Саноатнинг илғор тармоқлари ривожи
  • 06 Июль 2016

Саноатнинг илғор тармоқлари ривожи

замонавий маиший техника воситалари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш имконини бераяпти

Ўзбекистонда “Samsung” бренди остида замонавий холодильниклар ишлаб чиқарила бошланди. “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси ҳамда Жанубий Кореянинг “Samsung Electronics Co.Ltd” компанияси ҳамкорлигида амалга оширилган ушбу йирик лойиҳа юртимиз саноатчиларининг мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 25 йиллик байрамига муносиб туҳфаси бўлди.

Шу муносабат билан пойтахтимизда ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси ва ғоялари асосида саноатимизнинг юқори технологияли тармоқлари жадал ишга туширилаётганини таъкидладилар. Натижада электротехника саноатнинг янги тармоғи сифатида тўлиқ шаклланиб, иқтисодиётимизнинг истиқболли йўналишларидан бирига айланди. Буни охирги 5 йилда 25 дан ортиқ турдаги маиший техникалар ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилгани, аҳолининг кондиционер, газ ва электр плиталари, чангюткич, телевизор, кир ювиш машинаси сингари узоқ муддат фойдаланиладиган товарларга бўлган эҳтиёжи, асосан, ўзимизнинг маҳсулотлар эвазига таъминланаётгани мисолида кўриш мумкин.

Мутахассисларнинг айтишича, юқори технологиялар воситасида электротехника жиҳозларини ишлаб чиқариш — мураккаб жараён. Аммо юртимизда соҳа равнақи учун зарур шарт-шароит муҳайё қилингани, айниқса, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити яратилиб, чет эллик инвесторларга кўплаб имтиёзлар тақдим этилаётгани туфайли йирик ло-йиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Тошкент шаҳридаги “Polaris Technologies” корхонасида янги авлод холодильникларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани электротехника саноатимиздаги мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Лойиҳа қиймати 4 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, унинг доирасида Жанубий Корея, Япония, Италия ва Хитой Халқ Республикасидан энг сўнгги русумдаги технологик ускуналар олиб келиб ўрнатилди. Бунинг ҳисобига ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган холодильникларнинг 4 та янги моделини тайёрлашга киришилди.

— Янги лойиҳа корхонамиз фаолиятини кенгайтириш, ишлаб чиқаришга инновацион технологияларни жорий қилиш борасидаги навбатдаги муҳим қадамлигига шубҳа йўқ, — дейди “Polaris Technologies” корхонаси раҳбари Дилмурод Гаипов. — Гап шундаки, корхонамиз 2013 йилдан буён электротехника бозорида танилиб, буюртмачиларга “Artel” бренди остида маҳсулотлар етказиб бераётган эди. “Samsung Electronics Co.Ltd” компанияси билан ҳамкорликда эса жуда қисқа вақт ичида янги технологик линияни ишга тушириб, юқори сифатли холодильниклар ишлаб чиқаришга муваффақ бўлдик.

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили Корея Республикасига ташрифи доирасида имзоланган ҳужжатлар самараларидан бири бўлган мазкур қўшма лойиҳа доирасида 40 дан ортиқ янги иш ўринлари очилди. Уларга, асосан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари олинди. Ёшларнинг ғайрат-шижоати билан дастлабки пайтнинг ўзида халқаро андозаларга тўла жавоб берадиган 290 ва 320 литр сиғимли холодильниклар тайёрлашга эришилди. Қувонарлиси, ҳозирнинг ўзида маҳаллийлаштириш даражаси 40 фоизга етди. Яқин икки йил ичида бу кўрсаткични 50 фоизга чиқариш кўзда тутилган. Бунинг учун имконият ҳам, салоҳият ҳам етарли.

Корхона бош технологи Азизбек Темуровнинг айтишича, айни пайтда холодильникларнинг асосий бутловчи буюмлари, яъни юқори технологияли термоизоляцион материаллардан тайёрланган корпуси, ички шкафи, совитиш ва музлатиш қисмлари шу ерда ишлаб чиқарилаяпти. Келгусида бошқа зарур жиҳозларни ҳам тайёрлашни ўзлаштириш, моделларни кўпайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини муттасил ошириш кўзда тутилган. Айтайлик, жорий йилнинг охирига қадар буюртмачиларга 6 мингта холодильник етказиб берилса, 2017-2018 йилларда бу кўрсаткич 50 мингтага -етказилади.

— Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг ишончли ҳамкоримиздир, — дейди “Samsung Electronics Co. Ltd” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мин Шин Вунг. — Мамлакатингизда бизнес юритиш борасида хорижлик сармоядорлар учун барча шарт-шароит яратиб берилгани туфайли компаниямиз томонидан электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича кўплаб қўшма лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Ўйлайманки, бу лойиҳа ҳам аввалгиларидек муваффақиятли бўлиб, иқтисодий алоқаларимизни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Замонавий холодильникларни ишлаб чиқаришда нафақат унинг сифати, балки ташқи кўриниши, шунингдек, экологик хавфсиз, энергия тежамкор бўлиши энг муҳим -талаблардан биридир. Бинобарин, нозик дидли харидорларни қониқтирадиган маиший техникаларнинг янги авлоди Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётгани тараққиётимизнинг барча жабҳада илдамлаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, инновацион ва мураккаб технологик жараён ҳисобланган электротехника тармоғида ҳам катта салоҳиятга эга эканлигимизни яққол тасдиқлайди.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn