Транспорт ва логистика ривожига инновацион ёндашув
  • 12 Ноябрь 2015

Транспорт ва логистика ривожига инновацион ёндашув

“Ўзэкспомарказ” мажмуида “Транспорт ва логистика — TransUzbekistan — 2015” ўн иккинчи халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади. Мамлакатимиз транспорт индустрияси ва логистика хизматлари ютуқларини намойиш этувчи мазкур йирик тадбир Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, “Ўзтрансгаз” компанияси, Халқаро экспедиторлар ҳамда Халқаро автомобилда юк ташувчилар уюшмалари кўмагида “ITE Uzbekistan” компанияси томонидан ташкил этилди.

Ўзбекистон қулай географик жойлашуви ҳамда замонавий инфратузилмага эга бўлганлиги туфайли унинг транспорт ва логистика салоҳияти тобора юксалиб бормоқда. Бу эса барча йўналишда халқаро ташувларни амалга ошириш, янги қатновларни йўлга қўйишда кенг имкониятлар эшигини очиб бераётир. Натижада транспорт ва логистика хизматлари кўрсатиш кўлами йил сайин ортаяпти. 2015 йилнинг тўққиз ойида мамлакатимизда юк ташиш ҳажми темир йўл транспортида 2,6 фоиз, автомобилда 4,8 фоиз, ҳаво йўлларида 1,5 фоиз ўсгани бунга мисол бўла олади.  
Халқаро кўргазманинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар Президентимиз ташаббуси билан транспорт-коммуникация тармоқларини такомиллаштириш, ташқи савдо ва транзит юкларни ташиш учун самарали халқаро йўналишларни ривожлантириш, транспорт мажмуини модернизациялаш, транзит салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар. Бунинг самараси ўлароқ, халқаро аҳамиятга молик автомобиль ва темир йўллари қурилиши баробарида, ҳаракатдаги транспорт воситаларини янгилаш, темир йўлларни электрлаштириш ишлари муваффақиятли бажарилаяпти. Бу, ўз навбатида, чет эл инвесторларининг иқтисодиётимизга бўлган қизиқишини ошириш, хорижий ҳамкорларнинг кўпайишида муҳим омил бўлмоқда.
Дарҳақиқат, бугунги кунда Ўзбекистоннинг транспорт ва логистика хизматларига бўлган талаб катта. Буни анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Транспорт ва логистика — TransUzbekistan — 2015” кўргазмасига ташриф буюраётганлар сони йил сайин кўпайиб бораётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Бу йилги тадбирда, масалан, АҚШ, Германия, Франция, Польша, Жанубий Корея, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Латвия, Литва каби қатор давлатларнинг 50 дан ортиқ компаниялари ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этаяпти. Зотан, кўргазма маҳаллий транспорт ҳамда логистика компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, божхона хизматлари, юкларни сақлаш ва омборларга жойлаштириш ҳақида батафсил ахборот алмашиш учун қулай имкониятдир.
— Юртингизда транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, айниқса, Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтувчи халқаро транспорт йўлакларини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда, — дейди “DB Schenker” халқаро компаниясининг Латвиядаги ваколатхонаси вакили Евгений Сёмуха. — Бу юк ташиш хизматлари кўрсатиш жабҳасида алоқаларни ўрнатиш юқори самаралар беришидан далолатдир. Шу боис латвиялик мутахассислар юртингизга катта қизиқиш билдиришмоқда. Кўргазмага мамлакатимиздан ўнга яқин компаниялар янги ҳамкорлар топиш ниятида келган. Бизнинг компаниямиз эса дунё бўйича транспорт  ва логистика хизматлари кўрсатади. Хусусан, Марказий Осиё давлатлари юкларини Ригадаги порт орқали исталган манзилга етказиб бериш имконияти мавжуд. Бунинг учун 18 гектар майдонни эгаллаган мультимодал терминалда юкларни тушириш, сақлаш, саралаш, қадоқлаш сингари кўплаб хизматлар йўлга қўйилган. Бу каби қулайликлар Ўзбекистон тадбиркорларига ҳам маъқул тушмоқда. Шунинг учун кўргазма давомида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан умидвормиз.
Таъкидлаш керакки, мамлакатлар иқтисодиёти жаҳон ҳамжамиятига тобора интеграциялашиб борар экан, бу жараёнда транспорт ва савдо йўлакларини кенгайтириш, тақдим қилинаётган логистика хизматларини янада такомиллаштириш талаб этилади. Шундан келиб чиқиб, юртимизда соҳага ихтисослаштирилган корхоналар сони йил сайин кўпайтирилмоқда. Мисол учун, “Turksib Magistral” компанияси МДҲ, Европа ва Осиё давлатларидан тўпланган юкларни етказиб бериш бўйича ноёб логистик ечимларни таклиф қилаётган бўлса, “Universal Logistics Serviсes” компанияси юкларни қабул қилиш ва жойлаштириш бўйича кенг турдаги хизматларни тақдим этиб келмоқда. Шу каби юртимиз транспорт-логистика бозори ҳақида маълумот берувчи компаниялар фаолияти тақдимотлари кўргазма майдонининг 17 фоизини эгаллаган жойда бўлиб ўтаяпти.  
Халқаро кўргазманинг “Транспортда газ — NGV” бўлими ҳам одамлар билан гавжум. Сабаби, унда транспорт воситаларига сиқилган ва суюлтирилган газ ёнилғисини қўллаш бўйича инновациялар намойиш этилаяпти.
Айтиш жоизки, Ўзбекистонда 2013 — 2017 йилларга мўлжалланган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳаракатлар дастури ҳаётга татбиқ этилаётир. Унинг доирасида 74 мингдан ортиқ автомобиль табиий газда ишлашга ўтказилиши, жойларда кўплаб газ қуйиш компрессор станциялари фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бу борадаги вазифалар ижросида эса мазкур кўргазма қулай бизнес муҳитини яратиб бермоқда.
Соҳа мутахассислари суюлтирилган ва сиқилган газдан фойдаланиш учун яратилган инновацион муҳандислик ишланмалари, замонавий ускуна ҳамда жиҳозлар билан яқиндан танишиш, айни пайтда амалий мулоқотларга киришиш имкониятига эга бўлишаяпти. Кўргазма доирасида “Автомобилга газ қуйиш компрессор станцияларининг модуль қурилмалари ва камтоннали суюлтирилган табиий газ: мотор гази ёнилғиси учун самарали ечим” мавзуида ўтказиладиган семинар ана шу мақсадга хизмат қилади.
Мухтасар айтганда, “Транспорт ва логистика — TransUzbekistan — 2015” кўргазмаси транспорт, логистика, халқаро даражада юк ташувлар соҳасидаги йирик компаниялар раҳбарлари ва экспертлар учрашадиган ягона ихтисослаштирилган тадбир бўлиб, бу унинг ишчан руҳда ўтиши, томонларнинг транспорт йўлаклари инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилувчи кўплаб битим ва келишувларга эришишида кенг йўл очиб бериши, шубҳасиз.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn