Кичик бизнес ва изчил ривожланиш
  • 17 Февраль 2016

Кичик бизнес ва изчил ривожланиш

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик республикамиз тараққиётида муҳим ўрин тутиши, аҳолини иш билан таъминлаш ва халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш омили эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Бунинг амалий самараси юртимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар халқаро ташкилотлар томонидан муносиб эътироф этилаётганида ҳам кўзга яққол ташланади. Масалан, ўтган йили Жаҳон банки эълон қилган “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистон фақат бир йилнинг ўзида 16 поғона кўтарилиб, 87-ўринни эгаллагани фикримиз тасдиғидир. 

Бу борада Хоразм вилоятида ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар ҳам эътиборга молик. Чунончи, кейинги ўн беш йилга қиёслаганда, воҳа ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнеснинг улуши 34,2 фоиздан 74,1 фоизга, саноат товарлари тайёрлашда эса 24 фоиздан 35,3 фоизга кўпайгани, шу билан бирга, аҳолининг хусусий сектордан олган даромадлари улуши кейинги беш йилда 55,4 фоиздан 56,9 фоизга ўсгани қувонарлидир. Бундай ижобий натижалар қўлга киритилишида ўтган йили вилоятда тижорат банклари томонидан соҳа вакилларига 494 миллиард сўм, бошқача айтганда, 

2014 йилдагига нисбатан 118 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилгани алоҳида аҳамият касб этди. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида барча турдаги рўйхатга олиш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, турли давлат хизматларидан фойдаланишни янада кенгайтиришга эришилаяпти. Айниқса, мазкур ҳужжатга мувофиқ, маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида “бир дарча” тамойили асосида 16 турдаги давлат хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилгани ишбилармонларга қўшимча қулайлик яратаётир. 

Урганч туманидаги сутни қайта ишлашга ихтисослаштирилган “Тилло домор” хусусий корхонаси ҳам мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз фаолиятини тобора кенгайтириб бораётган илғор ишлаб чиқариш субъектларидан биридир. 2009 йилда 10 нафар ходим билан иш бошлаган ушбу корхонада ҳозирги кунга келиб, 68 нафар киши меҳнат қилаяпти. Шу билан бирга, 9 нафар касаначи шартнома асосида ишга жалб қилинган. Улар томонидан тайёрланаётган пишлоқ, қаймоқ, сметана, творог каби 20 турдан зиёд сут маҳсулотлари аҳоли дастурхони файзига файз қўшмоқда.

Айтиш жоизки, илғор ускуна ва дастгоҳлар —  сифат ҳамда самарадорлик омили. Буни яхши англаган корхона мутасаддилари модернизациялаш ишларига алоҳида эътибор қаратаётир. Хусусан, кейинги уч йил давомида бу ерда лойиҳа қиймати 1 миллион АҚШ долларилик техник ва технологик янгиланишлар олиб борилгани туфайли қувватлар 2,5  баробар оширилди. Ўз навбатида, бир кеча-кундузда 5 тонна сутни қайта ишлаш имконияти яратилиб, Голландия технологияси асосида 15 хилдан ортиқ пишлоқ ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 

— Маҳсулотларимиз сифати хорижникидан асло қолишмайди, — дейди корхона раҳбари Умарбек Шарипов. — Бу эса харидорларимиз сафи кенгайишига хизмат қилаяпти. Истеъмолчилар талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳрида ҳам филиалимизни очдик. Республикамизнинг барча вилоятида савдо агентларимиз фаолият олиб бораяпти. Ўтган даврда мижозларимиз ишончини тўла оқлаб, доимий ҳамкорларимизга эга бўлдик. Шунингдек, халқаро ярмаркаларда ҳам фаол қатнашиб, ташқи бозорга чиқиш чораларини кўраяпмиз. 

Ҳақиқатан ҳам, сифат — корхона кўзгуси. Изланиш ва интилиш эса муваффақиятлар гаровидир. “Тилло домор” жамоаси мазкур мезонлар асосида ишни самарали ташкил этиш пайидан бўлаётир. Шу мақсадда 40 дан зиёд фермер хўжаликлари билан хом ашё етказиб бериш юзасидан шартномалар имзоланган. Ўтган йили корхонада 9 миллиард сўмликка яқин маҳсулот тайёрланган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични янада ошириш режалаштирилган.

 

Ойбек РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Шомурот ШАРАПОВ 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn