XS.UZ
Ўзбекистон — Қозоғистон: азалий дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган ҳамкорликнинг янги босқичи Спортчи қизларга — Президент совғалари Қозоғистонда Ўзбекистон саноатининг салоҳияти намойиш этилди Маҳаллийлаштириш: Имконият ва истиқбол Асосий мақсад — таълим сифати ва самарадорлигини ошириш Битирувчиларга имтиёзли кредитлар Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда Сен борсан — мен борман, биз бормиз, Ватан... Меҳр-оқибат ва эзгулик айёми Буюк алломага эҳтиром Замонавий корпоратив бошқарув усуллари бизнесни самарали ташкил этиш гаровидир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига Фаровон ҳаёт, шоду хуррамлик ва укроналик Хорижлик дипломатлар Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан қутладилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот Ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва эзгулик ифодаси Журналистлик фаолияти истиқболи ва қонунчилик Ҳамкорлик учун қулай марказ «Қучоқ очиб халқ ичига борайлик...» Ўзбекистон халқига Наврўз табриги Бахтли-саодатли халқимизнинг энг қадимий ва файзли байрами Ўзбекистон ва Россия Президентлари бир-бирларини қутладилар Ўзбекистон ва Ҳиндистон Президентлари бир-бирларини қутладилар Ерик Утембаев: тинчлик, бирдамлик ва эзгулик айёми МДҲда энг бахтли мамлакат «Бу дамки эсиб насими наврўз...» Меҳр-мурувват ва ҳамжиҳатлик тимсоли Янги корхона иш бошлади Таъсис конференциялари ўтказилмоқда Қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти депутатлар диққат марказида
  • 22 Октябрь 2015

Фидокорона меҳнат самараси

Бугун юртимиз бўйлаб фидокорона меҳнат сарҳисобининг шукуҳи кезиб юрибди. Яъни қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштирган республикамиз фермерлари ва барча дала меҳнаткашлари юксак муваффақиятни нишонлашмоқда.

Дарҳақиқат, ризқу насибамиз бутунлиги, бозорларимиз тўкинлиги таъминланганидан қанчалик шодланмайлик, унинг бунёдкорлари бўлмиш заҳматкаш ғаллакорлар, фидойи пахтакорлар, миришкор боғбон ва соҳибкорлар шаънига қанчалар тасаннолар айтмайлик, шунчалик кам. Зеро, мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор суръатларда тараққий эттириш, халқимиз турмуш даражасини янада кўтаришга хизмат қиладиган бу эътиборли натижага осонликча эришилгани йўқ. Деҳқончилик учун бирқадар ноқулай келган жорий йилги об-ҳаво шароитида 7 миллион 300 минг тонна ғалла, 3 миллион 350 минг тоннадан зиёд пахта хирмони бунёд этилгани жасорат ва қаҳрамонликнинг ёрқин амалий ифодасидир. 
Алоҳида таъкидлаш керакки, қўлга киритилган улкан меҳнат ғалабаси замирида Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш борасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар мужассамдир. Ўтган давр мобайнида республикамиз тупроқ-иқлим шароитига мос серҳосил навлар яратилиб, соҳага замонавий агротехнологиялар, илғор инновацияларни татбиқ этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўрилди, қишлоқ хўжалиги ходимларининг меҳнати рағбатлантирилиб, моддий манфаатдорлиги оширилди.Айниқса, аграр соҳанинг таянчи ва суянчига айланган фермерлик ҳаракати ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларга кўплаб имтиёз ва преференциялар берилгани, фермер хўжаликлари экин майдонлари оптималлаштирилиб, ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланаётгани, замонавий техника, минерал ўғитлар, сифатли уруғлик, ёқилғи-мойлаш материалларини ўз вақтида дала бошигача етказиб бериш бўйича комплекс тизим ишга туширилгани муваффақиятларга эришишда мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтади.
Давлатимиз раҳбари шу йил 30 июнь — 1 июль кунлари жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида таъкидлаганидек, “Мустақилликнинг илк йилларидан фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратганимиз нақадар тўғри бўлганини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда. Фермерлар халқимиз ризқ-рўзини етиштириш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қиладиган қудратли кучга айланди”.
Бу жорий йилда кўтарилган улкан пахта хирмони мисолида яна бир бор намоён бўлди. Гарчи 2015 йил пахтачилик учун нисбатан мураккаб келган бўлса-да, 3 миллион 350 минг тонна қимматбаҳо саноат хом ашёси етиштирилгани, шунинг 90 фоизи юқори навларга қабул қилингани бунинг яққол далилидир.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мутахассисларининг айтишича, ушбу натижага эришиш осон кечгани йўқ. Айниқса, кўкламнинг совуқ келгани, ёзда ҳаво ҳарорати кўтарилиб, кучли гармсел кузатилгани деҳқонларнинг иродасини имтиҳондан ўтказди. Юзага келган шундай мураккаб шароитда ҳам, пахтакорларимиз, энг аввало, ишни тўғри ташкил этган ҳолда, тажрибада синалган усул ва интенсив технологияларни қўллаб, барча қийинчиликни мардонавор енгиб ўтишга муваффақ бўлганлари диққатга сазовордир. Бунда “Август ойи пахта ривожида, ҳосил тўплашда ҳал қилувчи фаслдир” шиори остида, мутахассислар тавсияларига асосан, ҳар бир агротехника тадбири обитобида ўтказилгани туфайли экин дуркун ўсиб, пировардида мағзи тўқ, саноатбоп пахта етиштирилди.
Қўлга киритилган муваффақиятларимизнинг энг муҳим ва ҳал қилувчи яна бир омили шуки, бу экин майдонларининг мелиоратив ҳолати тубдан яхшиланаётганидир. Яъни тегишли Давлат дастурига мувофиқ, охирги етти йил давомида мамлакатимиз бўйича 1 триллион 627 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, 2 миллион 45 минг гектар суғориладиган ернинг унумдорлиги оширилди. Натижада кейинги икки йилда пахтачилик ва ғаллачиликда ҳосилдорлик ўртача 2-5 центнерга ошди.
Республикамизда, шунингдек, пахта йиғим-терими мавсумига пухта ҳозирлик кўрилгани, жумладан, терим отрядлари ташкил этилиб, ишчиларнинг моддий манфаатдорлигига алоҳида эътибор қаратилгани ўз самарасини кўрсатди. Зотан, пахтачилигимиз тарихида ҳеч қачон бу йилдагидек ҳосил жуда қисқа муддатда, яъни 35-40 иш кунида сифатли йиғиб-териб олингани кузатилмаган. Бу, аввало, Яратганнинг бизга инъом қилган инояти, халқимиз фидойилиги, заҳматкаш деҳқоннинг пешона тери ва азму шижоатининг намунаси, жонажон Ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик-тотувликнинг яққол ифодасидир.
ўалвир сувдан кўтарилиб, қишлоқ хўжалиги мавсуми сарҳисоб қилинганда, айниқса, ғаллакорларимиз мисли кўрилмаган маррани забт этгани кўзга янада яққол ташланмоқда. Гап шундаки, бу йил ҳар гектар майдондан 53 центнердан сара дон йиғиштириб олинди. Ҳосилдорлик Андижон вилоятида 71 центнер, Бухоро вилоятида 60 центнер, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида 57 центнер, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида 56 центнер, Фарғона вилоятида 55 центнер, Тошкент вилоятида 52 центнерга етган бўлса, мазкур кўрсаткич айрим туманларда 60-77 центнердан ошгани, илғор фермер хўжаликларида эса 85-95, ҳатто 100 центнерни ташкил этгани ғаллачилигимиз тарихида ҳали учрамаган натижа сифатида баҳоланмоқда.
— Тасарруфимиздаги суғориладиган экин майдонининг муайян қисмига кузда уруғлик буғдой сепган эдик, — дейди Каттақўрғон туманидаги “Ҳосил” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Аваз Ҳосилов. — Майсаларни агротехника қоидалари асосида вақтида сифатли парваришлаганимиз туфайли давлат омборига 105 тонна ўрнига 126 тонна ғалла топшириб, шартномавий режани 120 фоиз бажардик.
Дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, жорий йилда ғаллачиликнинг ўзидан 92 миллион сўм миқдорида соф фойда олишни мўлжаллаб турибмиз. Бу — хўжалигимиз фаолияти янада кенгаяди, меҳнат қилаётган одамлар турмуши бугунгидан кўра фаровон бўлади, деганидир.
Қорадарё соҳилларида жойлашган хўжалигимиз ерлари илгари кучли шўрланган, тошлоқ, сизот сувлари эса юзага жуда яқин эди. Ҳосилдорлик ҳам шунга яраша бўлиб, гектар ҳисобига пахтачиликда 8-10, ғаллачиликда эса 12-14 центнерни ташкил этарди. Ана шундай мураккаб бир вазиятда, аниқроғи, 2007 йилнинг 29 октябрида Президентимизнинг “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиндики, бу биз, фермерлар учун айни муддао бўлди. Чунки ушбу ҳужжат талаблари ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган кенг кўламли ишлар туфайли суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати тубдан яхшиланди, узоқ йиллар мобайнида қўл тегмаган зовурлар тозаланиб, янгилари қазилди. Бунинг самараси ўлароқ, биргина бизнинг фермер хўжалигимизда кейинги етти йил ичида пахта ҳосилдорлиги 25,5, ғалла ҳосилдорлиги эса 38 центнерга ошди. Аниқроғи, эндиликда иккала экиндан мутаносиб равишда  50 ва  90 центнергача ҳосил йиғиштириб олаяпмиз.
Айтиш жоизки, жорий йилги мавсум деҳқону фермерларимизни яна бир бор синовдан ўтказди. Хусусан, март ойининг охирларида ҳароратнинг совиши, кутилмаганда қор, дўл ва жала ёғиши, айнан экин ривожланадиган паллада ҳавонинг кескин исиб кетиши жиддий муаммоларни келтириб чиқарди. Лекин шундай ноқулайликларга қарамасдан, кунни тунга улаб, фидокорона меҳнат эвазига кўзланган мақсад рўёбга чиқди.
Шу ўринда Ўзбекистон эндигина мустақилликка эришган 1991 йилда республикамизда жами 940 минг тонна ғалла етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик атиги 17 центнерни ташкил этганини эсласак, ўтган даврда қандай юксак довонни босиб ўтганимизни теранроқ ҳис қиламиз.
Масалан, шу йилнинг ўзида етиштирилган жами ҳосилнинг 57 фоиздан кўпроғи, яъни 4 миллион 210 минг тоннадан ортиғи фермер хўжаликлари ва аҳолининг ихтиёрида қолдирилгани деҳқонларнинг омбори донга, хонадонлари қут-баракага тўлаётгани, моддий манфаатдорлиги ортиб бораётганидан далолатдир.
— Бу йил  давлатга 136 тонна дон сотдик, — дейди Жондор туманидаги “Мурод Рустам” фермер хўжалиги раҳбари Истам Муродов. — Омборимизга эса 200 тоннадан зиёд ғалла тушди. Хўжалигимиз аъзоларининг ҳар бирига ўн тоннадан буғдой тарқатдик. Шу билан бирга, қишлоғимиздаги эҳтиёжманд оилаларга ҳам дон улашаяпмиз. Топганимиз тўйларга буюраётганини ҳамма кўриб турибди.
Дарҳақиқат, юксак ғалла хирмони, бу — халқимизнинг ризқ-насибаси. Турмуш фаровонлиги эса тўқчиликдан бошланади. Шу маънода, биз, фермерлар эл дастурхонини янада тўкин қилиш учун ўзимизни масъул, деб биламиз.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгаришлар чуқурлаштирилиб, бошоқли дон ва озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонлар кенгайтирилгани, ҳосилдорлиги оширилаётгани натижасида озиқ-овқат ва ғалла мустақиллиги йил сайин мустаҳкамланмоқда. Президентимизнинг 2008 йил 20 октябрдаги “Озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, айниқса, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу ҳужжатга биноан, сабзавот, полиз, картошка ва бошқа озуқа экинлари майдонлари кенгайтирилди. Пировардида буларнинг барчаси ҳатто жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози рўй берган йилларда ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигини камайтириш, уларнинг нархлари ошиб кетишининг олдини олишга пухта замин яратди. 
Юртимизда озиқ-овқат маҳсулотлари захиралари, айрим давлатлардагидек,  фақат экин майдонларини кенгайтириш ҳисобигагина эмас, аксинча, ҳосилдорликни ошириш орқали ҳам мустаҳкамланаётир. Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 11 январдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Сабаби унга кўра, 219 та ширкат хўжалиги негизида мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган 40 мингдан ортиқ фермер хўжалиги ташкил этилди. Ислоҳотларнинг кейинги босқичида, яъни 2008 — 2010 йилларда ушбу фермер хўжаликларининг ер майдонлари мақбуллаштирилиб, боғдорчилик ва узумчилик, сабзавот ва полизчилик тармоқларидаги фермер хўжаликлари эса сараланган ҳолда, йирик субъектлар сифатида шакллантирилди. Шу тариқа боғ-роғлар ҳақиқий соҳибкорлар қўлида файзу барака масканига айланди.
Дунёнинг айрим давлатларида аҳолини табиий, арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш долзарб муаммога айланиб бораётган ҳозирги мураккаб бир пайтда мамлакатимиз иқтисодиёти изчил тараққиётга эришаётгани, бозорларимизда йил давомида сархил мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари сероблиги ва арзонлиги таъминланаётгани, халқимиз фаровонлиги юксалиб бораётгани қалбимизни ғурур-ифтихорга тўлдирмоқда. Бу, шубҳасиз, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, унинг тармоқларида илғор ва тежамкор технологияларни жорий этиш, захира маҳсулотларини жамғариш, уларни тўғри ва сифатли сақлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани мевасидир. Натижада саноат корхоналари хом ашё билан узлуксиз таъминланиб, уларнинг экспорт салоҳияти юксалмоқда, энг асосийси, аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари тўрт фасл мобайнида сифати бузилмаган ҳолда, мақбул нархларда етказиб берилаяпти.
Улкан ғалаба келтирган шу қувончли айёмда ана шу жиҳатлар бот-бот эътироф этилмоқда. Буларнинг барчаси иқтисодий мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳаёт даражасини юксалтириш каби эзгу мақсадлар рўёбига қаратилганини ҳар бир юртдошимиз қалбдан ҳис қилаётир. Бу эса уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини тобора мустаҳкамлаб, янада ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишга ундаяпти.
Зеро, бундай дориламон юртда фидокорона меҳнат ўз амалий самарасини кўрсатиб, байрам байрамларга уланиши муқаррардир. 

Икром ЎТБОСАРОВ,
Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+