Электротехника саноати: улкан имконият ва жадал тараққиёт ифодаси
  • 04 Июль 2016

Электротехника саноати: улкан имконият ва жадал тараққиёт ифодаси

Бугунги кунда Ўзбекистон эришаётган иқтисодий ютуқлар дунёнинг кўплаб давлатлари инвесторларида катта қизиқиш уйғотиб, халқаро экспертлар ва таҳлилчиларни ҳайратга солаётир. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки мамлакатимиз йигирма беш йиллик мустақил тараққиёт йилларида иқтисодиёти қолоқ аграр республикадан саноатлашган, айни чоғда жаҳоннинг жадал ривожланаётган беш давлатидан бирига айланди.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан иқтисодиётни тубдан ислоҳ қилиш, саноатни диверсификациялаш, унинг замонавий ва юқори технологияли тармоқларини йўлга қўйиш бўйича олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар бунда муҳим омил бўлди.
Электротехника юртимизда истиқлол йилларида саноатнинг алоҳида тармоғи сифатида тўлиқ шаклланиб, ривожланиш томон юз бурган соҳалардан бири ҳисобланади. Бунинг амалий самараси эса кундалик ҳаётимизда ўз аксини топмоқда.
Гап шундаки, ҳозирги пайтда ҳар 100 оиланинг 47 таси шахсий компьютерга, 31 таси кондиционерга эга бўлса, шунча оилага 234 та мобиль телефон тўғри келаётир. Узоқ муддат фойдаланиладиган ушбу товарлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётгани, айниқса, қувонарлидир. Бундан ташқари, юртдошларимизнинг газ ва электр плиталари, чангюткич, холодильник, телевизор, кир ювиш машинаси сингари маиший техникаларга бўлган эҳтиёжининг катта қисми ўзимизнинг маҳсулотлар эвазига таъминланаётгани саноат салоҳиятимизнинг юксалиб бораётганидан далолат эмасми?!
Жаҳон бозорининг бугунги таҳлили шуни кўрсатаяптики, электротехника саноатининг истиқболи ниҳоятда порлоқ. У, ҳатто, глобал молиявий-иқтисодий инқироз шароитида ҳам барқарор тараққий этиб, қўшимча қийматга эга инновацион маҳсулотлар етказиб беришда етакчи ўринга чиқиб олгани бунинг яққол тасдиғидир.
Маълумотларга кўра, сўнгги ўн йилликда электротехника саноатининг юксалиш суръати дунё ялпи ички маҳсулотининг ўсишига нисбатан уч баробар юқори бўлиб, соҳага киритилган сармоянинг рентабеллиги бошқа тармоқлардагига қараганда уч-тўрт марта кўпроқни ташкил этмоқда. Шу боис юртимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб иқтисодиётнинг мазкур тармоғи равнақига устувор аҳамият қаратилиб, аввало, унинг ташкилий-ҳуқуқий асоси яратилди. Эскича бошқарув қолипларидан воз кечиш, замонавий асосда ишлайдиган ва экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари кўрилди. Бунинг натижасида тайёрланаётган маҳсулотлар ҳажми ҳам, уларнинг тури ҳам йилдан-йилга кўпаймоқда. Агар 1994 йилда тармоқ корхоналарида умумий ишлаб чиқариш кўрсаткичи 800 миллион сўмни ташкил этиб, ялпи саноат маҳсулотлари таркибидаги улуши атиги 0,3 фоизга тенг бўлган бўлса, бу рақам 2005 йилда 3,7 фоизга, 2015 йилда эса 28,9 фоизга етказилди. Ўз навбатида, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш суръати ҳам тобора ортиб, ўтган йилда ўсиш 16,5 фоизга тенг бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги "2014 — 2018 йилларда республика электротехника саноатини янада ривожлантириш ва бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори тармоқ истиқболида тамомила янги саҳифа очиб берди, десак, айни ҳақиқатдир. Негаки, мазкур ҳужжатга асосан, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компаниясига айлантирилиб, унинг зиммасига соҳага хорижий инвесторларни жалб этиш, оқилона инвестиция сиёсатини юритиш орқали юқори сифатли ҳамда рақобатдош маҳсулот тайёрлашни кўпайтириш, ишлаб чиқаришга самарадор технологияларни кенг татбиқ қилиш, кооперация асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш каби кўплаб вазифалар юклатилди.
Шу билан бирга, 2014 — 2018 йилларда электротехника саноатини янада ривожлантиришга доир дастур қабул қилингани айни муддао бўлди. Унга мувофиқ, 25 та инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Шундан 14 таси янги қувватларни ишга тушириш, қолгани мавжуд ишлаб чиқариш субъектларини техник-технологик янгилаш ҳамда модернизациялашга қаратилгандир.
“Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси томонидан қарорнинг изчил ижроси таъминланаётгани туфайли тизимда кабель, электротехника, маиший техника буюмлари ишлаб чиқариш ва уларга техник хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган корхоналар сони 50 тага етди. Пировардида биргина 2015 йил давомида 1 трлн. сўмликдан ортиқ муҳим саноат маҳсулотлари тайёрланиб, энергетика, нефть-газ, кон-металлургия сингари иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқлари, шунингдек, ижтимоий соҳа объектларига етказиб берилди.
Бу борадаги кўрсаткич жорий йилда янада ортиши кутилаяпти. Чунки биринчи чоракнинг ўзида саноат маҳсулотлари тайёрлаш ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 20 фоиз ўсиши кузатилди. Жумладан, электр чангюткичлар ишлаб чиқариш 2,6 баробар, кир ювиш машиналари 67,1 фоизга ошди.
Эътиборли жиҳати, маҳсулотлар сифати юқорилиги боис ташқи бозорларда ҳам бемалол рақобатга кириша олаяпти. Пировардида 27 та ишлаб чиқариш субъекти экспортчи корхоналар сафидан мустаҳкам жой эгаллаб, ўз маҳсулотларини Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Грузия, Озарбайжон, Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон каби ўнлаб давлатларга жўнатаяпти. Хусусан, 2015 йил давомида улар томонидан 167,7 млн. АҚШ долларилик экспорт амалиётлари бажарилди. Бу 2010 йилдаги кўрсаткич билан таққосланганда, ўсиш суръати 72 фоизга етгани ойдинлашади.
Чиндан ҳам, юқори технологияларга асосланган электротехника воситаларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш мураккаб жараён бўлишига қарамай, сўнгги беш йиллик тизимда юксалиш даври яққол кузатилди. Буни ушбу қисқа фурсатда илгари импорт қилинган 25 дан ортиқ турдаги маиший техника буюмлари тайёрлаш маҳаллийлаштирилгани, бунинг эвазига ички истеъмол бозорининг ўртача 40 — 45 фоизи ўзимизнинг маҳсулотлар билан қоплангани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Яқин йиллар ичида мазкур рақам кескин ортиши кутилаяпти. Ҳозирги пайтда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 40 та лойиҳа амалга оширилаётгани, уларнинг ижроси бўйича шу йилнинг дастлабки чорагида 74,4 млрд. сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланиб, прогноз кўрсаткичи ортиғи билан бажарилганини инобатга оладиган бўлсак, бунга шубҳа қолмайди.
Маҳаллийлаштириш дастурига асосан, ҳаётга татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳалар, тақдим қилинаётган имтиёз ҳамда енгилликлар юқори технологияли ишлаб чиқариш линияларини муваффақиятли ўзлаштириш имконини бераяпти. Узоққа бормайлик, фақат сўнгги икки йилда замонавий LCD ва LED телевизорлари, маиший кир ювиш машиналари, электр печ ҳамда плиталарнинг янги моделлари, электр ўрнатиш ускуналари, светодиод лампалар ва турли хил ёриткичлар, шунингдек, кондиционер ҳамда холодильниклар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бунинг ҳисобига бугунги кунга келиб, тизимда маҳаллийлаштириш даражаси
40 фоизга етди. 2019 йилгача бўлган даврда эса D-LED телевизорлар, компьютер мониторлари, холодильникларнинг янги моделлари, сув иситиш қурилмалари, фотоэлектр станциялари, турли қувватдаги электр двигателлари, смартфонлар, шунинг-дек, майда маиший техника воситалари ишлаб чиқариш ўзлаштирилиши кўзда тутилгани диққатга сазовор.
Тизимда рўй бераётган бундай сифат ўзгаришлари экспорт ҳажмини ошириш, уни диверсификациялашда муҳим роль ўйнамоқда. Чунончи, мустақилликнинг дастлабки йилларида четга, асосан, кабель маҳсулотлари ва кучланиш трансформаторлари сотилган бўлса, охирги йилларда нокабель маҳсулотлари экспорти 8 фоиздан 14 фоизга ортди.
Электротехника саноати ривожида кичик бизнес субъектларининг ҳиссаси, айниқса, салмоқли бўлаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, энг сўнгги русумдаги технологик ускуналар билан жиҳозланган кичик корхоналарда замонавий маиший техника буюмлари ҳамда электр жиҳозлари ишлаб чиқариш муваффақиятли ўзлаштирилмоқда. Шунинг учун “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси ички бозорни рақобатдош маҳсулотлар билан тўлдиришда соҳанинг иштирокини янада кенгайтириш пайидан бўлмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, сўнгги йилларда маиший электротехника буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган 20 га яқин корхоналар ташкил этилди. 2015 йилда шу каби ишлаб чиқариш субъектлари томонидан буюртмачиларга 618 млрд. сўмлик юқори сифатли маҳсулотлар етказиб берилгани таҳсинга лойиқ, албатта.
Кичик бизнес вакиллари эришаётган бу каби ютуқлар, айниқса, хорижлик инвесторлар, жаҳонга машҳур йирик ишлаб чиқариш корпорацияларида катта қизиқиш уйғотаётир. Натижада юртимиз тадбиркорлари “Samsung”, “LG”, “Midea”, “TCL” сингари компаниялар билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, уларнинг бренди остида маҳсулот ишлаб чиқаришмоқда.
Саноат тармоқларини бугунги замон талаблари асосида ривожлантириш ҳақида гап кетганда, Президентимизнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида айтган қуйидаги сўзлари ёдга тушади: “Биз учун асосий вазифа — ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан узлуксиз янгилаб бориш, доимий равишда ички имконият ва захираларни излаб топиш, иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, саноатни модернизация ва диверсификация қилишни изчил давом эттиришдан иборат бўлиши зарур”.
Шундан келиб чиқиб, жорий йилда компания тизимида ишлаб чиқаришни техник ҳамда технологик янгилаш йўналишида 17 та инвестициявий лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, “Андижонкабель” акциядорлик жамиятида 6,75 млн. долларлик сармоя эвазига ишлаб чиқариш диверсификация қилинаётган бўлса, “Dream production”, “Polaris Technologies” масъулияти чекланган жамиятлари фаолияти кенгайтирилиб, янги маиший электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган. Ушбу мақсадларга жами 2,3 миллион долларлик инвестиция сарф-ланиши белгиланган.
Бундай лойиҳаларни мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида амалга оширишга алоҳида эътибор берилаётгани диққатга сазовор. Хусусан, компания томонидан 2016 — 2019 йиллар давомида умумий қиймати
295 миллион долларлик 95 та инвестициявий лойиҳа қишлоқ жойларида рўёбга чиқарилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида 5 мингга яқин иш ўринлари яратилиб, шунча маҳаллий ёшлар доимий даромад манбаига эга бўлади.
Бундан ташқари, тармоқни ривожлантириш махсус дастурига асосан, 2030 йилгача -соҳага 1 млрд. долларга яқин инвестициялар жалб қилиш, замонавий қувватларни ишга тушириш, мавжудларини эса модернизация қилиш ҳаракати бошлаб юборилган. Бунинг ҳисобига 22 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилиб, тайёрланаётган маҳсулотлар ҳажми 5,1 баробарга ортиши кутилаяпти. Буларнинг барчаси импортни кескин қисқартириш, экспорт салмоғини эса янада оширишга мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистонда электротехника саноати жадал суръатларда -ривожланаётган бўлса-да, бугунги натижалар хотиржамликка асос бўла олмайди. Шу маънода, саноатни модернизациялаш ва диверсификациялаш, маҳаллий хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асносида ички ҳамда ташқи бозорда рақобатдош, замонавий электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш бундан кейин ҳам “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналар олдидаги устувор вазифалардан бири бўлиб қолаверади.

ЭЪТИРОФ
Фальк ПОРШЕ, Германия — Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ижрочи директори, “Falk-Porsche-Technik GmbH” компанияси бошқарувчиси:
— Ўзбекистонда электротехника саноатининг ривожланиш суръати ҳар қандай хорижлик инвесторни ҳайратга солмай қолмайди. Чунки жуда қисқа вақт ичида кўплаб замонавий корхоналар ишга туширилиб, халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган маиший техника буюмлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Мамлакатингизда саноатнинг мазкур тармоғи истиқболи учун улкан имконият ва захиралар мавжуд. Қолаверса, қулай ишбилармонлик муҳити, чет эллик инвесторлар учун берилаётган имтиёзлар мени ҳам юртингизда бизнес лойиҳаларни амалга оширишга ундамоқда.
Ишончим комил, ҳамкорлигимиз рақобатдош ҳамда аҳоли талабларига мос сифатли -маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмининг янада ортишига хизмат қилади.

МИН Шин Вунг, “Samsung Electronics Co. Ltd” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари (Жанубий Корея):
— Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг ишончли ҳамкоримиздир. Мамлакатингизда бизнес  юритиш борасида хорижлик сармоядорлар учун барча шарт-шароит яратиб берилгани туфайли компаниямиз томонидан электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича бир қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда. Табиийки, бу жараёнда юртингиздаги ёш кадрлар салоҳияти юқорилиги қўл келаяпти. Касб-ҳунар коллежини тугатган ёш йигит-қизлар замонавий технологияларни бемалол бошқаришаётгани мени ҳайратга солади. Шу боис келгусида Ўзбекистонда электротехника саноати янада ривожланишига шубҳа йўқ.

Абдурашид МИРЖАЛИЛОВ,
«Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компанияси бошқарма бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn