XS.UZ
Суяк ўстириш ўзлаштирилди(ми?) Киберхавфсизликни таъминлаш учун йилига 161,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилади Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида Тошкентда 25 октябр куни ШҲТга аъзо давлатлар Олий суд раисларининг йиғилиши бўлади Шавкат Мирзиёев Муҳаммад Ашраф Ғанига ҳамдардлик билдирди “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти” таъсис этилди Ўзбекистоннинг Германиядаги янги Фавқулодда ва мухтор элчиси тайинланди Ўзбекистон Республикасининг Испания Қироллигидаги элчихонаси маслаҳатчиси, муваққат ишлари вакили тайинланди Дахлдорлик туйғуси Мамлакатимиз тўқимачилик ва енгил саноатининг экспорт салоҳияти Ўзбекистон — Туркия: Икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам «Ўзбекистон янги марраларни кўзламоқда» Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Адлия вазирларининг бешинчи мажлиси тўғрисида ахборот Ёш халқаро шахмат устаси Жавоҳир Синдоровга Президентимиз совғаси топширилди Битим имзоланди Сўз ва амал уйғунлиги — улуғ фазилат Тил — миллат кўзгуси Корхона ривожи таъминланади Илм-фан фидойисига эҳтиром Ер — бебаҳо хазина Тафаккур дунёсига йўл Олтинкўлда ХVI-XVII асрларга тааллуқли тангалар топилди Замонавий шифохона Жаҳон чемпионати совриндори Нуфузли мусобақа арафасида Тажрибали рақибидан устун келди “Халқ сўзи” ва “Народное слово” таҳририяти ходимлари пахта йиғим-теримида фаол иштирок этмоқда Агрепина Шин Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири ЕТТБ тадбиркорлик субъектлари учун кредитлар тақдим этади Депутатлар ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар
  • 06 Ноябрь 2015

«Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган иқтисодиёти, бизнес юритиш учун яратилган шарт-шароитлари инвесторларни эътиборсиз қолдирмайди»

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган Халқаро инвестициявий форум мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланаётгани, саноат салоҳияти юксалиб бораётганининг чинакам намойишига айланди.

Бинобарин, ушбу нуфузли тадбирда иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси истиқболига кенг йўл очиб бериш, инвестициявий муҳитни янада такомиллаштириш борасида изчил олиб борилаётган ислоҳотлар, бу жараёнда эришилаётган ютуқлар атрофлича ўрганилаяпти.
Дарҳақиқат, юртимизда чет эллик ҳамкорлар — сармоядорлар учун яратилган қулай сармоявий муҳит халқаро миқёсда катта қизиқиш уйғотмоқда. Анжуманда етакчи халқаро ташкилотлар, хорижий инвестициявий компаниялар, жамғармалар, агентликлар, йирик трансмиллий фирма ва компанияларнинг раҳбар ҳамда вакиллари иштирок этаётгани ана шундан далолат беради.
Халқаро анжуманга ташриф буюрган меҳмонлар кеча гуруҳларга бўлинган ҳолда, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларида бўлиб, иқтисодиётни таркибий ўзгартириш ҳамда диверсификация қилиш, унинг рақобатдошлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, стратегик хорижий инвесторлар иштирокида рўёбга чиқариш кўзда тутилаётган истиқболли лойиҳалар, хусусийлаштириладиган корхона ҳамда объектлар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
Маълумки, бугунги кунда Тошкент шаҳри нафақат ўзининг қадимий осориатиқалари ва замонавий шаҳарсозлик соҳасида қўлга киритилган ютуқлари, балки юксак иқтисодий ҳамда инвестициявий салоҳияти билан ҳам дунё аҳлини ўзига жалб этмоқда. Зеро, мустақиллик йилларида бевосита давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимизда тадбиркорлик ҳаракати қўллаб-қувватланаётгани, хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилаётгани туфайли у мамлакатимизнинг йирик саноат марказларидан бирига айланди. Шунинг учун ҳам, ўз фаолиятини бу шаҳар билан боғламоқчи бўлган чет эллик сармоядорлар йил сайин кўпайиб бораётир.
Дарҳақиқат, бу ерда иқтисодиётимизнинг автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, енгил саноат, электротехника, кимё, нефть-кимё, фармацевтика, ёғочни қайта ишлаш, қурилиш материаллари, мебелсозлик, шунингдек, озиқ-овқат саноати тобора тараққий этмоқда. Мазкур тармоқлар корхоналари эса энг замонавий технологиялар билан қайта жиҳозлангани ҳамда изчил модернизация қилинаётгани натижасида жаҳон бозорида харидоргир бўлган юқори сифатли маҳсулотлар тайёрлашга эришилаяпти. Уларнинг асосий қисми дунёнинг қатор давлатларига экспортга чиқарилаётгани, айниқса, қувонарлидир.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 28 апрелдаги “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, пойтахтимиздаги 68 та акциядорлик жамиятида давлат улуши камайтирилиши белгиланган. “Foton” акциядорлик жамияти — ана шундай субъектлардан бири.
— Биз юртингизга аниқ мақсад, яъни иқтисодиётингизга инвестиция киритиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун келганмиз, — дейди Германиянинг “Soehnle Industrial Solutions GmbH” компанияси ижрочи директори Михаэл Шлегер. — Ушбу режамиз “Foton” корхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётганидан жуда хурсандмиз. Аввало, бу ерда саноат тармоқларида кенг қўлланиладиган юк ҳамда автомобиль тарозилари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз. Бунинг учун ажратиладиган ер майдони, хорижий инвесторларга яратилган қулайликлар билан танишиб, тўғри қарор қабул қилганимизга яна бир карра амин бўлдик.
Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган иқтисодиёти, бизнес юритиш учун яратилган шарт-шароитлари ҳеч бир инвесторни эътиборсиз қолдирмайди. Бу, албатта, иқтисодий тараққиёт йўли тўғри танлангани шарофатидир.
“Foton” акциядорлик жамияти фаолияти билан танишган хорижлик мутахассислар унинг инвестициявий имкониятларини юқори баҳолади. Чунки мазкур ишлаб чиқариш субъектида тўпланган бой тажриба сифатли электротехника маҳсулотларининг янги авлодини ишлаб чиқариш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдириш, энг асосийси, экспорт ҳажмини ошириш имконини бераяпти. Масалан, ўтган йили корхонада 17 миллиард 172 миллион сўмлик маҳсулот тайёрланган бўлса, шундан 3 миллион 617 минг АҚШ долларилик қисми экспорт қилинди. Бу кўрсаткичлар истиқболда ҳам муттасил ошиб бораверади. Чунки ҳар йили ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш бўйича инвестициявий лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинаяпти. Хусусан, 2016 йилда назорат касса аппаратларининг замонавий модели, 42 дюймли LED телевизорларини ишлаб чиқариш бўйича тайёрланган инвестициявий лойиҳалар рўёбга чиқарилиши кутилаяпти. Халқаро инвестициявий форум эса бу борада молиявий ҳамкорлар топиш учун айни муддаодир.
— Нуфузли халқаро анжуман Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида сармоявий ҳамкорликни янада кучайтиришга хизмат қилади, — дейди Жанубий Кореянинг “D&H International” компанияси директори Тай Хё Чи. — Негаки, мамлакатимиздан ташриф буюрган ишбилармонларнинг барчаси ўз бизнесини юртингиз билан боғлаш ниятида. Хусусан, биз бугун Тошкент шаҳридаги корхоналарда бўлиб, уларнинг саноат салоҳияти билан яқиндан танишдик. Шу жараёнда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани эътирофга лойиқ. Танишув асносида бизда “Оникс” акциядорлик жамияти билан ҳамкорлик қилиш истаги туғилди.
Чет эллик меҳмонлар кун давомида пойтахтимизнинг кўплаб саноат корхоналари, тижорат банклари, суғурта компанияларида бўлдилар, Тошкент шаҳрида амалга оширилиши мўлжалланаётган яқин ва узоқ муддатли инвестициявий лойиҳалар, ҳамкорларга тақдим этилаётган имтиёзлар, мижозларга кўрсатилаётган замонавий хизматларга юксак баҳо бердилар. Бу эса тенг манфаатли ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши муқаррар.
* * *
Эрта тонгдан азим Тошкентдан тараққиётимиз тимсолларидан бири бўлган “Афросиёб” тезюрар поездида кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандга йўл олган меҳмонлар қисқа вақт ичида кўзланган манзилга етиб келди.
Таъкидлаш жоизки, Президентимиз раҳнамолигида юртимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби ушбу вилоятда ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди ҳамда бу жараён изчил давом эттирилмоқда. Пировардида кўҳна меъморий ёдгорликлар реставрация қилинди, хиёбонлар, темир йўл вокзали, бозорлар, маданият ва истироҳат боғлари барпо этилиб, мавжудлари ўзгача қиёфа касб этди.
Шу билан бирга, ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти ҳам йилдан-йилга юксалиб бораяпти. Жорий йилнинг 9 ойида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 10,4 фоиз ўсгани, жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда чакана товар айланмаси 14 фоиз, қурилиш-пудрат ишлари 13 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 6 фоиз кўпайгани ана шундан далолат беради.
Бугунги кунда вилоятда иш билан банд аҳолининг 83 фоизи эса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида фаолият кўрсатаётгани, айниқса, диққатга сазовор. Хусусий секторни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтган даврда 766 миллиард сўмлик кредитлар ажратилгани туфайли унинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 83,7 фоизга етгани кимни ғурурлантирмайди, дейсиз?!
Иқтисодиётга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 2 триллион 52 миллиард сўмга етиб, саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури доирасида 297 лойиҳа амалга оширилгани ҳам эътиборга лойиқдир.
Халқаро инвестициявий форум қатнашчилари ана шундай салоҳияти юқори ҳудудга меҳмон сифатида келганидан мамнунлигини сафар давомида такрор-такрор таъкидлашди.
Дастлаб меҳмонлар “Самарқандкимё” акциядорлик жамияти фаолияти билан яқиндан танишдилар. Бу ерда улар мазкур ишлаб чиқариш субъектининг имкониятлари нақадар кенглигига тўлиқ ишонч ҳосил қилдилар.
Хориждаги йирик корпорациялар, бизнес тузилмаларининг вакиллари шаҳардаги “Sino” акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш жараёнини ҳам катта қизиқиш билан кўздан кечирдилар. Бу ерда импорт ўрнини босувчи музлаткичлар, яхна ичимликлар ва маҳсулотлар учун витриналар, кондиционерлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Заводда “ISO-9001:2000” ва “ISO-1401:1996” халқаро ҳамда экологик менежмент тизимлари жорий этилгани ҳамкорлар сафи кенгайишида муҳим омил бўлмоқда.
— Ушбу корхона дунёга Авиценна номи билан танилган, шу мамлакатда туғилиб, вояга етган Абу Али ибн Сино номи билан аталиши ва бунинг сабабини эшитиб, ҳайратга тушдим, — дейди Испаниянинг “Acciona Infrastructure” компаниясининг Шарқий Европа ва Осиё мамлакатлари бўйича директори Хуан Хосе Фернандес. — Айтишларича, бу зот тиббиёт соҳасида улкан ютуқларни қўлга киритиш баробарида, ўз даврида турли маҳсулотларни музлатиб, сақлаш мумкинлигини исботлаган экан. Қарангки, “Sino”да ҳам ўз номига муносиб бўлиши учун барча шарт-шароит мавжуд.
Жумладан, корхонада маркетинг тадқиқотлари чуқур олиб борилаётганига гувоҳ бўлдим. Ушбу бренднинг ташқи бозорда ҳам довруқ қозониши имконияти эса катта. Режалаштирилган инвестициявий лойиҳалар рўёбида, айниқса, форум қулай платформа вазифасини ўташига ишонаман.
Бизнинг компаниямизга келсак, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти билан технологик инвестиция соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу жараён ижобий якунланишидан манфаатдормиз.
Бир гуруҳ меҳмонлар Ўзбекистон — Германия қўшма корхонаси — “Agalik-Lohmann-Parranda” акциядорлик жамиятини ҳам бориб кўрдилар. Бу жамоада халқимиз учун парҳез маҳсулотлари етказиб берилмоқда.
— Ўзбекистонга илк бор келган бўлсам-да, таассуротларим бир олам, — дейди Швейцариянинг “Bombardier” компанияси вакили Флавио Канетти. — Масалан, дунёга донғи кетган Самарқанднинг иқтисодий-сармоявий салоҳияти билан танишдим. Айниқса, бу шаҳарда туризм, транспорт-коммуникация ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлигига гувоҳ бўлдим. Форум эса “Agalik-Lohmann-Parranda” акциядорлик жамиятига ўхшаган замонавий корхоналар тизимини кўпайтиришга катта туртки беради, албатта.
Кези келганда, яна шуни айтишни истардимки, бизнинг компаниямиз транспорт, авиасозлик тармоқларида фаолият юритади. Форум давомида ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ушбу йўналишлардаги алоқаларни йўлга қўймоқчимиз.
Анжуман иштирокчилари яна кўплаб бошқа объектлар билан танишдилар, шаҳарнинг кўҳна обидаларини томоша қилдилар. Айниқса, уларда Регистон мажмуаси катта таассурот қолдирди.
* * *
Қайси давлатда сармоядорлар учун қулай инвестициявий муҳит яратилган бўлса, ўша жойга интилиш кучаяди. Бугунги кунда Ўзбекистон дунё миқёсида ана шундай мамлакат сифатида тан олинмоқда. Бу Бухоро вилояти иқтисодиётида кузатилаётган жадал ривожланиш суръатлари, чет эллик инвесторларнинг қизиқиши тобора ортиб бораётганида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Халқаро инвестициявий форум доирасида ушбу ҳудуднинг турли жойларида ўтказилаётган бизнес мулоқотлар, тақдимот ва учрашувларда айни шу масала бот-бот эътироф этилаяпти.
Таъкидлаш жоизки, истиқлол йилларида республикамизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Бухорода ҳам кўплаб йирик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Натижада ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти тобора юксалиб, аҳоли турмуши янада яхшиланиб бораётир. Мустақиллик йилларида вилоят иқтисодиётида саноатнинг улуши 3 баробар ортгани, айни пайтда 20 дан зиёд давлатларнинг ишбилармонлари сармояси иштирокида 70 дан ортиқ қўшма корхоналар рўйхатдан ўтказилгани бунинг яққол исботидир.
“Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси ва “Ўзнефтгазмаш” акциядорлик компаниясига қарашли “Бухоро таъмирлаш механика заводи” акциядорлик жамияти — ана шундай ишлаб чиқариш субъектларидан ҳисобланади. Мазкур жамиятда бурғилаш ускуналари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарилиши баробарида, таъмирлаш ҳамда сервис хизматлари ҳам кўрсатилади. 168 нафар кишидан иборат жамоа аҳли жорий йилда 10 миллиард 200 миллион сўмликдан зиёд маҳсулот тайёрлаш ва хизматлар кўрсатиш мақсадида астойдил меҳнат қилмоқда.— Нуфузли халқаро форум доирасида бизга юртингиз саноат корхоналари салоҳияти билан яқиндан танишиш имконияти яратиб берилгани айни муддао бўлди, — дейди Грециянинг “METKA” компанияси вакили Себастян Лагадитис. — Гап шундаки, жамоамиз энергетика соҳаси билан шуғулланади. Шунинг учун Бухоро вилоятидаги шу тармоққа дахлдор корхоналар фаолияти бизда катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси тизимидаги ишлаб чиқариш субъектларининг изчил модернизация қилинаётгани, энергияни тежовчи технологиялардан унумли фойдаланишга катта эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Бунга мазкур завод фаолияти билан танишиш чоғида яна бир карра гувоҳ бўлдик. Шу маънода, айтишим мумкинки, Ўзбекистон — ишончли сармоявий ҳамкор мамлакат.
Хорижлик меҳмонлар ташриф буюрган “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” акциядорлик жамияти ҳам кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки у юртимиз нефть ва газ қудуқларини капитал ҳамда жорий таъмирлаш бўйича энг йирик субъектлардан бири саналади. 2013 йилда 26,2 миллион долларлик, 2014 йилда 31,2 миллион долларлик ишлар бажарилгани, бу кўрсаткич жорий йилда 37,6 миллион долларга етказилиши кутилаётгани бунинг тасдиғидир.
— Сир эмаски, жаҳонда бундан бир неча йиллар илгари бошланган глобал молиявий-иқтисодий инқирознинг салбий оқибатлари ҳали-ҳамон сезилиб турибди, — дейди Бранденбург Технологиялар ва инновацияларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш институти бошқаруви раиси, профессор Эдгар Клозе (Германия). — Бироқ шунга қарамасдан, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ривожланмоқда. Бу юртингизда инқирозга қарши ўзига хос “иммунитет” яратилгани натижасидир. Соғлом иқтисодий муҳит эса — инвестиция киритиш учун муҳим омилдир. Бунга Бухоро вилоятига ташрифимиз давомида ўзимиз амин бўлдик.
* * *
Республикамиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида буюк бобокалонимиз номи билан аталувчи Навоий вилоятининг ҳиссаси беқиёс. Президентимиз ташаббуси билан истиқлол йилларида бу ерда барпо этилган йирик корхоналар, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари аллақачон саноатимизнинг гултожига айланган.
Қувонарлиси, мазкур ҳудудда саноатни янада ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали замонавий корхоналарни ташкил қилиш, иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш борасидаги ишлар кўлами йил сайин кенгаймоқда. Пировардида жорий йилнинг 9 ойида ялпи ҳудудий маҳсулотни 4,3, саноат маҳсулотларини 2,3, истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни 12,6 фоиз кўпайтириш таъминланди. Айни чоғда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,6, қурилиш ишлари 5,9, чакана савдо айланмаси 15,4, жами хизматлар ҳажми 18,7 фоиз ўсди.
Ўтган даврда, шунингдек, вилоятда иқтисодиёт тармоқларига жалб этилган инвестицияларнинг 7 миллиард 500 миллион сўмини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил этди. Шунинг ҳисобига эса 741 ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди.
Навоий вилоятига ташриф буюрган Халқаро инвестициявий форум иштирокчиларининг бир гуруҳига шулар ҳақида батафсил маълумот берилган бўлса, улар ҳудудда кузатилаётган барқарор ривожланиш суръатларига “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти фаолияти мисолида яна бир карра ишонч ҳосил қилдилар.
— Бу корхонадан бой таассуротлар билан қайтаяпмиз, — дейди “Heidelberg Cement” компанияси (Германия)нинг Марказий Осиё ва Марказий Европа бўйича ижрочи директори Андреас Керн. — Сабаби, унинг фаолияти билан танишиш асносида бизда жамият акцияларининг 35,9 фоизини сотиб олиш истаги туғилди. Айни пайтда бу борада музокаралар олиб бораяпмиз. Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган мазкур хўжалик юритувчи субъектга ўхшаш ана шундай йирик корхоналарга эга Ўзбекистоннинг, ишончим комилки, бундан буён ҳам иқтисодиёти жадал суръатларда ривожланаверади.
Хулоса ўрнида айтганда, Халқаро инвестициявий форум чет эллик сармоядорларга барқарор ривожланиб бораётган Ўзбекистонда ўз бизнес фаолиятини бошлаш, юртимиз ишбилармонлари билан тенг манфаатли ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун қулай имкониятни тақдим этаётгани билан ғоятда аҳамиятлидир.

Саид РАҲМОНОВ,
Саиджон МАХСУМОВ,
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган