Сервис хизмати ва тадбиркорлик
  • 26 Декабрь 2015

Сервис хизмати ва тадбиркорлик

Тадбиркор Сапарбой Норбоев Хонқа туманидаги Қирқёп қишлоғида маиший хизмат кўрсатиш мажмуасини бунёд этган эди. Бугунги кунда  бу ерда аҳолига бир неча турдаги хизматлар кўрсатилаяпти. Мазкур қишлоқ ҳудудида жойлашган “Тўти Рўзметова” фермер хўжалиги раҳбари Арслон Рўзметов ҳам шу тармоққа қўл уриб, қўни-қўшниларининг оғирини енгил қилмоқда.

Дарҳақиқат, юртимизда тадбиркорлик изчил ривожланаётгани туфайли қишлоқ жойларда сервис соҳасининг янги турлари пайдо бўлаётир.
Мисол учун, Хоразм вилоятида  жорий йилнинг 9 ойида аҳолига 1 триллион 828 миллиард  сўмликдан ортиқ хизматлар кўрсатилди.  Бу кўрсаткич аввалги йилнинг шу давридагига нисбатан 13 фоиз кўпдир. Ўтган вақт мобайнида 81,3 миллиард сўм миқдоридаги инвестиция ўзлаштирилиши ҳисобига эса 528 та янги хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил қилиниб, уларда 2 минг 512 тадан зиёд иш ўрни яратилди. Пировардида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида мазкур соҳанинг улуши 41,5 фоизга етказилди.
— Президентимизнинг “2012 — 2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси равнақи учун кредит ҳамда солиқ бўйича имтиёзлар берилгани жойларда унинг замонавий инфратузилмасини ташкил этиш ва кенгайтириш имконини яратмоқда, — дейди вилоят иқтисодиёт бош бошқармасининг хизмат соҳаси, аҳоли турмуш даражаси ва истеъмол бозори бўлими бошлиғи Одилбек Эгамбердиев. — Натижада қишлоқ аҳли сартарошхона ёки пойабзал таъмирлашдек анъанавий турлардан ташқари,  қурилиш, суғурталаш, соғлиқни сақлаш, таълим, дам олишни ташкил этиш, автомобилларга хизмат кўрсатиш, алоқа ва ахборотлаштириш каби ўнлаб янги хизмат турларидан баҳраманд бўлаётир. Ҳудудий дастурга кўра эса, йил охиригача вилоятда яна 220 тага яқин хизмат кўрсатиш шохобчасини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
Эътиборли жиҳати, воҳада йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатиш тармоғини янада такомиллаштириш ишлари жадал давом этмоқда. Шу мақсадда автопарклар янги автобуслар билан тўлдирилаяпти. Кейинги 4 йил ичида 180 та янги “Исузу” автобуси харид қилингани, қишлоқларни туман ва вилоят марказлари билан боғловчи 130 та йўналиш бўйича автобус ҳамда микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилгани, шунингдек, республикамизнинг бошқа вилоятларига 8 та йўналиш ташкил этилгани ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Шуни қайд этиш керакки, соҳани ривожлантиришда тижорат банкларининг ҳиссаси анча салмоқли. Чунончи, жорий йилнинг 9 ойида улар томонидан
46 миллиард 108 миллион сўмлик ёки олдинги йилнинг шу давридаги кўрсаткич билан таққослаганда, 30 фоиз кўп кредит йўналтирилди.
Буларнинг барчаси, табиийки, иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириши баробарида, аҳоли турмуш фаровонлигининг тобора юксалишига хизмат қилмоқда.


Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn