Иқтисодиётимизнинг юксак салоҳияти
  • 25 Октябрь 2016

Иқтисодиётимизнинг юксак салоҳияти

Х Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида намойиш этилмоқда

Юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли иқтисодиёт тармоқларида барқарор ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида ялпи ички маҳсулот ҳажми 2015 йилнинг шу давридагига нисбатан 7,8 фоиз ўсгани шундан далолат беради. Шубҳасиз, бундай юқори натижага эришилишида саноатдаги сифат ўзгаришлари муҳим омил бўлди. 

Дарҳақиқат, кейинги йилларда соҳада маҳсулот тайёрлаш ҳажми қайта ишлаш ҳисобига кўпаймоқда. Масалан, шу йилнинг ўтган даврида 2015 — 2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхоналар томонидан 50 дан ортиқ турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Нефть-газ-кимё ускуналари, конвейер ускуналарининг эҳтиёт қисмлари, автомобиллар спидометри, электр печлар, сув тўплайдиган электр иситкичлар, спорт тренажёрлари, болалар велосипедлари шулар жумласидандир.

Кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида иш бошлаган X Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг очилиш маросимида қайд этилганидек, бундай барқарор ривожланиш кўрсаткичларига иқтисодиётни диверсификация қилиш, саноат корхоналарини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес вакилларига эркин фаолият юритиши учун қулай шарт-шароит яратиб бериш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли эришилмоқда. Мазкур жараёнда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2007 йил 12 ноябрдаги “Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан асос солинган ҳамда анъанавий равишда ўтказиб келинаётган ушбу тадбирнинг алоҳида ўрни бор. Зеро, ўтган даврда у саноатчиларнинг йирик иқтисодий анжумани сифатида рақобатдош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, ички тармоқ ва тармоқлараро алоқаларни мустаҳкамлашда замонавий бозорнинг муҳим механизмига айланди. Ўтган қисқа давр ичида иштирокчилар сони 7 баробар, намойиш этилган маҳсулотлар тури 20 мингдан ошгани, маҳсулот етказиб бериш бўйича имзоланган шартномалар ҳажми эса 11 маротаба кўпайгани шундай дейишимизга тўла асос бўлади. 

Бундан ташқари, ярмаркага ҳар йили  илм-фан соҳаси, етакчи саноат корхоналари ва ташкилотларнинг 100 мингдан зиёд вакиллари ташриф буюрмоқда. Улар сони хорижликлар ҳисобига тобора кўпаяётгани, айниқса, диққатга сазовордир. Мисол учун, ўтган йилги ярмаркада Германия, Буюк Британия, Чехия, Канада, Хитой, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари каби 55 давлатнинг 1300 дан ортиқ фирма ва компанияларидан вакиллар қатнашган бўлса, якунда улар билан -экспорт бўйича 8,3 миллиард АҚШ долларилик шартномалар тузилган. 

Таъкидлаш жоизки, ярмарканинг стендлари янги маҳсулотлар ҳисобига йил сайин бойимоқда. Хусусан, бултурги тадбирга саноатчиларимиз ўзларининг маҳаллийлаштириш лойиҳалари асосида тайёрланган импорт ўрнини босувчи, айни чоғда экспортга йўналтирилган 200 дан зиёд товарларини келтиришган эди. 

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси икки босқичда ўтказилмоқда. Яъни илк босқич республикамиз ҳудудларида уюштирилаётган бўлса, иккинчи босқич халқаро мақомда ўтказилаётир. Аниқроғи, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 мартдаги “2016 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг март — июнь ойларида жойларда уюшқоқлик билан ташкил этилган 13 та ана шундай тадбирда 5 мингдан ортиқ саноат корхоналари қатнашди. Улар ўртасида маҳсулот етказиб бериш ҳамда саноат кооперацияси борасида 1 триллион сўмликдан кўпроқ шартномалар имзоланди. Тоғ-кон ускуналари, боғдорчиликка мўлжалланган минитракторлар, электр генераторлари, тиббиёт жиҳозлари, евро стандартларга мос мой маҳсулотлари, юқори -сифатли керамикалар қатнашчиларда, айниқса, катта қизиқиш уйғотди.

Х Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси ҳам томонлар учун ана шундай самарали бўлиши кутилаяпти. Чунки у ўз ичига фармацевтика, қурилиш, автомобилсозлик, машинасозлик, озиқ-овқат, металлургия, электротехника, енгил саноат сингари иқтисодиётнинг барча етакчи тармоқларини қамраб олган бўлиб, энг илғор  технологиялар ёрдамида тайёрланган замонавий ва сифатли маҳсулотлар таклиф этилмоқда. Масалан, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятидан олинган маълумотларга кўра, ярмаркада тизим корхоналари томонидан импорт ўрнини босувчи, тайёр маҳсулот ҳамда бутловчи қисмлар намойиш қилинаяпти. “Elektrqishloqqurilish”, “Elektrtarmoqqurilish”, “Elektroizolit”, “Elektron hisoblagich”  корхоналарининг юқори кучланишли электр узатиш линиялари, металл конструкциялар, темир-бетон таянчлари, иссиқлик изоляция материалларини шулар жумласига киритиш мумкин. 

“Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси стендлари эса саноат форумининг 70 квадрат метр ҳудудини эгаллаган бўлиб, бу ерда тизимдаги олти акциядорлик компанияси, қўшма корхона ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўзларининг маҳсулот ҳамда хизматларини тақдим этмоқда. 

— Айни пайтда корхонамизда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 37 та лойиҳа рўёбга чиқарилмоқда, — дейди Навоий кон-металлургия комбинатининг ишлаб чиқариш ва инновация бўлими бошлиғи Шавкат Мадаминов. — Бунинг эвазига 14 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ тежаб қолинади. Бу йилги ярмаркага айнан ушбу дастур асосида нефть-газ, кимё, металлургия саноатида фойдаланиладиган дастгоҳлар эҳтиёт қисмлари, тадбиркор ҳамда фермерларга мева-сабзавотларни майдалаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш ускуналарини таклиф қилаяпмиз. 

Умуман, ушбу тадбир биз учун ниҳоятда фойдали бўлаяпти. Негаки, унда маҳсулот сотиб олиш ва етказиб бериш борасида кўплаб келишувларга эришаяпмиз. Бу йил жами 790 миллиард сўмлик шартнома тузишни режалаштирганмиз. 

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг яна бир аҳамиятли томони шундаки,  унинг доирасида корхоналарга ишлаб чиқарилаётган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, қайта ишланган хом ашё ва материалларни қўшимча тендерларсиз, тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиб олиш борасида барча шарт-шароит яратилган. Маҳсулотни етказиб бериш бўйича шартномалар ярмарка дирекцияси рўйхатидан ўтказилиб, реестрга киритилади.

Шу билан бирга, анжуманда суғурта, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш ташкилотлари, тижорат банкларининг махсус стендлари ҳам ташкил этилганки, бу ҳам уларга қўшимча қулайликлар яратади, албатта.

Ярмарка доирасида, шунингдек, турли семинар ҳамда тақдимот маросимлари ўтказилади. Хусусан, унинг биринчи кунида Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси дирекцияси, Олмалиқ ҳамда Навоий кон-металлургия комбинатлари, Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятларининг тақдимотлари бўлиб ўтди.  

Х Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов сўзга чиқди.

 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn