«Навоий» ИЭС: Технологик янгиланишлар ва истиқбол
  • 16 Декабрь 2016

«Навоий» ИЭС: Технологик янгиланишлар ва истиқбол

Юртимиз иқтисодиёти таркибида саноатнинг улуши йил сайин ошиб бормоқда. Натижада бир пайтлар хориждан валюта эвазига келтирилган маҳсулотлар ўрнини ўзимизда тайёрланган рақобатдош турдошлари эгаллаяпти. Қиёслаш учун мисол: мустақилликнинг дастлабки йилларида биргина Навоий вилоятида 110 га яқин ишлаб чиқариш субъектлари фаолият юритган бўлса, ҳозирги кунга келиб улар сони 1,5 мингтадан ортди. Ўз навбатида, воҳада тайёрланаётган саноат маҳсулотлари тури 46 тадан 300 тага етди.

Бунда энергетика тизимидаги ислоҳотларнинг ҳам аҳамияти беқиёс. Негаки, инновацион технологияларнинг ишлаб чиқаришга изчил жорий этилиши жараёнини электр таъминотисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис нафақат воҳа, балки бутун республикамиз учун муҳим ўринга эга бўлган Навоий иссиқлик электр станцияси фаолиятини босқичма-босқич такомиллаштириш чоралари кўрилаётир. Айни мақсадда амалга оширилган янгиланишлар натижасида кейинги йилларда унинг умумий ишлаб чиқариш қуввати 1250 МВтдан 1618 МВтга етказилди. Замонавий технологиялар асосида буғ турбиналари янгиланиб, йилига 600 млн. кубометрдан ортиқ табиий газни иқтисод қилиш имконияти юзага келди.

Ваҳоланки, бундан қарийб ярим аср муқаддам бу ерда катта сарф-харажатлар эвазига, бор-йўғи, 50 минг киловатт-соат электр энергияси ҳосил қилинганини соҳа вакиллари яхши эслайдилар. Бугун-чи? Салкам 9 миллиард киловатт-соат миқдоридаги электр қуввати Қизилқум кенгликларида жой олган хонадонлар, саноат тармоқлари, ижтимоий муассасалар ва бошқа корхона ҳамда ташкилотларга узатилмоқда. 

Яна бир эътиборли жиҳати, станцияда илғор бошқарув тизими жорий этилган. Бу эса ишлаб чиқариш жараёнини самарали ташкил қилишда қўл келмоқда. Масалан, компьютерлаштирилган дастгоҳлар топшириқларни ўта аниқлик билан бажаради. Қолаверса, энергоблок тизимидаги ҳар бир ўзгаришни дарҳол пайқаб, уни автоматик тарзда тўғрилайди. Натижада ишлаб чиқариш мароми бузилмайди, энг муҳими, ускуналарнинг яроқлилик муддати янада узаяди. 

— Иш самарадорлигини ошириш мақсадида модернизациялаш жараёнининг навбатдаги босқичида маънан эскирган қурилмаларни ихчам ва тежамкор замонавий технологияларга асосланган буғ-газ мосламаларига алмаштирдик, — дейди корхона бош директори Қаҳрамон ўаниев. —  Ўз навбатида, мавжуд қувватларни реконструкция қилиш юмушлари ҳам эътиборимиз марказида бўлди. Эндиликда республика Инвестиция дастурига мувофиқ, бу ерда қуввати 450 МВтга тенг иккинчи буғ-газ қурилмаси барпо этилади. Мазкур лойиҳа қиймати техник-иқтисодий асосларга кўра, 547,2 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, унинг 351,4 миллион долларлик қисми Япониянинг “JICA” агентлиги кредит маблағлари, 150 миллион доллари Республика Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, 45,8 миллиони эса “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти сармояси ҳисобидан молиялаштирилади. Эътиборлиси, 2019 йилнинг тўртинчи чорагида тўлиқ якунланиши режалаштирилаётган ушбу лойиҳа шарофати билан нафақат Навоий, балки қўшни вилоятлар аҳолисининг ҳам электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш имконияти юзага келади. Бу эса яқин истиқболда юртдошларимиз турмуш фаровонлиги янада юксалади, деганидир. 

 

Азамат ЗАРИПОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Шомурот ШАРАПОВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn