Замонавий корпоратив бошқарув тизими акциядорлик жамиятлари фаолиятида муҳим аҳамият касб этади
  • 09 Июль 2015

Замонавий корпоратив бошқарув тизими акциядорлик жамиятлари фаолиятида муҳим аҳамият касб этади

Хусусий мулкни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт тармоқларига хорижий сармояларни кенг жалб этиш, корхоналарнинг самарали фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Шу боис бу борадаги ишларга алоҳида эътибор қаратилиб, тегишли ҳуқуқий база яратилмоқда. Президентимиз томонидан  шу йил 24 апрелда қабул қилинган “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ана шундай муҳим ҳужжатлардан биридир. 

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Корпоратив бошқарувни  такомиллаштириш ва иккиламчи фонд бозорини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Обиджон ҚУДРАТОВ билан суҳбатлашдик.

— Бугунги кунда юртимизда инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар кўлами ниҳоятда кенг. Уларни жадаллаштиришда қўмита томонидан қандай амалий ишлар олиб борилмоқда? Натижалар нималарда намоён бўлаяпти?
— Маълумки, Президентимиз 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган Ўзбeкистoн Рeспубликaси Oлий Maжлиси Қoнунчилик пaлaтaси вa Сeнaтининг қўшмa мaжлисидaги мaърузaсида “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунни танқидий кўриб чиқиш ҳақида фикр билдираркан, “Мисол учун, мaмлaкaтимиздaги дeярли бaрчa ишлaб чиқaриш oбъeктлaри aкциядoрлик кoмпaниялaри принципи бўйичa тaшкил этилгaн, aммo улaр ўз мaқoмигa қaй дaрaжaдa мoс ҳoлдa фaoлият юритмoқдa вa ўз ҳуқуқлaридaн қaндaй фoйдaлaнмoқдa, дeгaн сaвoлни ўзимизгa бeриб кўрaйлик. Aкциядoрлик кoмпaниялaри ўзлaрининг бoзoр мунoсaбaтлaригa мoс мaқoмигa мувoфиқ фaoлият юритиши учун янa қaндaй мexaнизмлaрни ҳaрaкaтгa кeлтириш зaрур?” дея таъкидлаган эди.  Шундан келиб чиқиб, соҳа мутахассислари ушбу йўналишдаги ишларга янгича ёндашиб, амалий ҳаракатни бошлаб юбордилар. Бунинг самараси ўлароқ, 2014 йилнинг 6 майида парламентимиз томонидан янги таҳрирдаги “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Бунда қўмитамиз вакиллари ҳам фаол иштирок этиб, ўзларининг фикр ва таклифларини беришди.
Таъкидлаш керакки, Қонунда кoрпoрaтив бoшқaрув вa нaзoрaт oргaнлaрининг вaкoлaтлaри, ҳуқуқлaри ҳамда жaвoбгaрлиги янaдa aниқ бeлгилaниб, жaмиятлaрнинг Кузатув кенгаши, умумий йиғилишлaри, тaфтиш кoмиссиялaрининг рoли ҳамда aҳaмиятини oшириш, минoритaр, яъни қўлидa aкцияси кaм бўлгaн aкциядoрлaрнинг кaфoлaтлaрини кўпрoқ тaъминлaш, бaрчa aкциядoрлaр,  бўлaжaк инвeстoрлaрнинг aкциядoрлик кoмпaниялaри фaoлияти тўғрисидa axбoрoт oлиш имкoниятлaрини кeнгaйтириш, акциядорлар умумий йиғилишини ўтказишни соддалаштириш сингари вазифалар қамраб олинди.
2014 йил 2 июлда Вазирлар Маҳкамасининг “Акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 20 августда эса “Қимматли қоғозларни муомалага киритиш квоталари ва тартиби  тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорлари қабул қилингани ҳам айни муддао бўлди. Гап шундаки, буларнинг барчаси эндиликда акциядорлик жамиятларининг фаолиятини яхшилаш, акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иш жараёнида ошкораликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

— Албатта, бу борадаги ишларни ривожлантиришда Президентимизнинг Фармони қўшимча имкониятларни юзага чиқариши турган гап. Шу ўринда унинг аҳамияти хусусида батафсил тўхталиб ўтсангиз.
— Дарҳақиқат, юртимизда кечаётган хусусийлаштириш жараёнида, шу жумладан, акциядорлик жамиятларини қўллаб-қувватлашда ушбу Фармон жуда муҳим ўрин тутади. Негаки, унда, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан ошириш, бўлажак инвесторлар учун уларнинг очиқлиги ва жозибадорлигини таъминлаш, замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий қилиш, корхоналарни стратегик бошқаришда акциядорлар ролини кучайтириш  каби кўплаб вазифалар белгилаб қўйилган. Бунда халқаро тажрибани чуқур таҳлил қилиш, акциядорлик жамиятларига хорижий сармоядорларни кенг жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, эски бошқарув ўрнига замонавий халқаро стандартлар ва бозор иқтисодиёти талабларига мос янги бошқарув тузилмаларини ташкил қилиш, бошқарув ходимларининг фаолияти назоратини таъминлашда акциядорлар, хусусан, миноритар акциядорлар ролини кучайтириш, ходимлар малакасини оширишга устуворлик берилгани диққатга сазовордир.
Фармонда, шунингдек, етакчи хорижий компанияларда бошқарувни ташкил этиш тизимини чуқур ўрганиш асосида ишлаб чиқилган акциядорлик жамиятининг намунавий ташкилий тузилмаси маъқулланиб, акциядорлик жамиятларининг ташкилий тузилмасини унга мувофиқлаштириш белгиланган.
Шу билан бирга, ҳозирги кунда долзарб масалалардан бири — “Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчи касблари классификатори”га ҳам мазкур намунавий тузилмадан келиб чиққан ҳолда, зарур ўзгартишлар киритиш, акциядорлик жамиятларини бошқарувчи лавозимларига янгича фикрлайдиган юқори малакали кадрларни қўйиш ҳамда хорижий менежерларни жалб этиш чораларини кўриш топширилгани эътиборга лойиқдир.
Бу борадаги ишлар аллақачон бошлаб юборилган. Ҳозирги кунда республика ва ҳудудий аттестация комиссиялари таркиби тузилиб, раҳбарлари аттестациядан ўтказилиши белгиланган акциядорлик жамиятлари рўйхати, аттестациядан ўтказиш графиги, аттестация саволномаси, аттестацияни ўтказиш тартиби тасдиқлангани ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Фармондаги яна бир янгилик — бу жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб акциядорлик жамияти ижро органининг раҳбарини тайинлаш тўғрисидаги қарорни хорижий менежерлар ҳам иштирок этиши мумкин бўлган танлов асосида қабул қилиш, акциядорлар, жумладан, миноритар акциядорлар хўжалик судига уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилгани ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилган тақдирда, уларга давлат божини тўлаш муддати узайтирилди. Тўланадиган бож эса айбдор томонидан ундириладиган бўлди. Ваҳолонки, шу пайтгача бундай тартиб амалиётда йўқ эди.
Бундан ташқари, Фармонга кўра, Корпоратив бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳам ишлаб чиқилди. Ушбу чора-тадбирлар дастури халқаро тажрибаларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш, акциядорлик жамиятларига хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулайликлар яратиш, корпоратив бошқарув соҳасида илғор ахборот технологияларини қўллаш, қимматли қоғозлар бозорини, айниқса, иккиламчи бозорни ривожлантириш сингари еттита бўлимдан иборат.

— Фармон асосида акциядорлик жамиятларида бошқарув услубларининг жорий этилиши туфайли уларнинг фаолиятида қандай ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда?
— Аввало, жамиятларда бошқарувнинг  замонавий услубларини қўллаш уларда бутунлай янги тузилмани ташкил этиш, акциядорлар, шу жумладан, миноритар акциядорларнинг акциядорлик жамиятини бошқаришдаги ролини  ошириш имконини беради. Қолаверса, акциядорлик жамиятларига хорижий менежерларни жалб қилишга йўл очилдики, бу, ўз навбатида, иқтисодиёт тармоқларига тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини кенг жалб этиш баробарида, жамиятларни модернизация қилиш орқали юқори самарадорликка эришишга кўмаклашади. Аниқроғи, пировардида корхоналар  бозордаги талаб-таклифдан келиб чиққан ҳолда, янгича қарашлар асосида фаолият олиб боради. Муаммоларни тезкор ҳал этиб, янги рақобатбардош инвестицион лойиҳаларни рўёбга чиқариш ва қўшимча акция ҳамда қимматли қоғозларни муомалага чиқаришдан даромад топишга ҳаракат қилади.
— Фармонда акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш комиссияси зиммасига кўплаб вазифалар юклатилган. Шулардан бири — ташкил этилиши режалаштирилган Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказининг юмушлари нималардан иборат бўлади?
— Олий бизнес мактаби негизида Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази ташкил этилишининг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Масалан, бизга маълумки, кўплаб акциядорлик жамиятларининг раҳбарлари, Кузатув кенгаши аъзолари ва давлат томонидан тайинланган ишончли вакиллар корпоратив бошқарув соҳасида муҳим кўникмага эга эмас. Қолаверса, ҳозирги кунда бу соҳада профессионал мутахассислар ҳам жуда кам. Шунга мувофиқ, ушбу Марказ зиммасига Германия ва бошқа иқтисодий ривожланган давлатларнинг етакчи таълим муассасаларини жалб этган ҳолда, корпоратив бошқарувнинг ташкилий шаклларини жорий қилишни методик таъминлаш, етук кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, соҳага инновацион ғояларни татбиқ этиш, корпоратив бошқарув йўналиши бўйича изланишлар олиб бориш каби кўплаб вазифалар юклатилган.

— Ушбу йўналишдаги ишларни бажаришда хорижий давлатлар тажрибаларини, хусусан, Германия амалиётини ўрганишга алоҳида урғу берилаяпти. Бунинг сабаби нимада?
— Бу, биринчи навбатда, мамлакатимиз корпоратив бошқарув тизими Германия моделига ўхшашлиги билан изоҳланади. Қолаверса, Германия — бозор иқтисодиёти шароитида корхоналарни бошқариш бўйича кўп йиллик тажрибага эга мамлакат. Яъни ушбу давлатда дастлабки акциядорлик жамияти XIX аср ўрталаридаёқ пайдо бўлган.
Шунинг учун 2009 йилда Давлат мулки қўмитаси ва Германия Федератив Республикасининг Молия вазирлиги ўртасида хусусийлаштириш ва давлат мулкини бошқариш соҳасида ушбу жараёнга илғор ташкилотларни жалб этган ҳолда, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди. Президентимизнинг Фармони эса бу борадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, ҳозирги кунда унинг ижроси доирасида Германиянинг “Индекон” консалтинг компанияси иштирокида Корпоратив бошқарув кодекси ишлаб чиқилмоқда. Ушбу кодексда республикамизнинг корпоратив бошқарув тизимини халқаро тажрибага мослаштириш мақсадида узоқ муддатли ривожланиш стратегияси, ички назорат тизимлари ва ижро органининг акциядорлар ҳамда инвесторлар билан ўзаро ҳамкорлик тартиб-таомиллари,  халқаро стандартлар асосида аудит ва молиявий ҳисоботларни нашр қилиш каби кўплаб йўналишлар ўз аксини топади.
Бу, шубҳасиз, келгусида юртимизда акциядорлик жамиятлари имкониятларини ошириш билан бирга, иқтисодиётимизнинг бундан-да  барқарор ривожланишига хизмат қилади.

«Халқ сўзи» мухбири
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ
суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn