш берилиб, амалий ёрдам кўрсатилаётир.

Қолаверса, тадбиркорлик билан шуғулланишга иштиёқи бор, аммо бизнес-режа, кредит олиш учун зарур ҳужжатларга эга бўлмаган фуқароларга банклар томонидан тадбиркорлик билан шуғулланиш учун намунавий лойиҳалар таклиф этилиб, ўзларини қизиқтирган йўналишни ўзлаштиришлари учун қандай чора-тадбирлар кўриш лозимлиги бўйича тушунтириш ишлари олиб борилаяпти.

Шу ўринда айтиш жоизки, илгари бизнес фаолиятини энди бошламоқчи бўлганларга мураккаб технологиялар асосидаги ишлаб чиқаришлар эмас, балки шахсий томорқада, мавжуд шарт-шароитлар асосида амалга ошириш имконияти мавжуд бўлган лойиҳаларга эътибор қаратиш тавсия қилинар эди. Масалан, паррандачиликни олайлик. Тухум ва парранда гўшти етиштириш мақсадида 15 млн. сўмлик кредит эвазига уй шароитида 500 та товуққа мўлжалланган кичик хўжалик ташкил этилса, бир кишининг бандлиги таъминланади. Энг муҳими, ҳисоб-китобларга кўра, олинган кредит маблағидан -самарали фойдаланиб, 2 йил давомида кредит ва унга ҳисобланган фоизларни тўлиқ тўлаш, 11 млн. сўм соф фойда олиш мумкин. Ёки бўлмаса, 14 млн. сўмлик кредит ҳисобига 3 бош қорамол харид қилинса, 3 йил давомида кредит қарзи ва унинг фоизларини тўлиқ тўлаб, камида 20 млн. сўм соф фойда топиш имкони мавжуд. Шунингдек, асаларичилик, қуёнчилик, балиқчилик, боғдорчилик ва узумчилик тармоқларини йўлга қўйиш, ихчам иссиқхоналар, кичик ишлаб чиқариш цехлари, тикувчилик, умумий овқатланиш, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини ишга тушириш, касаначилик ва ҳунармандчиликни ташкил этиш эвазига ҳам доимий даромад манбаини шакллантирса бўлади. Шундан келиб чиқиб, ушбу йўналишларда намунавий бизнес-режалар тайёрланиб, улар тижорат банкларига етказилди.

Бундан ташқари, эндиликда фуқароларнинг хоҳиш-истаклари, имкониятлари ва гаров таъминотидан келиб чиқиб, энг кам иш ҳақининг 1000 бараваригача микрокредитлар ёки ундан ҳам юқори миқдордаги кредитлар ҳисобига амалга ошириладиган юксак технологияли лойиҳаларни молиялаштириш борасида амалий саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган. Зарур ҳолларда эса давлат рўйхатидан ўтиш ва тегишли рухсатномаларни олиш юзасидан йўл-йўриқ ва амалий ёрдам кўрсатилаётир.

Албатта, инсондаги ишбилармонлик қобилиятини тўлиқ юзага чиқариш осон иш эмас. Шу боис, энг аввало, соҳада рўй бераётган ўзгаришлар, яратиб берилаётган қулайликларни аҳолининг барча қатламига етказиш мақсадида жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари янада кучайтирилди. Зеро, тадбиркорлик фаолиятининг афзалликларини, мавжуд имтиёз ва имкониятларни фуқароларга тушунтириш,  олинадиган кредит маблағларини қайтариш учун уларда масъулият ҳиссини уйғота олиш ҳар бир банк олдида турган вазифалар ижросини самарали йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга.

Марказий банк ташаббуси билан банк филиалларида “Тадбиркорлар хонаси” ташкил этилгани айни мақсад рўёбига хизмат қилаяпти. Ҳозирги кунда уларни зарур техника ва жиҳозлар билан таъминланганлик даражаси қайта кўриб чиқилиб, малакали ходимлар томонидан маслаҳатлар бериш, кредит ҳужжатларини тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Аҳолини бизнесга кенгроқ жалб қилишда яна бир муҳим масала — ҳар йили республикамиз бўйича олий ва ўрта махсус таълим муассасаларини битираётган ўртача 500 мингдан зиёд ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Бунда уларга ўқиш давридаёқ учрашувлар ўтказиб, бизнес-режа тузиш, кредит, гаров таъминоти тўғрисида тушунчалар бериб борилаётгани қўл келаётир. 

Таъкидлаш керакки, маҳаллаларга бириктирилган ҳар бир масъул ходим ўрганилган хонадонлар қамрови, ажратилган кредитлар ҳажми, ташкил этилган янги тадбиркорлик субъектлари ва яратилган янги иш ўринлари сонига қараб, банкларга 1 баллдан 9 баллгача бўлган рейтинг баҳолари берилади. Яъни энг яхши кўрсаткич учун — 9 балл, энг ёмон кўрсаткичга —  1 балл қўйилади. Ҳосил бўлган натижалар умумлаштирилиб, ҳар бир тижорат банкининг умумий рейтинг кўрсаткичи аниқланади. Ушбу мезон бўйича энг яхши натижага эришган молия муассасалари рағбатлантирилади. Ишлари самарасиз бўлган тижорат банклари раҳбарларига нисбатан эса тегишли чоралар кўрилади.

Умуман, Президентимиз томонидан банк тизими олдига қўйилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш борасида юртимиз тижорат банклари мавжуд имкониятларини тўлиқ сафарбар этишга интилмоқда. Мақсад битта: у ҳам бўлса, аҳолининг тадбиркорлик қобилиятини юзага чиқариб, мулкдорлар синфини кенгайтириш, одамларнинг даромад манбаини кўпайтириш, турмушини бундан-да фаровон қилишдир. Зеро, “Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун” тамойилидан оғишмаган ҳолда, аниқ мақсадли чора-тадбирлар кўрилаётгани ўзининг юқори самараларини бериши муқаррар.

 

Марказий банк

материаллари асосида 

С. РАҲМОНОВ тайёрлади.

Мазкур рукиндаги бошқа мақолалар: « Якун ва режалар Қўшимча даромад манбаи »

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган