Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ютуқлари Япония жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди
  • 17 Февраль 2016

Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ютуқлари Япония жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди

Япония матбуот марказида мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистоннинг Токиодаги элчихонаси ҳамда “Япония — Ўзбекистон” дўстлик уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда Кунчиқар юрт парламенти ва ҳукумати аъзолари, вазирлик ҳамда идоралар, ижтимоий, илмий, ишбилармон доиралар,  шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. 
Улар Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларда қўлга киритган муваффақиятлари билан яқиндан танишдилар.
2015 йилда мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилган “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури натижалари ҳамда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинган жорий йилда ушбу йўналишда амалга ошириладиган ишлар ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди.
Унинг доирасида ўзбек миллий либослари намуналарининг кўргазмаси, концерт дастури ўтказилди.
“Япония — Ўзбекистон” дўстлик уюшмаси президенти Нобухико Шима мазкур тадбир ташкил қилинганидан жуда мамнунлигини билдирар экан, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар изчил ривожланиб бораётганини қайд этди. У Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг 2015 йил октябрда Тошкентга амалга оширган расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида муҳим воқеа бўлгани, унинг якунлари бўйича савдо-сармоявий, энергетика, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан кўпгина ҳужжатлар имзоланганини таъкидлади.
— Япония ҳукумати Ўзбекистон билан алоқаларни ривожлантиришга устувор даражада эътибор қаратади, — деди Нобухико Шима. — Марказий Осиё минтақаси марказида жойлашган Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётгани, барча соҳада тараққиётга эришилаётгани катта қизиқишларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, республика макроиқтисодий кўрсаткичида барқарорлик мустаҳкамланаётгани хорижлик ишбилармонларни ўзига жалб қилаётир. Чунки жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози давом этаётган ҳозирги мураккаб шароитда ишончли сармоявий муҳит улар учун жуда муҳим. Бундай изчил саъй-ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ, Ўзбекистонда хориж капитали тобора ўсиб бормоқдаки, уларнинг катта қисми ишлаб чиқариш соҳасига йўналтирилаяпти. 
Майдзуру шаҳар мэри Риодзо Татами юртимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг самарадорлиги эътиборини тортганини айтиб ўтди.
— “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида 2015 йилда амалга оширилган ишлар кўлами ҳақидаги маълумотлар бизда катта қизиқиш уйғотди, — деди у. — Мамлакатда кекса авлод вакилларининг ҳаёт даражаси ва сифатини янада юксалтириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар таҳсинга лойиқдир. 2016 йилнинг Ўзбекистонда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши эса эртанги фаровон кун учун мустаҳкам пойдевордир. Негаки, соғлом она ва бола бахтли оила асоси, бахтли оила эса фаровон жамият гарови ҳисобланади. 
“Honda” халқаро жамғармаси бош директори Юзуру Мацуно Ўзбекистоннинг ноёб маданияти ва бой маънавий мероси ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашар экан, булар хорижий давлатлар жамоатчилиги эътиборини оҳанрабодек ўзига тортаётганини эътироф этди.  — Ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинг сайёҳлик инфратузилмаси шитоб билан ривожланиб бормоқда, — деди у. — Барча қулайликка эга бўлган замонавий меҳмонхоналар қурилаётгани, хизмат кўрсатишнинг юксалиши, аэропорт ва темир йўл вокзалларининг модернизация қилингани фикримни тасдиқлайди. Юртингизга ташриф буюраётган меҳмонлар унутилмас таассуротлар билан қайтишаяпти. Республикада экотуризм, тиббий ва маданий сайёҳлик, альпинизм ҳамда рафтинг сингари янги йўналишлар тобора равнақ топаётгани ҳам дунё туристларининг меҳрини қозонмоқда.

«Жаҳон» АА.
Токио

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn